«Обнал иши» бўйича Тошкентдаги судда тадбиркор ғолиб чиқди
Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг тадбиркорга нисбатан «обнал иши» доирасидаги хатти-ҳаракати суд томонидан ноқонуний деб топилди.
Бир ой илгари Тошкент туманлараро маъмурий судида «обнал иши» бўйича тадбиркорнинг солиқ органига нисбатан аризаси юзасидан суд жараёни бошланганди. Kun.uz Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган тадбиркор ва Тошкент шаҳар давлат солиқ инспекцияси ўртасидаги «обнал иши» юзасидан судни ёритиб борди.
26 апрел куни суд тадбиркор фойдасига ҳал қилув қарори чиқарди.
Даъвогар судга солиқ органининг далил-исботсиз битимларни кўзбўямачилик учун тузган, деб ҳисоблаб қўшимча қиймат солиғи бўйича ҳисобга олишни бекор қилиш ва тузатишни амалга оширишдан иборат хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш тўғрисида даъво аризасини киритган эди.
Солиқ органи 10 февралда тадбиркорнинг ҳисобга олинган ҚҚС ҳисоботидаги суммани кўзбўямачилик учун тузилган битим орқасидан келиб чиққан, деб тахмин қилиб, Солиқ кодексининг 266-моддасида берилган ҳуқуқ асосида тадбиркорнинг ҚҚС солиғи бўйича шахсий ҳисобварағига ўзгартириш киритиб, унга солиқ мажбуриятини юклаган.
Тадбиркор вакилининг фикрича, Солиқ кодексининг 266-моддаси билан берилган ҳуқуқ, солиқ органларининг солиқ назоратини амалга ошириш мажбуриятидан келиб чиқади. Ўз навбатида, солиқ назорати кодексга биноан солиқ текширувлари ва солиқ мониторинги шаклида амалга оширилади. Демакки, солиқ органининг ҳисобга олинган ҚҚС суммасига ўзгартиш киритиш (корректировка) ваколати, ҳар бир алоҳида олинган вазиятда, солиқ органи томонидан текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, солиққа оид ҳуқуқбузарлик аниқланган ҳолатларда текширув далолатномасининг расмийлаштирилиши, текширув натижаларининг солиқ тўловчиси иштирокидаги муҳокамаси ва ниҳоят текширув бўйича солиқ органининг қарори қабул қилиниб, қарор қонуний кучга кирганидан сўнг юзага келади.
Низоли вазиятда эса, солиқ органи томонидан солиқ назорати тадбирлари ўтказилган бўлса-да, унинг натижалари Солиқ кодексига биноан расмий текширув, унинг далолатнома ва қарорлари асосида расмийлаштирилмаган.
Суд даъвогарнинг аризасини шу асосларга кўра қаноатлантирди.
Яъни Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорга нисбатан Солиқ кодексининг 14- ва 266-моддаларига зид равишда далил-исботсиз битимларни кўзбўямачилик учун тузган, деб ҳисоблаб, ҚҚС бўйича ҳисобга олишни бекор қилиш ва тузатишни амалга оширишдан иборат 10 февралдаги хатти-ҳаракати қонунга хилоф деб топилди.
Суд Тошкент шаҳар ДСБга тадбиркорнинг шахсий ҳисобварағига киритилган тузатишни бекор қилиш мажбуриятини юклади.
Солиқ органидан корхона томонидан тўланган 2 миллион 450 минг сўм давлат божи ва 19 600 сўм почта харажатлари ундирилади.
Ҳал қилув қарори юзасидан солиқ органи апелляция тартибида шикоят аризасини бериши мумкин. Aпелляция тартибида кўрилмаган ишлар кассация тартибида кўрилмайди.
Aввалроқ, ДСҚ «обнал-фирмалар» фаолияти билан боғлиқ суд жараёнларида ДСҚ хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги исботланмоқда, дея баёнот тарқатганди. Хусусан, қўмита Фарғона, Бухоро, Сирдарё вилоятларида иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорига асосан, 4та ҳолатда давлат солиқ хизмати органларининг хатти-ҳаракатлари қонунийлиги исботланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи» (обналчи) фирмалар билан кураш бошлаб, 396та корхонани шубҳали корхоналар рўйхатига киритган эди. Натижада улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинган.
ДСҚ шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларидан бюджетга тўланмаган 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ундирилишини маълум қилгач, тадбиркорлар эътироз билдира бошлади.
Иқтисодчи Юлий Юсупов Давлат солиқ қўмитасининг «обналчи»ларга қарши кураш бошлагани юзасидан Kun.uz'га ўз фикрларини баён этиб, қўмитанинг хатти-ҳаракатларини соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш деб баҳолаганди.
Мавзуга оид
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
10:23 / 13.12.2024
Импорт қилишда ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш тартибини қўллаш кенгайтирилди
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024