Жамият | 19:54
2426
11 дақиқада ўқилади

Фарғона боғчаларида оммавий заҳарланиш: овқат етказиб берувчи фирма тендерсиз танланган, ким айбдор?

“Garden Catering Trade” МЧЖ Фарғона ва Қувасой шаҳарларидаги давлат боғчаларига кейтеринг асосида овқат етказиб беради. Қизиғи, келиб чиқиши Қувасой ҳокими Зафаржон Тўрақулов билан боғланиши мумкин бўлган бу фирма ҳеч қандай танловсиз вилоят ҳокими имзолаган қарор билан ушбу имкониятни қўлга киритган. Фарғоналик шифокор ва айни кейтеринг лойиҳасининг муаллифи Муаззам Иброҳимова ҳудудда заҳарланиш юзага келиши ҳақида анчадан бери айтиб келарди. “Болалар овқатланишини бизнес қилманглар, илтимос. Бу шахслар жазоланиши шарт”, дейди у Kun.uz билан бўлган суҳбатда.

Фарғона шаҳридаги бир нечта боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилди. Охирги маълумотларда шифохонада 70 дан ортиқ бола қолаётгани, масъулиятни ҳеч ким бўйнига олмаётгани айтилади. Хўш, бунга аслида ким жавобгар? Kun.uzʼнинг навбатдаги материали шу ҳақда.

Garden Catering Trade” МЧЖ ҳақида

Гап шундаки, Kun.uz бу мавзуни биринчи маротаба кўтараётгани йўқ. Айнан заҳарланиш кузатилган Фарғонадаги давлат боғчаларига овқат етказиб берувчи фирма, “Garden Catering Trade” МЧЖ ҳақида аввалроқ суриштирув қилгандик.

Айни кейтеринг лойиҳаси учун 2024 йил апрел ойида қўшма корхона сифатида “Turan Catering International” МЧЖ ташкил этилган. Унга аввалига 3 та таъсисчи: турк инвесторлари (50 фоиз), Муаззам Иброҳимова (10 фоиз) ва Қувасой ҳокими Зафар Тўрақуловнинг қариндоши Элбек Жўраев (40 фоиз) эгалик қилган.

Бу фирма ёпилгач, кейин умуман бошқа “Garden Catering Trade” МЧЖ очилган. Компания Иқболжон Бозоров ва Йилдирим Адемнинг тенг шериклигида бўлган. Ҳозирга келиб эса фирма қўшма корхона эмас, у 100 фоизлик улуш билан Иқболжон Бозоровга тегишли. 25 феврал санасида Статистика агентлиги базасидан олинган сўнгги маълумотга кўра, фирманинг таъсисчиси Мўйдинжон Ғофуровга ўзгарган. Нега Иболжон Бозоров таъсисчиликдан чиқиб кетгани номаълум. Ҳужжатларга кўра, фирмага Шавкат Турдиалиев раҳбарлик қилмоқда.

“Turan Catering International” ҳам, “Garden Catering Trade” ҳам бир манзил, яъни Қувасой шаҳрининг “Пакана” МФЙ Нурли йўл кўчаси 405А-уйда жойлашгани қайд этилган. Бундан кўринадики, иккаласи ҳам номи бошқа, лекин битта фирма ҳисобланади.

Фирма тендерсиз танлаб олинган

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида боғчалар таъминоти аутсорсинг – яъни маҳсулотлар етказиб бериш тартибида ишласа, Фарғона вилоятининг айрим туманлари кейтеринг – тайёр овқат етказиб бериш тартибида амал қилади. Фарғонадаги кейтеринг хизматини ана шу “Garden Catering Trade” МЧЖ амалга оширади.

Унга бундай эксклюзив ҳуқуқни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 2024 йил 25 июлдаги қарори билан тақдим қилган. Ҳужжатга кўра, айнан ўша йили 1 августдан бошлаб Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида 5 ой муддатга кейтеринг тизими жорий этилиши, таомларни тайёрлаш ва етказиш билан эса Қувасойдаги “Garden Catering” қўшма корхонаси шуғулланиши бўйича таклифлар маъқулланган. Йил якунига қадар тизим Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида ҳам ташкил этилиши белгиланган. Шундай қилиб, фирма Фарғона ва Қувасой шаҳарларидаги боғчаларнинг овқат етказиб берувчисига айланган.

Қонунчиликка таянилса, аутсорсинг асосида ишловчи фирмалар давлат харидларини тендер асосида ютиб олиши талаб қилинади. Кейтерингга оид тартиб эса бирор ҳужжатда қайд этилмаган. Катта эҳтимол расмийлар мана шу лозейкадан фойдаланиб қолган бўлиши мумкин.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Дилмурод Жумабоев ўша вақтда тендерга оид сўровларимизга жавобан Фарғона водийсида кейтеринг хизматини кўрсатувчи корхона йўқлиги, ҳудуддаги боғчаларда овқатланиш тизими қониқарсиз ҳолатга келгани сабабли “Garden Catering” қўшма корхонаси 5 ойлик синов учун танлаб олинганини айтганди.

Таҳририят ўзининг дастлабки суриштирувида айнан “Turan Catering International” фирмасининг аввалги улушдорларидан бири Элбек Жўраев Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақуловга алоқадор эканини далиллар билан кўрсатганди. Аммо бу санаб ўтилган ҳолатларнинг бирортасига на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, на ИИВ ва на Бош прокуратура эътибор қаратди. Оқибатда эса яна ўша муаммо – болаларнинг оммавий заҳарланиши юзага келди.

Ҳеч бўлмаса шу соҳани емасдан, ҳалол, тўғри ишлата олмаймизми?”

Кейтеринг лойиҳасининг асли муаллифи, фарғоналик шифокор Муаззам Иброҳимова бундай муаммо юзага келиши мумкинлигини аввалдан тахмин қилганини айтади.

“Фарғона вилоятидаги мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ўртасида рўй берган овқатдан заҳарланиш ҳақидаги хабарни эшитиб, ларзага тушдим, тўғриси. Лекин бу ҳақида бир неча марта огоҳлантирганман. Айтиш жоизки, икки йилдан бери тинмай огоҳлантириб келардим.

Бу лойиҳа, яъни биз ташкил қилган “Тuran Catering International” лойиҳаси умуман соҳасига бегона ва бу соҳани яхши билмайдиган одамларнинг қўлига ўтиб кетгани ҳақида бир неча марта айтганман, ёзганман. Лекин минг афсуски, ҳаттоки президентга ёзган шикоятларимга ҳам худди мазах қилгандек Зафаржон Тўрақуловдан (Қувасой шаҳар ҳокими), ё Фарғона вилояти ҳокимлигидан жавоб қайтгани жудаям инсонийликдан ташқари нарса эди.

Мен айнан ўша хатларимда болалар заҳарланиши мумкин, булар мутахассис эмас, булар болалар учун кейтеринг қилган одамлар эмас, деб бонг урганман, биласизми? Бу болалар вафот этиши ҳам мумкин эди. Ўткир диареяни қаранг, қайт қиляпти, боланинг қайта-қайта иситмаси чиқяпти. Ҳеч бўлмаса шу соҳани емасдан, ҳалол, тўғри ишлата олмаймизми? Бу соҳада айнан шу Тўрақуловга ўхшаган одамларнинг қўли бўлмаса, соҳа ғилдираги юрмай қоладими?

Биласизми, болалар таомланиши, болаларни овқатлантириш бизнес бўлиши керак эмас. Бу соғлиқни сақлаш тизимининг битта бўлаги бўлиши керак. Чунки айнан нотўғри овқатланиш туфайли турли хил касалликлар келиб чиқяпти. Тuran Cateringʼни ташкил қилишимдан ҳам ягона мақсадим бор эди: болалар таомларини индивидуал, саломатлигига мослаб туриб ва ўша орқали ҳар хил оғир касалликларнинг олдини олиш эди. Болаларни жисмонан, руҳан соғломлаштириш эди. Лекин бу лойиҳани биздан ўғирлаган нокасларнинг умуман нияти бошқа бўлган”, – дейди у.

Иброҳимованинг қўшимча қилишича, айнан шу фирманинг таомини ҳозирда 45 минг нафар бола истеъмол қилади. Уларда айни овқатлардан заҳарланиш ҳолатлари аввал ҳам учраган, аммо ишлар ёпди-ёпди қилингани айтилмоқда.

Масалан, битта бруцеллёзли тухум агар гўштнинг ичига тушиб қолса ёки бўлмасам, қанақадир микроби бор кўкат, сабзавотлар, яна бир бошқа маҳсулотларнинг ичига тушиб қолса, бу ерда тизимли заҳарланиш келиб чиқади, болалар заҳарланади. Болалар қўй, мол, эшак эмас. Болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун ҳам талабга, санитария-гигиеник талабларига мос келадиган жиҳозларни қўяйлик, деб мен айтганман. Буни туркиялик инвесторларимиз ҳам айтишган. Лекин минг афсус, умуман бу талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлашган.

Боғчаларга овқат ташиши керак бўлган махсус термал идишларнинг энг яхшисини, талабга жавоб берадиганини, температурани бир хилда сақлаб, ачитмасдан олиб борадиганини биз сал қимматроғини танлаб қўйганимизда, “эҳ, бунинг икки баравар арзони Хитойдан ҳам кириб келади”, деб мана, нимага олиб келди.

Бу ерда битта ягона айбдор бор. У ҳам бўлса, Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов. Чунки “Тuran Catering”га ҳам ўзининг жиянини тиққанди. 40 фоиз улушни берасан, деб охири ҳаммамизни ҳайдаб чиқариб, лойиҳамизни ўғирлаб, ҳам ўша Пакана маҳалласида, ҳам Бувайдада иккита кейтерингни қилиб, ўзининг қариндош-уруғи ёки билмайман [киритган], ҳозир Иқбол Бозоров деган[и бўлган], ҳатто бу инсон ҳақида ҳам яхшироқ суриштириб кўришингизни хоҳлайман.

Хуллас, болалар овқатланишини бизнес қилманглар, илтимос. Бу шахслар жазоланиши шарт. Мана, электрдан яқинда 9 миллиард сўмлик қарзлари бор. Анча ишчиларни ҳайдашганди, анча ошпазларни, ҳайдовчиларни бўшатишганди ва биласизми, ўша ерда ишлаб келаётган, ишлаб ҳайдалган собиқ ишчилар, ошпазлар билан гаплашганимда шундай бир қўрқинчли гапларни гапиришадики, мен қўрқиб кетгандим. Шунинг учун қайта-қайта ёзаётгандим”, – дейди Иброҳимова.

Суҳбатдошимиз бу ҳолатларга тегишли органларнинг сергак бўлиб, чора кўришини қатъий сўраб талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса “Garden Catering Trade” корхонаси фаолиятини ўрганиб, хизматларида бир қанча талабларга риоя қилинмагани, хусусан, таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати санитария талаблари асосида ишлаб чиқилмагани, тарбияланувчиларга етказиб бериладиган таомларни ташиш, сақлаш ва истеъмолга берилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмаганини аниқлаганди. Рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳокимидан Қувасойдаги кейтеринг корхонасига оид қарорини бекор қилишни талаб қилганди.

Kun.uz шуларнинг натижаси бўйича вазирлик ва қўмитага савол юборди. Мактаб вазирлиги доимгидек сўровларимизни бефарқ қолдиришни маъқул кўрди. Рақобат қўмитаси эса айни масалага изоҳни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимлик беришини айтди.

Ички ишлар бошқармасига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Хозирда вазият Фарғона вилояти прокуратураси, ИИБ ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг маъсуллари томонидан ўрганилмоқда. Барча тегишли турдаги экспертизалар тайинланган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова ушбу вазият назоратга олинганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, омбудсманнинг минтақавий вакили воқеа жойига етиб борган, ҳозирда терговга қадар текширув доирасида ҳужжатлар таҳлили ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган йили заҳарланишга оид кейслар Тошкент вилоятининг бир қанча туманларида ҳам кузатилиб, жиноят иши қўзғатилганди. Ҳозирда 11 киши қамоққа олинган ва уларга суд яқин кунларда бошланади.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева

Мавзуга оид