Жаҳон | 17:56 / 11.10.2016
9034
2 дақиқада ўқилади

Reuters: АҚШ Ямандаги ҳарбий жиноятлар иштирокчиси сифатида тан олиниши мумкин

Фото: AFP

Президент Барак Обама маъмурияти ўтган йили Саудия Арабистонига 1,3 млрд долларлик қурол-аслаҳаларни сотиш битимига рухсат берган эди. АҚШ шу билан Ямандаги ҳарбий жиноятларга алоқадор бўлиб қолиши мумкинлигига доир огоҳлантиришларга қарамай, битим тасдиқланди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги Американинг собиқ ва амалдаги мулозимларига таянган ҳолда. 

Гап, Саудия Арабистони етакчилигидаги араб давлатларининг яманлик исёнчи хусийларга қарши коалицияси ҳақида бормоқда. Рейтер маълумотларига кўра, Вашингтон қўллаб-қувватлаётган мазкур ҳарбий амалиётда минглаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган. 

Айни вақтда, америкалик ҳуқуқшунослар, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, АҚШ коалициянинг ҳарбий иттифоқчиси ҳисобланадими ёки йўқми?, деган саволга ойдинлик кирита олишмаяпти. Агар улар бу саволга ижобий жавоб беришса, бу Вашингтоннинг ҳарбий жиноятларга оид айбловлар юзасидан тергов ишларини олиб боришга мажбур бўлишини англатади. 

Шу билан бирга, Американинг қатор ҳарбий хизматчиларига назарий жиҳатдан бўлса-да, жиноий жавобгарлик хавф сола бошлайди. 

2015 йилда Яманнинг тинч аҳолиси орасидаги қурбонлар сони кескин кўтарилган. Ва айрим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Вашингтон Ар-Риёднинг ҳарбий жиноятларига алоқадор бўлиб қолишини айтишганди. 

Чунки, АҚШ 2015 йил мартида Ар-Риёдга 22,2 миллиард долларлик қурол сотиш бўйича келишувини маъқуллади. Бу аслаҳаларнинг аксарияти келгусида етказиб берилиши қайд этилган эди. 

Айни вақтда, вакиллар палатасининг 60 нафардан ортиқ аъзоси Обамани навбатдаги битимни бекор қилишга ундамоқда. Бироқ, Сенатнинг ўтган ойдаги келишувни тўсиб қўйишга уриниши муваффақиятсизликка учради.  

Рейтер маълумотларига кўра, Ямандаги ҳарбий можарода 3,8 минг тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмган. Бунда, авиазарбалар чоғида шифохоналар, мактаб ва бозорларни ҳам нишонга олаётган Ар-Риёд ўлим ҳолатларининг 60 фоизига жавобгардир. Саудияга эса, қуролларни АҚШ етказиб бермоқда. 

Мавзуга оид