Жаҳон | 14:51 / 07.05.2018
21039
2 дақиқада ўқилади

Владимир Путин Россия президенти лавозимига киришди

Россия президенти этиб сайланган Владимир Путин Катта Кремль саройидаги инаугурация маросимида қасамёд келтирди.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Путин ўнг қўлини РФ Конституциясига қўйиб, қасамёд матнини қайтарган. Президентлик қасамёдининг ўттиз учта сўзи, худди давлат раҳбари мақоми каби, Конституциянинг тўртинчи бўлимида белгилаб қўйилган: "Россия Федерацияси президенти вазифасини бажаришда инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳурмат ва муҳофаза қилиш, Россия Федерацияси Конституциясига риоя этиш ва ҳимоя қилиш, давлат суверенитети ва мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда яхлитлигини ҳимоя қилиш, халққа ҳалол хизмат қилишга қасамёд қиламан".

Фото: Александр Астафьев/ТАСС

Унинг учун инаугурация маросими тўртинчи бўлди. У мамлакатни келаётган олти йил давомида бошқаради.

Инаугурация Катта Кремль саройида бўлиб ўтди, унга беш мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Путин россияликларга мурожаат билан ҳам чиққан.

Унинг таъкидлашича, "халқ ва Россия олдидаги жуда катта масъулиятини тушунади" ва “мамлакат келажаги тинч ҳамда фаровон бўлиши учун барча ишни” қилади.

Президент “инсонлар ва Ватанга хизмат қилишни” ўз ҳаёти мақсади деб атаган. Унинг қайд этишича, "Россия қудратли бўлади, одамлар эса яхшироқ яшай бошлайди".

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

У россияликларга сайловларда ўз номзодини қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорлик ҳам билдирган.

Давлат раҳбари ҳозирги вақтга “шиддатли ўзгаришлар даври” деб баҳо берди ҳамда мамлакат барча соҳаларда катта ўзгаришларга муҳтожлигини таъкидлаб ўтди.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати бугун истеъфога кетиши хабар берилганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид