Ўзбекистон | 13:10 / 07.10.2018
29872
3 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида «бешик тўй»га келган меҳмонлар овқатдан заҳарланди

4 октябрь куни Тошкент вилояти Тошкент тумани, «Олтинтепа» маҳалласи, Кўксарой-4 кўчасида жойлашган 26-уйда бўлиб ўтган «бешик тўйи» маросимида овқатдан заҳарланиш ҳолати рўй берди. Бу ҳақда «Kun.uz»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

30 нафарга яқин киши иштирок этган маросимда дастурхонга оливье ва фунчёза (пентуза) салатлари, манпар, гриль, сомса таомлари, торт ҳамда тарвуз тортилган.

Ушбу тадбирда иштирок этганлардан 2 нафари 5 октябрь куни соат 19:30да, яна 15 нафари 6 октябрь куни соат 11:00дан соат 22:30га қадар бўлган вақт мобайнида бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши каби касаллик белгилари билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология микробиология юқумли касалликлар илмий текшириш институти шифохонасига ётқизилган. Шифокорлар кўригидан ўтказилгандан сўнг, уларга «Ўткир диарея», «Овқат токсикоинфекциясига гумон» бирламчи ташхислари қўйилган. Шунингдек, 1 нафар бемор ҳомиладор бўлгани учун Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

«Шифохоналарда беморлардан тегишли лаборатория таҳлиллари учун намуналар олиниб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон захиралари етарли. Беморларнинг аҳволи ўртача оғирликда.

Қайд этилган эпидемик вазиятни жойга чиқиб ўрганиш, амалга оширилаётган даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириб бориш учун Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди, Қ.Боқиев, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг малакали мутахассислари жалб қилинди. Улар томонидан тадбирда иштирок этган меҳмонлар рўйхатини аниқлаш, профилактика мақсадида шифокор кўригидан ўтказиш ҳамда дастурхонга қўйилган таомлар, салатлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини қаерда тайёрлангани ва ким томонидан олиб келингани тўғрисида суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Хонадонда таом тайёрлаш учун ишлатилган озиқ-овқатлар ва тайёр маҳсулотлар қолдиқларидан намуналар олиниб, Тошкент вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати марказига лабораториясига топширилди.

Бундай салбий ҳолатлар келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига таомлар, салатлар тайёрлаш ва сақлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъиян риоя қилиниши зарурлигидан яна бир бор огоҳлантиради», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 28 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги тўйхоналардан бирида меҳмонлар овқатдан заҳарланган, бир неча кун мобайнида жами 90 киши шифохонага мурожаат қилганди.

Мавзуга оид