Жаҳон | 20:00 / 18.04.2017
6336
2 дақиқада ўқилади

Туркия мухолифати референдум натижаларини бекор қилишни сўраб апелляция берди

Туркияда асосий мухолиф партия ҳисобланмиш Республика халқ партияси Олий сайлов комиссиясига конституциявий ислоҳотлар бўйича ўтказилган референдум натижаларини бекор қилишни сўраб апелляция берди. Бу ҳақда Reuters агентлиги партиядаги манбага асосланиб хабар тарқатди.

Туркия референдуми: Билиш керак бўлган жиҳатлар

Қайд этилишича, ушбу мурожаат бюллетенларни ҳисоблаш вақтида қоида бузилишларига йўл қўйилганига асосланган. Натижаларни ҳисоблаш вақтида расмий муҳр қўйилмаган бюллетенлар ҳам саналгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, референдумда овоз бериш жараёнида сайлов участкаларидаги хоналарда ҳамда референдумдан олдинги ташвиқот кампанияси вақтида кўплаб қоида бузилишлари учраган.

«Буларнинг барчаси референдум ноқонуний равишда ўтказилганини исботлайди», дейилган партия мурожаатида.

17 апрель куни халқаро кузатувчилар гуруҳи, хусусан ЕХҲТ комиссияси «референдум тенг имкониятлар майдонида бўлиб ўтмагани» ҳақида хулоса қилди.

Туркиядаги референдум «тенг имкониятлар майдони»да ўтказилмади - Кузатувчилар миссияси

Шунингдек, Европа Кенгаши парламент ассамблеяси делегацияси раҳбари Цезарь Флорин Преда Туркияда ўтказилган референдум Европа Кенгаши стандартларига мувофиқ тарзда ўтказилмагани ҳақида маълум қилди.

Кейинроқ Туркия президенти бу айбловларга муносабат билдира туриб, ЕХҲТни «ўз ўрнини билиш»га чақирди.

«Биринчидан, ўз ўрнингизни билинг! Биз сиз тайёрлаган сиёсий мотивланган ҳисоботларингизга қулоқ тутмаймиз», - деганди Эрдўғон.

Туркияда мухолифат жиддий талаб билан чиқди

Мавзуга оид