Ўзбекистон | 22:55 / 31.03.2018
7220
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек курсантлари халқаро олимпиадада совринли ўринни қўлга киритди

2018 йил 26-30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Монте-Мелконян ҳарбий коллежида курсантлар ўртасида чет тили йўналиши бўйича Халқаро олимпиада бўлиб ўтди. Унда илк маротаба қатнашган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари хорижий тил соҳасида ҳам кучли давлатларлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларига муносиб рақиб эканликларини исботлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги KUN.UZ’га маълум қилди. 

Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури тайёрлаш маркази инглиз тили кафедраси мудири Илья Зверев бошчилигида Ереванга йўл олган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти 3-босқич курсанти Аббос Раҳимжонов ва 2-босқич курсантлари Лазиз Раҳимов, Бекпўлат Боқижоновлардан иборат жамоа якуний натижаларга кўра, Халқаро олимпиадада фахрли учинчи ўринга муносиб, дея эътироф этилди.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги
Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Мазкур олимпиадада Россия Федерацияси, Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ҳамда мезбон давлат курсантларидан иборат 9 жамоа иштирок этди. 
Халқаро олимпиаданинг энг юқори поғонасидан Россия Ҳарбий университети курсантлари жой олган бўлса, Арманистоннинг Вазген Саркисян номидаги Ҳарбий университети жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди. 

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги
Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги
Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақада муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар 1 апрель куни И. Каримов номидаги Халқаро аэропортида кутиб олинади. 

Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) 2-6 апрель кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилади.

 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид