Ўзбекистон | 13:12 / 18.05.2026
7152
6 дақиқада ўқилади

 “Дружба”да ёнган Zeekr воқеаси: суд автомобил эгаси фойдасига 450 млн сўм ундиришни белгилади

2025 йил апрел ойида Тошкент марказида Zeekr 001 автомобили зарядлаш пайтида ёниб кетганди. Суд ёнғинга машинани таъмирлатишда йўл қўйилган хатолик сабаб бўлган деб топди ва жавобгар “E-GO MOTORS” МЧЖдан даъвогар Мирзаев Ҳотамбек фойдасига жами 450 млн сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилди. Суд қарори ҳали кучга кирмаган, тарафларга шикоят киритиш тартиби тушунтирилган.

Ўтган йилнинг апрел ойида Тошкент марказида қимматбаҳо Zeekr 001 автомобили ёниб кетганди. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганганди. Маълум бўлишича, бу ҳолат – электромобил ҳайдовчилари ва сервис мутахассислари эҳтиёт бўлиши лозим бўлган бир нуқтани юзага чиқаради.

Воқеа хронологияси

Иш ҳужжатларида кўрсатилишича, 10 апрел куни тунги 01:44 да Ҳотамбек Мирзаев ўзига тегишли Zeekr 001 автомобилини қувватлаш учун “Халқлар дўстлиги” санъат саройининг ёнидаги автотураргоҳда жойлашган Tok Bor брендига тегишли станцияга келади. 01:46 да зарядлаш учун старт тугмаси босилади. Бу пайтда электромобилнинг қуввати 7 фоиз бўлган. Мирзаев машинасини қолдириб, уйига кетади. Соат 03:51 да станция электромобилга қувват беришни тўхтатади ва сессия якунланади. Ўша пайтда машинадан тутун чиқиши ёки носозлик аломатлари кузатилмаган.

Орадан 3 соатга яқин вақт ўтгач, 7:30 лар атрофида электромобилнинг олд қисмидан тутун чиқиши кузатилган ва машина ёна бошлайди. Бахтсиз ҳодисани кўрган атрофдаги одамлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хабар беради.

2 ой олдинги таъмирлаш

Бу кейснинг муҳим жиҳатларидан бири – машинани таъмирлатиш билан боғлиқ. 2025 йил 25 январ куни Zeekr'нинг эгаси Ҳотамбек Мирзаев автомобилини “EGO-Motors” МЧЖга тегишли “Voyah Service Center”га олиб боради. Бунга автомобилнинг қуввати 50 фоиздан пасайганда бирданига 0 фоизга тушиб кетаётгани сабаб бўлади.

Автомобиль батарейкасини диагностика қилганимизда ҳайдовчи ўриндиғининг тагидаги бир ҳужраси 3,73 v'га тушиб кетгани, қолган ҳужралар 4 v эканини кўрдик. 7 феврал куни батерейкадаги дисбаланс бўлган 3,73 ҳужрани 4 v'га баланс қилиб, 9 феврал кунигача 2 кун текшириб тест қилдик. Машина тахминан 17:50 ларда эгасига тақдим этилди”, дейилади хизмат кўрсатиш марказининг расмий изоҳида.

Сервис марказининг изоҳида айтилишича, марказ ходимлари Zeekr'нинг бу ҳолатга келишига доимий равишда Fast DC charger, яъни юқори қувватдаги зарядлаш мосламаларидан фойдаланиш сабаб бўлганини Ҳотамбек Мирзаевга тушунтиришган; бундан кейин машинани 7 kW AC ўзгарувчан секин зарядлаш станциясида қувватлаш кераклигини айтиб, огоҳлантиришган.

Экспертиза хулосаси

 

2025 йил 12 август куни жабрланувчи Ҳотамбек Мирзаев Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказига мурожаат қилади. Унинг аризасига мувофиқ, эксперт ишни “Тақдим қилинган электр ўтказгичларда қисқа туташув аломатлари мавжудми?” ҳамда “Ушбу ёнғиннинг келиб чиқишига автомобилнинг литий-ион батареяси ячейкаларини алмаштиришнинг алоқаси бўлганми?” деган саволлар юзасидан кўриб чиқади.

Эксперт хулосасига кўра, ёнғин содир бўлган автомобилдан олинган электр ўтказгичларда қисқа туташувга хос аломатлар топилмаган. Чилонзор ТЭТК бошлиғининг маълумотномасида ҳам 2025 йилнинг 10 апрел куни соат 00:00 дан 08:00 гача ёнғин содир бўлган ҳудуддаги трансформатор пунктларида авариявий ҳолатлар, тармоқда кучланиш ортиб кетиши кузатилмагани келтирилган.

Автомобил 2022 йил 14 июн куни ишлаб чиқарилгани, ёнғин содир бўлгунга қадар қарийб 3 йил фойдаланилгани ҳисобга олиниб, бахтсиз ҳодисанинг юз беришида ишлаб чиқаришдаги нуқсонларнинг алоқаси йўқлиги қайд этилган. Бундан ташқари, Zeekr'нинг қўлланмасида электромобилни Fast DC charger'да зарядлашга тақиқ қўйилмаган.

Ҳар қандай литий-ион батареяда профессионал мослаштириш талаб килинади: ячейкаларнинг ички қаршилиги, ёши ва салоҳияти тенглаштирилган бўлиши керак. Қисман алмаштириш кўплаб ишлаб чиқарувчиларнинг тавсияларига зид. Шунинг учун қайта йиғишда тўлиқ диагностика ва BMC (батареяни бошқариш тизими) калибровка амалга ошмаган бўлиши мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёнғин литий-ион батареяни қисман алмаштириш ва дисбалансни тўлиқ бартараф қилмаслик натижасида келиб чиққан”, дейилади экспертиза хулосасида.

Суд қарори

2026 йилнинг 8 май куни мазкур иш Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судида кўриб чиқилди. Суд ҳужжатига кўра, бирламчи экспертиза хулосасида ноаниқликлар мавжудлиги ҳисобга олиниб, қайта комплекс экспертиза тайинланади. 2026 йил 3 апрелдаги қайта экспертиза хулосаси қуйидагича бўлган: “Ушбу давлат рақами 01H711NB, кузов рақами L6T79T2E1NP025052, ранги қора бўлган, “ZEEKR 001BWE 4 WD” русумли автотранспорт воситасида содир бўлган ёнғинга автомобил ишлаб чиқаришдаги корхонанинг алоқаси бўлмаган, балки ушбу ёнғин аккумулятор батареясида таъмирлашдан кейин ячейкаларнинг ички қаршилик ва сиғим бўйича номутаносиблиги сақланиб қолгани сабабли юзага келган маҳаллий қизиш (I²R йўқотишлар) ва ички қисқа туташув натижасида ривожланган термик тарқалиш жараёни оқибатида келиб чиққан”.

Суд даъвогар Мирзаев Ҳотамбек Кудратбек ўғлининг жавобгарлар “E-GO MOTORS” МЧЖ ва Джалилов Рихсивайжон Ахмаджановичга нисбатан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризасини қисман қаноатлантирди. Жавобгар “E-GO MOTORS” МЧЖдан даъвогар Мирзаев Ҳотамбек Кудратбек ўғлининг фойдасига 391 млн 753 минг сўм етказилган зарар, вакил ёрдами учун 20 млн сўм харажатлар, экспертиза учун 13 млн 663 минг сўм харажатлар, 25 млн сўм маънавий зарар учун конпенсация ва 41 минг сўм почта харажатлари ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Суд қарори ҳали кучга кирмаган, тарафларга шикоят киритиш тартиби тушунтирилган. 

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид