Жаҳон | 20:31 / 22.08.2025
3355
6 дақиқада ўқилади

Ғазо шаҳрида расман очарчилик бошланди ва бу кенгайиб боради — IPC ҳисоботи

БМТ қўлловидаги IPC кузатув гуруҳининг маълум қилишича, Ғазода 514 минг фаластинлик очарчиликдан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич сентябр охирига бориб 641 минг кишига етиши кутилмоқда. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ғазодаги очарчиликни — Исроил ҳукумати ҳаракатларининг натижаси ва уруш жинояти деб атади.

Ғазо шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда расмий равишда очарчилик бошлангани аниқланди ва бу ҳолат кенгайиб бориши кутилмоқда. Бу хулосани (pdf) 22 август куни БМТ билан ҳамкорликда ишловчи Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларини интеграллашган таснифи (Integrated Food Security Phase Classification) IPC ташкилоти эълон қилди. Мазкур баҳо секторга кўпроқ ёрдам киришига рухсат бериш учун Исроилга босимини кучайтириши кутилмоқда.

IPC маълумотига кўра, 514 минг киши, яъни Ғазодаги фаластинликларнинг чорак қисми очарчиликдан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич сентябр охирига бориб 641 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Уларнинг 280 минг нафари Ғазо шаҳри ҳудудини қамраб олувчи шимолий қисмда жойлашган. IPC ушбу ҳудудни Исроил билан Ҳамаснинг қарийб икки йиллик уруши ортидан «очарчилик ҳолатида» деб таснифлади.

IPC стандартига кўра, Ғазо шаҳри «асосли далиллар билан очарчиликнинг 5-даражасида» турибди / Фото: IPC харитаси

Reuters нашрининг ёзишича, бу IPC томонидан Африкадан ташқарида илк бор очарчилик қайд этилиши бўлди. Ташкилот очарчилик шароитлари келгуси ой охирига бориб марказий ва жанубий ҳудудлардаги Дейр ал-Балаҳ ҳамда Хон-Юнусга ҳам тарқалишини прогноз қилмоқда. Шунингдек, IPC шимолий ҳудудларда вазият Ғазо шаҳридагидан ҳам оғирроқ бўлиши мумкинлигини айтди, бироқ етарли маълумот йўқлиги туфайли аниқ тасниф бера олмади.

IPC жума куни эълон қилинган таҳлилида фақат Ғазо, Дейр ал-Балаҳ ва Хон Юнус ҳудудларини қамраб олганини маълум қилди. Жанубий Рафаҳ эса деярли аҳоли яшамагани боис ҳисобга олинмади.

Исроил бу ҳисоботни тарафкаш деб рад этди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги IPC тадқиқоти асосан Ҳамас тақдим этган қисман маълумотларга асосланганини, яқин орада киритилган озиқ-овқат юклари ҳисобга олинмаганини айтмоқда.

«Ғазода ҳеч қандай очарчилик йўқ», – дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Фото: Reuters

Ҳудуд очарчилик сифатида таснифланиши учун — аҳолининг камида 20 фоизи ўта кескин озиқ-овқат танқислигидан азият чекиши, ҳар уч бола ичидан бири оғир даражада тўйиб овқатланмаслиги ва ҳар куни ҳар 10 минг кишидан камида икки нафари очлик ёки овқатланиш етишмовчилиги ҳамда касалликлардан вафот этиши керак.

IPC илгари очарчиликни фақат Сомали, Жанубий Судан ва Суданда қайд этган. Ҳали «очарчилик» тўлиқ мезонларига тўғри келмаса ҳам, IPC айрим уй хўжаликлари очлик, ночорлик ва ўлим ҳолатида яшаётганини қайд этиши мумкин.

Халқаро танқидлар

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазодаги очарчиликни «инсон қўли билан яратилган фалокат, ахлоқий айблов ва инсониятнинг ўз вазифасини бажармагани» деб атади. У зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, Ҳамас қўлида қолаётган барча гаровдагиларни озод қилишга ва ҳуманитар ёрдамга тўсиқсиз кириш имконини таъминлашга чақирди.

«Одамлар очликдан ўляпти. Болалар ҳалок бўляпти. Ҳаракат қилиши керак бўлганлар эса буни бажармаяпти... Бу вазиятнинг жазосиз давом этишига йўл қўя олмаймиз», – деди Гутерриш.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк эса Ғазодаги очарчилик Исроил ҳукумати ҳаракатлари натижаси эканини таъкидлади ва очликдан ўлим уруш жиноятига тенглашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Фото: Reuters

«Бу Ғазо тарихидаги энг ёмон, энг оғир босқич – фақатгина ушбу урушда эмас, балки бутун тарихда. Биз жуда мураккаб вазиятдамиз. Ўзимизни жуда чарчаган, жуда ҳолдан тойган ва бемор ҳис қиляпмиз. Биз озиқ-овқат олишимиз шарт, акс ҳолда нима бўлишини тасаввур ҳам қила олмаймиз», дея Ғазо ННТлари тармоғи директори Амжад Шаванинг сўзларини келтирмоқда The Guardian нашри.

Британия, Канада, Австралия ва кўплаб Европа давлатлари ҳам инқироз «тасаввур қилиб бўлмайдиган даражага етди», дея баён қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ўтган ой Ғазода кўплаб одамлар очликдан азият чекаётганини айтганди. Бу фикр уни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан вақтинча қарама-қарши қўйган. Нетаняҳу очлик йўқлигини таъкидлаб, озиқ-овқат танқислигида Ҳамасни айблаб келмоқда.

Уруш қуролига айланган «ёрдам»

Исроил айни вақтда барча Ғазога кириш нуқталарини назорат қилади. БМТ эса узоқ вақтдан бери ёрдам Ғазога кириши ва уруш ҳудуди бўйлаб тарқатилишида тўсиқлар мавжудлигидан шикоят қилиб келади. Бунда Исроил ва тартибсизликларни айблайди. Исроил эса ўз навбатида, Ҳамасни ёрдамни ўғирлаётганликда айблайди. Ҳамас бу айбловни рад этади.

Фото: Anadolu

Бу ҳафтаReuters/Ipsos биргаликда эълон қилган сўровда америкаликларнинг 65 фоизи АҚШ Ғазодаги очликдан азият чекаётганларга ёрдам бериши керак, деб ҳисоблашини билдирган.

Исроил узоқ йиллардан бери ўзининг энг кучли иттифоқчиси АҚШга ҳарбий ёрдам ва дипломатик қўллаб-қувватлашда таяниб келади. АҚШ жамоатчилиги орасида қўллаб-қувватлашнинг пасайиши Исроил учун ташвишли белгидир. Чунки у нафақат Ғазодаги Ҳамас билан, балки минтақадаги асосий рақиби – Эрон билан ҳам ҳал қилинмаган можароларга дуч келмоқда.

Маълумот учун, Исроил армияси 20 август куни Ғазо шаҳрини тўлиқ эгаллаш ва Ҳамасни бутунлай йўқ қилиш мақсадида янги уруш бошлади. Айни шу кунларда эса Нетаняҳу Ҳамас қабул қилган сулҳни «кўриб чиқаётгани» ва музокаралар столига қайтишини билдирди.

Фото: AFP

Геноцид айбловлари ва халқаро танқидлар Нетаняҳу ҳукуматининг қарашларига таъсир қилмаяпти. Шу кунга қадар Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода 62 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уларнинг 20 мингга яқини болалар.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мавзуга оид