Ўзбекистон | 21:46 / 04.12.2023
36762
2 дақиқада ўқилади

“Бахти Ташкентский”га алоқадор кўрилган шахслардан бири Фарғонада ушланди

Расмий хабарга кўра, Достон Халилов Қирғизистонга қочаётган вақтда, “Дўстлик” чегара постида қўлга олинган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Фарғонада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Достон Халилов исмли шахсни қўлга олди.

Вилоят ИИБ ахборотига кўра, у аввалроқ Тошкентда ушланган Бахтиёр Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган) билан “яқин жиноий алоқада бўлган”.

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан судланган Халилов Достон Холбўта ўғли қўшни Қирғизистон Республикасига қочиб ўтмоқчи бўлган пайт, “Дўстлик” чегара постида қўлга олинди, дейилади расмий хабарда.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ
Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Унга нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Қайд этилишича, Халиловнинг ушланиши Фарғона вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг бир қисми бўлган.

Ноябр ойи охирида бошланган бу чора-тадбирлар давомида аввалроқ Фарғонада MMA жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ва яна 21 киши ушлангани хабар қилинган эди. Тўхтамуродов ўз атрофига турли шахсларни йиғиб, Қўқонда икки кишига тан жароҳати етказгани айтилмоқда.

Тошкентда эса Бахтиёр Қудратуллаевдан ташқари, “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев ҳам қўлга олинганди. Шунингдек, тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид