Ўзбекистон | 13:31 / 27.09.2025
6810
4 дақиқада ўқилади

“Айбдор шахсларга қатъий жавобгарлик кўрилиши шарт” – Болалар омбудсмани боғча болалари заҳарланиши ҳақида

Дастлабки ўрганишларга кўра, Тошкент вилоятида боғча болаларининг оммавий заҳарланишига овқатлантиришда хавфсизлик талаблари ва стандартлари бузилгани, етарли назорат бўлмагани сабаб бўлган. Болалар омбудсмани бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорлар қатъий жазоланишини сўрамоқда. Қолаверса, жараёнда МТТ аутсорсерларининг фаолияти ўрганилиши, улар билан шартнома тузишда коррупциявий хавфлар бартараф этилиши кераклиги айтилди.

Фото: Kun.uz

Болалар омбудсмани Тошкент вилоятининг бир қанча туманларида 2 мингга яқин боғча боласи заҳарланганига оид дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, бундай нохушликлар болалар овқатланиши хавфсизлигини таъминлашга оид қонунчилик талаблари ва белгиланган стандартларга риоя этмаслик, бу борада назорат механизмларининг етарлича самарали йўлга қўйилмагани оқибатида юзага келмоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Тошкент вилоятидаги вазиятни айнан шундан деб баҳолаган.

Албатта, тергов органлари томонидан ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, барча айбдор шахсларга қонун доирасида қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши шарт.

Шу билан бирга, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жумладан таълим муассасаларида болаларнинг овқатланиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳани тартибга солувчи стандартларга риоя қилиниши устидан алоҳида қатъий сифат назорати ўрнатилиши лозим.

Бундай сифат назорати механизми болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатиш тизимини доимий мониторинг қилиш орқали амалга оширилиши керак. Хусусан, хизмат кўрсатувчи (аутсорсер) корхоналар ўз фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ олиб бораётганлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган талабларга жавоб бериши ва бошқа стандартларга риоя этиш даражаси доимий ўрганилиши керак”, – дейилади изоҳда.

Қўшимча қилинишича, болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатишга оид шартномалар тузишда инсон омилини минималлаштириш орқали коррупциявий хавфларни бартараф этиш зарур.

Бундан ташқари, хабарда яна бир муҳим превентив чора сифатида болалар учун сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларни етказиб берган субъектларнинг мазкур фаолият билан қайта шуғулланишига йўл қўймайдиган қатъий механизм жорий этилиши келтирилган.

Таъкидланишича, бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан болалар овқатланиши хавфсизлиги соҳасидаги муаммоларни ўрганиш натижалари ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар мутасадди идораларга тақдим этилади.

Болалар саломатлиги - миллат саломатлиги демакдир, уни сақлаш учун барча зарур чораларни кўришимиз, ҳар қандай хатарли омилларни бартараф этишимиз шарт”, – дея пост якунланади.

Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни эрталаб Пискент ва Бўка туманидаги боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиб касалхонага ётқизилаётгани ҳақида дастлабки хабарлар берилганди. Бунга сифатсиз кефир сабаб бўлгани айтилганди.

Мактаб вазирлиги кун давомида Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғонда жами 109 нафар бола касалхонага ётқизилганини, уларнинг аксарияти Оққўрғонда эканини маълум қилганди.

26 сентябрь куни Daryo.uz Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган боғча болалари сони 1940 нафарга етгани, заҳарланиш ҳолатлари жами етти ҳудудда, Оққўрғон (413 нафар), Бўка (537 нафар), Пискент (430 нафар), Қуйи Чирчиқ (64 нафар), Бекобод (98 нафар) туманлари ҳамда Олмалиқ (285 нафар) ва Нурафшон шаҳарларида (113 нафар) қайд этилгани ҳақида хабар берди.

Шу куни “Адолат” социал-демократик партиясининг парламентдаги фракцияси болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолатлари юзасидан Бош прокуратурага депутатлик сўрови киритди. Партия ҳодиса сабабларини текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш зарурлигини билдирган.

27 сентябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Тошкент вилоятида 963 нафар бола ўткир гастроэнтерит ташхиси билан шифохонага ётқизилганини, улардан 269 нафарига даволанишдан кейин уйига жавоб берилганини айтиб чиқди. Охирги маълумотларга кўра, 694 нафар бола ҳозирда шифохонада қолган, 13 нафари ўртача оғир аҳволда.

Беморларнинг аниқ ҳисоби йўқ – Тошкент вилояти боғчаларида болалар оммавий заҳарланди

Мавзуга оид