18:52 / 08.01.2017
6052

Елизавета II касалликдан кейин илк марта омма олдида намоён бўлди

Фото: PA

Буюк Британия қироличаси Елизавета II оғир шамоллашни бошдан ўтказиб, сўнгги уч ҳафтада биринчи марта омма олдида намоён бўлди. У ўзининг Сэндрингем қароргоҳи (Норфолк графлиги) яқинидаги Муқаддас Мария Магдалена черковига ташриф буюрди. Бу ҳақида ТАСС агентлигида хабар берилди. 

Манбага кўра, Елизавета II у ерга Кембриж герцоги Уильям, герцогиня Кейт ҳамда неваралари Жорж ва Шарлотталар билан борган.

Ўтган йили 90 ёшлигини нишонлаган Буюк Британия қироличаси ва унинг 95 ёшли турмуш ўртоғи Эдинбург герцоги Филип 2016 йилнинг декабрь ойида жиддий шамоллаб қолишди. Улар 22 декабрь куни ўзларининг Норфолк графлигидаги қароргоҳига вертолётда етиб келишди. Кейинчалик монархнинг Сэндрингемдаги Рождество ва Янги йил байрам тантаналарида иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Бу 1988 йилдан бери биринчи марта қироллик протоколининг бузилиши эди. 

Елизавета II 1952 йилда 25 ёшида тахтни эгаллаган. Ўтган йилнинг сентябрида у тахтга эгалик қилиш бўйича қиролича Викториянинг рекордини ортда қолдирди. 

2017 йилнинг 21 апрелида Британия қироличаси 91 ёшга тўлади. 

 

Top