Ўзбекистон | 16:02 / 05.08.2025
11812
2 дақиқада ўқилади

Ургут туманига прокурор ҳокимлик қилади

Ургут туманини 2020 йилдан буён бошқариб келган Ботир Жабборов бошқа ишга ўтмоқда. Унинг ўрнига Самарқанд вилоят прокурори ўринбосари Дилмурод Сайидқулов янги ҳоким этиб тайинланди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Самарқанд вилоятининг яна бир туманида ҳоким алмашди.

Бугун, 5 август куни Ургут туманида ҳам халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.

Унда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди ва Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган натижаларга тўхталди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ботир Жабборов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ургут тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

Вилоят раҳбари Дилмурод Бастамович Сайидқулов номзодини Ургут тумани ҳокими этиб тайинлаш таклифини билдирди. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Дилмурод Сайидқулов тайинловга қадар Самарқанд вилоят прокурори ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.

Вилоят раҳбари янги ҳокимга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди ҳамда фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Маълумот учун, Ботир Жабборов Ургут туманига 2020 йил ноябридан буён раҳбарлик қилиб келаётганди. Унинг кейинги фаолияти тўғрисида маълумот берилмаган.

Ботир Жабборов

Эслатиб ўтамиз, бугун Самарқанд вилоятининг яна икки туманида ҳоким ўзгарганди: Пайариқ туманида Исроил Жабборов ўрнига Шунқор Худойбердиев, Тойлоқ туманида Баҳодир Бобоназаров ўрнига Беҳзод Раҳматуллаев янги ҳоким сифатида иш бошлади. 

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид