Жамият | 19:35 / 20.12.2017
11173
3 дақиқада ўқилади

1034 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди

Фото:Kun.uz

Бугунги кунда фуқароларга нисбатан жиноятлар содир этиб, жазодан қочиб юрган 1 034 нафар қидирувдаги шахс қўлга олиниб, жазо муқаррарлигини таъминлашга эришилди. Бу ҳақида ИИВ Ҳуқуқбузарлик профилактикаси Бош бошқармасининг 20 декабрь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган йиллик ҳисоботга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Шунингдек айрим фуқароларга нисбатан содир этилган жиноятлар юзасидан азият чекиб қилинган мурожаатлар қаноатлантирилиб, жами 740 та ўтмишда содир этилган жиноят фош этилди. 

Ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан маҳаллаларда 693 156 марта тезкор профилактик профилактик суҳбат ўтказилиб, ушбу шахсларни соғлом турмуш тарзига қайтариш борасида 220 177 марта муҳокама ташкил этилди. 

Анжуманда маълум қилинишича, республикада мавжуд 8 973 та маҳаллада профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш йўлида олиб борилган ишлар натижасида 1 079 та маҳаллада ҳеч қандай жиноят содир этилмаган. 

Ҳудудларда содир этилиши мумкин бўлган фуқароларнинг шахсий мол-мулкини талон-тарож қилинишининг олдини олиш мақсадида 15 600 та (хонадонлар ва савдо дўконлари) қўриқлаш пультларига уланиб, уларнинг хотиржамлиги таъминланди. 

Бундан ташқари, тунги вақтларда фуқароларнинг тинч ва осуда дам олишини таъминлаш мақсадида хонадонлар атрофида мақсадсиз юрган 531 324 нафар шахс аниқланиб, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди. 

Анжуманда берилган маълумотларга кўра, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилишини таъминлаш мақсадида 5 884 марта сайёр қабул ва учрашувлар ташкил этилган. Уларда аҳоли ўртасида юзага келаётган муаммолар муҳокама қилиниб, натижалар ҳақида аҳолини хабардор қилиш юзасидан 42 338 марта муҳокамада фуқароларнинг истак ва талаблари инобатга олиниб, ҳисоботлар берилди. 

Аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардор қилиш, уларнинг огоҳлигини кучайтириш, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида маҳаллаларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сайёр судларда кўриб чиқилиши натижасида 1 056 та жиноятнинг олди олинди.

Мавзуга оид