Жамият | 21:40 / 04.04.2018
24992
2 дақиқада ўқилади

Риштонда халқ кутубхонаси бузилмоқда: Дима Қаюм Президентдан ёрдам сўради

Фарғона вилоятининг Риштон тумани деҳқон бозорида хайрия акцияси ўтказиш йўли билан «Рошидоний халқ кутубхонаси» очиб, китоблар тўплаб, уларни риштонликларга текинга ўқишга бериб турган, ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан машҳур бўлган Дилшод Болтабоев кутубхонани 10 кун ичида бузиб ташлаш учун огоҳлантириш хати олганини ўзини Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Дима Қаюм ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали жонли эфирга чиқиб, кутубхонани сақлаб қолиш учун Президентдан ёрдам сўради.

Дима Қаюм Facebook’да жойлаштирган постларида «Қани халқим деган журналистлар?! Ёрдам беринглар!», деб хитоб қилади. Шунингдек, турли провокацияларга учрашининг олдини олиш мақсадида «Кутубхонадан ноқонуний китоблар ё наркотик модда чиқибди, дейишса ишонманглар!», деб хабар қолдирган.

Дилшод Болтабоевнинг тушунтиришича, Риштон туман «Деҳқон бозори» МЧЖ бошқаруви раиси И.Орипжонов ушбу кутубхона қурилишида ўзи ҳам хайрихоҳ бўлган. Ўтган бир йил ичида нима ўзгарди? Февраль ойи бошида Риштон туманида ҳоким ўзгарди. Адабиёт ва шеъриятга ихлоси баландлиги билан танилган Ғайратали Турғунович Мамадалиев ўз аризасига кўра ишдан бўшатилиб, туман раҳбарлигига шу пайтгача Сўх тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Таваккалжон Эсоналиевич Раҳимов сайланди. Янги ҳоким Риштонда туғилган, илгари шу туманда ИИБ бошлиғи вазифасида ҳам ишлаган.

Kun.uz ижодий гуруҳи Риштон туман деҳқон бозорида рўй бераётган бузилиш ишлари ҳақида репортаж тайёрлаб, Дима Қаюмнинг халқ кутубхонасида ҳам меҳмон бўлган эди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид