Ўзбекистон | 16:57 / 26.08.2018
11301
2 дақиқада ўқилади

Маккада Ўзбекистоннинг зиёрат туризми масалалари муҳокама қилинди

Маккадаги "Аброж Ал-Ҳидоя" меҳмонхонасида Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Саудия Арабистонидаги ҳамкори "Ал-Ҳидоя" ва Индонезиянинг "Бурхон Ал-Ҳидоя" компаниялари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Умра вақтида индонезиялик зиёратчиларнинг Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига сафарини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақида Мусулмонлар идораси расмий веб-порталида хабар берилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ва ҳамкор компаниялар раҳбарлари иштирок этишди.

Президентнинг 2016 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикасида туризм саноатини тезкор ривожлантиришни таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонига мувофиқ, республика ҳукумати зиёрат туризмидаги хизматларни яхшилаш, меҳмонларнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида қулай шарт-шароитларни таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга "ҳалол" сертификатини киритиш, туризм саноатида хорижий инвесторлар учун имтиёзлар ва преференциялар бериш бўйича қатор чоралар кўрмоқда.

Бундан аввал KUN.UZ'да Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилгани ҳамда Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишидаги авиарейсларнинг йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид