Жаҳон | 14:26 / 29.11.2016
8281
2 дақиқада ўқилади

Фидель Кастронинг кули Куба Қуролли кучлари вазирлиги биносига жойланди

Фото: AP

Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастронинг кули Республика Инқилобий Қуролли кучлари вазирлигининг "Гранма" залига қўйилди. Куба телевидениесининг 28 ноябрь куни маълум қилишича, у ерда республика олий раҳбарияти ва Куба коммунистик партияси мулозимлари Куба Инқилобининг тарихий етакчиси билан видолашган. 

Кастронинг кули билан видолашув маросимини унинг укаси ва давлат раҳбари Рауль Кастро бошқарган. Унинг иштирокчилари 2000 йил 1 май куни Фидель Кастро томонидан эълон қилинган Инқилоб ғояларига содиқ қолиш бўйича қасамёдни имзолашди. 

Кубада Фидель Кастро билан умумхалқ видолашуви давом этмоқда. Шу муносабат билан Гавана ва Сантьяго-де-Куба шаҳарларида замбараклардан салют отилган. Ҳукумат қарорига кўра, 29 ноябрь-3 декабрь кунлари эрталабки соат 9:00 дан кечки 18:00 гача ҳар соатда замбараклардан салют отилади. Маросим ташкиллаштирилган ҳолда, тинч-хотиржам вазиятда бўлиб ўтмоқда. Қандайдир хавфсизлик чоралари кўрилмаган. 

Фидель Кастро дафн маросимига камида 25 давлат раҳбарлари келиши ҳақида Куба ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. 

30 ноябрдан бошлаб инқилоб етакчисининг кули Гаванадан Сантьяго-де-Куба томон 4 кунлик йўлга чиқади. У мамлакатнинг 15та вилоятининг 13тасидан олиб ўтилади. 3 декабрь куни Сантьяго-де-Куба шаҳрининг Антонио Масео майдонида оммавий митинг ташкил этилади. Дафн қилиш маросими 4 декабрь куни эрталаб соат 7:00да авлиё Ифигения қабристонида бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид