Ўзбекистон | 20:58 / 22.10.2025
9783
15 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россиядан АЭС “сотиб олмоқчи”. Бу ўзини оқлайдими?

Ўзбекистонда АЭС қуриш иқтисодий жиҳатдан қанчалик самарали эканига аниқ баҳо бериш қийин. Масаланинг молиявий томонлари эълон қилинмаган: станцияларнинг умумий қиймати қанча бўлади, ишлаб чиқарилган электр энергия қандай нархда сотиб олинади, номаълум. Kun.uz Жиззахдаги АЭС лойиҳасининг 2017-2025 йиллардаги эврилишлари ва бу лойиҳа ортидаги эҳтимолий хатарларга эътибор қаратади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Россиянинг “Росатом” компанияси Ўзбекистонда АЭС қурмоқчи. Бир неча кун олдин қурилиш ишларига расман старт берилган лойиҳа, иқтисодий жиҳатдан қанчалик самарали эканига аниқ баҳо бериш қийин. Масаланинг молиявий томонлари эълон қилингани йўқ: станцияларнинг умумий қиймати қанча бўлади, ишлаб чиқарилган электр энергия қандай нархда сотиб олинади, номаълум. Бир неча марта ўзгаришларга учраган лойиҳанинг ҳали бош шартномаси тузилмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг энергетика секторига АЭСнинг кириб келиши мамлакатни узоқ муддатга Москванинг технологик “орбитаси”га боғлаб қўяди ва энергетик мустақилликка путур етказади. Бу жуда ҳам хавотирли жиҳат.

Ушбу мақоламизда АЭС лойиҳасининг 2017-2025 йиллардаги эврилишлари ва бу лойиҳа ортидан юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий, сиёсий ва экологик муаммоларга эътибор қаратамиз.

АЭС қуриш хронологияси

Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш ҳақидаги гап-сўзлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу масала 2017 йилдан бери турли давраларда муҳокама қилиб келинади. Хусусан, 2018 йилнинг июл ойида Россиянинг “Росатом” компанияси билан ҳамкорликда ҳар бири 1200 мегаватт қувватга эга 2 та энергоблокдан иборат АЭС қуриш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди. Ўшанда станцияни 2028 йилгача фойдаланишга топшириш кўзда тутилганди.

2018 йилнинг октябр ойида АЭС учун Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл сув омбори ҳудуди танлаб олингани ҳақида хабарлар чиқди. Бир муддат ўтиб, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасининг тахминий қиймати 11 млрд долларга баҳоланаётганини маълум қилди. “Ўзатом” лойиҳа тўлиқ ишга туширилса, мамлакат энергия эҳтиёжларининг 15 фоизгача қисмини қоплашини айтганди.

2020-2023 йиллар оралиғида пандемия ва Украинадаги уруш фонида Ўзбекистонда АЭС қуриш масаласи фаол кун тартибида бўлмади. 2024 йилга келиб, бу мавзу яна музокара столига қўйилди. Жиззахдаги танланган майдонда 6 реакторли қуввати 330 мегаваттлик кам қувватли станция қуриш бўйича битим имзоланди. Ўзбекистон томони, хусусан, “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев лойиҳанинг қиймати 2 млрд доллардан ошмаслигига ваъда ҳам берди.

Кейинчалик, лойиҳа конфигурацияси яна ўзгарди: кичик станция қуввати 330 MW эмас, 110 MW бўладиган бўлди. Яъни АЭСда ҳар бири 55 MW қувват берадиган олтита эмас, иккита РИТМ-200Н реакторлари бўлади.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг ёзида катта АЭС масаласида ҳам битим имзоланди. Келишув кичик станциянинг ёнида анъанавий ўлчамдаги катта АЭСни ҳам қуришни кўзда тутади. Катта станция ҳар бири 1 GW қувватли иккита энергоблокни ўз ичига олади, энергия блоклари сонини кейинчалик тўрттага ошириш имконияти назарда тутилади.

Шу тариқа, Жиззах вилоятида Россия томонидан ҳам кам қувватли, ҳам анъанавий катта қувватли атом электр станциялари қуриладиган бўляпти. Бу – Ўзбекистонни икки хил станция лойиҳасини битта майдонга жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатга айлантиради. Интеграциялашган АЭСлар мажмуасининг умумий қуввати 2,1 GW бўлиши кўзда тутилган.

Қарийб 525 гектарлик майдондаги қўшма станция 2035 йилга бориб йилига 15,2 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу – Ўзбекистондаги бугунги кундаги умумий истеъмолнинг қарийб 15 фоизига тенг, дея маълум қилган бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев.

Иқтисодий хатарлар

Биринчи навбатда атом энергияси бўйича қарор иқтисодий жиҳатдан қанчалик мувофиқ ёки номувофиқлигини аниқлаштириб олишимиз керак. “Руслар қурадиган АЭС ўзбек халқига неча пулга тушади?” деган савол ҳамон очиқ қоляпти. Бу саволга “Ўзатом” раҳбари Азим Аҳмадхўжаев ҳам, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам аниқлик киритмаган. Лойиҳа қиймати кейинги йил имзоланадиган бош битимда белгиланиши кутилмоқда.

Аммо айтиш мумкинки, якуний нарх ҳали аниқ бўлмай туриб, бўлажак станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг таннархи ошиб бўлган. Гап шундаки, Азим Аҳмадхўжаев 330 MW'лик кичик АЭС қиймати 2 млрд доллардан ошмаслигига ваъда берганидан 7 ой ўтар-ўтмас, қуввати 110 MW'гача камайтирилган станциянинг қиймати 1 млрд доллардан ошмаслиги ҳақида баёнот берилди. Қувват 3 баробарга пасайган пайтда, нарх бор-йўғи 2 баробарга пасайиши мумкинлиги – лойиҳанинг қимматлашгани эҳтимолига ишора қилади.

Ядро энергетикаси лойиҳалари ниҳоятда катта сармояларни талаб қилади. Бу миқдор Ўзбекистон сингари ривожланаётган мамлакат учун катта юк ҳисобланиб, ўнлаб йиллар давомида давлат бюджети зиммасида бўлади. Шундоқ ҳам охирги йилларда ташқи қарз олиш кескин ошиб, ҳукумат ўзи ўрнатган чегарага амал қилмай келяпти.

Қайд этиш керак, бир неча йил олдин Россия томони АЭС учун қарз беришга ҳам тайёрлигини билдирган бўлса, сўнгги вақтларда Ўзбекистон расмийлари бу лойиҳа учун Россия маблағлари жалб этилмаслигини айтмоқда. Расмий Тошкент АЭСни молиялаштиришни сўраб, бошқа халқаро ҳамкорларга юзланмоқда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов “Росатом” Туркияда қураётган “Аккую” АЭС мисолида станциянинг нархидан ҳам муҳимроқ шартлари борлиги ҳақида шундай ёзади:

Станцияни ким бошқариши, қандай нархда электр энергия сотилиши – жуда муҳим. Туркияда Россия тўлиқлигича ўз ҳисобидан қурилиш қилиб, энергиянинг бир 1 киловатт соати учун 12,5 центлик битим қилган. Бизда агар худди шу шартлар берилса, олишимиз керакми, деган ўринли савол бор. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бундан арзонроқ генерация манбалари бор бўлса, қимматроқ атом энергетикаси қанчалик зарур? Биласиз, агар Ўзбекистон 12,5 центдан сотиб олса, бу 1500 сўмдан кўп, ҳозирги сотилиш нархидан ҳам анча баланд. Аввалроқ ҳукумат бошқа манбалардан генерация 1000 сўм атрофида деяётганди. Агар айнан шундай бўлса, АЭС иқтисодий маънода бизга пулни иқтисод қиладими, йўқми?”

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, АЭС қуриб, уни эксплуатация қилиш жараёнини тўлиқ қамраб олган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш таннархи бошқа манбаларга нисбатан анча қимматлашади. Жумладан, Россиянинг Беларус ва Бангладешдаги лойиҳаларидан келиб чиқадиган бўлсак, 2 гигаваттлик катта АЭС учун қурилиш қиймати ўртача 10–12 млрд доллар атрофида бўлади. Бу кўрсаткич қуёш ёки шамол электр станцияларидан 3–5 баравар қиммат. Атом станцияни қуриш одатда 10 йилгача давом этади. Бу вақт мобайнида фоиз тўловлари, турли кечикишлар ва бошқа омиллар ҳисобига таннарх янада катталашиши мумкин.

Энг катта иқтисодий хатарлардан яна бири – АЭСни эксплуатациядан чиқариш билан боғлиқ. Станциянинг фаолият муддати 40-60 йил атрофида бўлиб, уни хавфсиз тарзда ёпиш ва радиоактив чиқиндиларни зарарсизлантириш учун яна улкан маблағ талаб этилади. Станцияни ёпиш қиймати уни қуриш нархининг 10-15 фоизигача бориши мумкин.

Сиёсий хатарлар

Ядро реакторлари ва АЭС инфратузилмасини қуриш, ундан кейин уни бошқариш ҳамда ёнилғи билан таъминлаш ишлари йиллар давомида танланган хорижий ҳамкор зиммасида бўлади. Ўзбекистон мисолида бу – Россиянинг “Росатом” корпорацияси бўлиб, икки давлат ўртасида тузилган узоқ муддатли битимлар доирасида “Росатом” нафақат АЭСни қуради, балки кейинчалик уни ишга туширишда, кадрлар тайёрлашда, ёнилғи етказиб беришда ҳам иштирок этади. Натижада, мамлакат энергетика тизимининг бир қисми ташқи давлатга технологик ва ресурс жиҳатдан боғланиб қолади. Бу эса энергетик мустақилликка путур етказади.

Бу ўринда, Россияга энергетик қарамликнинг оқибатларини Европа бир неча йилдан бери ҳис қилаётганини унутмаслик лозим. Шундай экан, энергоресурсларни босим воситаси деб кўриши Европа мисолида аллақачон ўз исботини топган мамлакатга Ўзбекистоннинг ядро энергетикасидек нозик соҳасига эксклюзив кириш ҳуқуқини бериш – геосиёсий хатарларни кучайтиради.

Бундан ташқари, бугун Ўзбекистон инфратузилмани модернизация қилишда Ғарбнинг молиявий ва технологик кўмагига ҳам таянмоқда. АЭС лойиҳаси эса, бу йўналишда чигалликларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Германиянинг Siemens компанияси Туркияда қурилаётган “Аккую” АЭСга ускуналар етказиб беришни тўхтатиб қўйди. Бу эса икки томонлама келишмовчиликларни келтириб чиқарди. Ўзбекистонга энергетик технологиялар сотаётган Air Products ёки Siemens ўз маҳсулотларининг “Росатом”га тушиб қолишидан хавфсираб, ҳамкорликни чеклаб қўйиши эҳтимолдан холи эмас.

Экологик хатарлар

АЭС лойиҳаси билан боғлиқ энг жиддий экологик хавфлардан бири – мавжуд сув ресурсларига юкламанинг ортиб кетиши. Ядро реакторларини совитиш учун катта ҳажмдаги сувдан фойдаланилади. Қурилиши бошланаётган АЭС Жиззах вилоятидаги кичик ҳажмли, суви шўр Тузкон кўли яқинида жойлашган. Мутахассисларнинг фикрича, Тузкон сингари ёпиқ ва саёз сув ҳавзаси катта реакторларни совитиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бу эса совитиш учун Сирдарёдан қўшимча сув олишни тақозо этади.

Шундоқ ҳам иқлим ўзгариши сабабли мавжуд ресурслар камайиб, сув ҳавзаларининг қуриши кузатилаётган минтақада қўшимча талабнинг пайдо бўлиши вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин. Расмийлар Хитой ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда сув сарфини камайтирувчи ускуна ва генераторлар етказиб бериш масаласини кўриб чиқаётган бўлса-да, айнан очиқ маълумотларнинг етарли эмаслиги хавотирлар сақланиб қолишига сабаб бўлаверади. Хусусан, кенг экспертлар доираси таҳлил қила олиши учун АЭСнинг сув сарфи ва сув таъминотига оид ҳисоб-китоблари очиқланмаган.

Бундан ташқари, радиоактив чиқиндилар масаласи ҳам бор. Бугунги кунда Ўзбекистонда ядро чиқиндиларини қайта ишлаш ёки узоқ муддатли сақлаш бўйича инфратузилма мавжуд эмас. Бу масала кўплаб давлатлар учун долзарб бўлиб қолмоқда, чунки чиқиндиларни йиллар давомида юқори хавфсизлик шароитларида сақлаш керак. Зарарли модда ерости сувларига, тупроқ ёки атмосферага сизиб чиққан тақдирда, жиддий оқибатларга олиб келади.

Ўтган йилги баёнотларга кўра, АЭСда ишлатиш учун Ўзбекистонда қазиб олинган уран Россияда бойитилиши ва Жиззахга олиб келиниши, ишлатиб бўлинганидан кейин яна Россияга олиб кетилиши керак эди. Бу оғзаки баёнотлар кейинчалик имзоланган расмий ҳужжатларда қанчалик акс этгани номаълум бўлиб турибди.

Умуман олганда, АЭС билан юз бериши мумкин бўлган жиддий авариялар жуда кам учрайди, лекин содир бўлган тақдирда мислсиз даражада ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Чернобил ва Фукусима АЭСларидаги ҳалокатлар бунга ёрқин мисолдир. Заҳарли радиация жуда катта ҳудудларни яроқсиз ҳолга келтириб, миллионлаб аҳолининг соғлиғига зарар етказганини ҳали унутганимиз йўқ.

Ривожланган давлатларнинг АЭСга муносабати

Сўнгги йилларда қатор ривожланган мамлакатлар ядро энергетикасидан воз кечиш сиёсатига ўтишди. Жумладан, Германия Фукусима ҳалокатидан сўнг босқичма-босқич атом станцияларини ёпиш бўйича қарор қабул қилди ва 2023 йилга келиб мамлакатдаги охирги АЭСлар ўчириб қўйилди. Италия ҳам Чернобил авариясидан кейин референдум орқали атом энергетикасига оид барча лойиҳаларини тўхтатди. Испания ва Швейцария эса янги АЭСлар қурмаслик ҳамда мавжудларини хизмат муддати тугаши билан ёпиш режаларини эълон қилган.

Шунингдек, Австрия, Дания, Норвегия, Греция, Ирландия каби бир қатор Европа мамлакатлари ҳам ўз ҳудудида АЭС қурилишига қатъий қарши сиёсат юритиб келади ва асосан қайта тикланувчи энергия ва импорт ҳисобига эҳтиёжларини қондиради.

Шу билан бирга, иқлим ўзгаришининг таъсири сабабли АЭСларга яна инвестиция кирита бошлаган давлатлар ҳам бор. АҚШда пандемиядан кейин ёпилиши керак бўлган АЭС блоклари давлат кўмагида модернизация қилиниб, янги авлод кичик реакторларини ишлаб чиқишга эътибор қаратиляпти. Жанубий Корея ҳам “ядродан босқичма-босқич воз кечиш” сиёсатини қайта кўриб чиқмоқда: 2025 йилда янгиланган стратегияга кўра, реакторлар сонини кўпайтириш ва ядровий энергия улушини ошириш режалаштириляпти.

2020–2025 йиллар оралиғида бутун дунёда бошланган 45 та янги АЭС қурилишининг 44 тасини Хитой ёки Россия компаниялари амалга оширяпти. Дунёдаги ядровий саноат ҳолати ҳисоботига кўра, 2023 йилда глобал миқёсда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 9,1 фоизи атом энергетикаси ҳиссасига тўғри келган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 90 йилларнинг ўрталарида 17 фоиз атрофида бўлган. Бу кўрсаткичнинг тушиши муқобил манбаларнинг жадал ривожланаётгани ва тезроқ оммалашаётгани билан боғлиқ.

2024 йилда атом энергетикасида ишлаб чиқариш рекорд даражага чиққани қайд этилган бўлса-да, экспертлар бунинг барқарор тренд эмаслигини айтмоқда. Чунки яқин вақт ичида эскирган АЭСларнинг ёпилиши суръати янги қурилаётган лойиҳалар суръатидан ошиб кетади. Ҳисоб-китобларга кўра, агар дунё бўйича АЭСлардаги умумий ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилда ҳам ҳозирги даражада ушлаб туриш керак бўлса, режадагилардан ташқари қўшимча 40 дан ортиқ янги реактор ишга туширилиши лозим бўлади – бу эса айни пайтдаги қурилиш суръатларидан 2,5 баравар юқори кўрсаткичдир.

Ўз навбатида, қуёш ва шамол энергетикасига киритилган инвестициялар ҳажми йилдан йилга ошиб боряпти. Хусусан, 2024 йилда ушбу тармоққа йўналтирилган маблағ атом энергетикасига жалб қилинганидан 21 баравар кўп бўлган.

Ўзбекистон – давлат мадҳиясининг илк сўзида таърифланганидек, серқуёш ўлка. Иқтисодий, сиёсий, географик ва иқлим шароитларидан келиб чиққанда, Ўзбекистон учун қайта тикланувчи энергия манбаларига кўпроқ урғу қаратиш мақсадга мувофиқ кўринади. Чунки қуёш панеллари ва шамол турбиналарининг нархи йилдан йилга арзонлашиб боряпти ва бу энергиянинг таннархида ҳам акс этади.

Республика бўйлаб қуёш ва шамол станцияларини ташкил этиш бўйича сўнгги йилларда катта ютуқларга эришилди. Бу станциялардан 1 kWh энергия 3 цент атрофидаги нархларда сотиб олиняпти. Бу – АЭСда генерация бўлган электр энергиясидан бир неча баробарга арзон ва энг муҳими, ҳар томонлама хавфсиз.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид