Ўзбекистон | 15:22 / 10.11.2018
38153
5 дақиқада ўқилади

5 йиллик қамоқ, товон пули ва унутилмас дард. Ақтўбе фожиаси иши якунланди

Ақтўбедаги фожиа юзасидан сентябрь ойи бошида бошланган суд жараёни ниҳоясига етди. Ақтўбе области Жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган судида автобус ҳайдовчилари ва бошқа судланувчиларга ҳукм ўқилди. Судда жами 5 нафар айбланувчига жазо тайинланди. Автобус ҳайдовчилари Танатов, Қирғизбоев ва Пернебековга 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Улар кейинги 7 йил мобайнида йўловчи ташиш хизмати соҳасида ишлай олишмайди.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш

Бундан ташқари, судланувчилар ҳалок бўлган 52 ўзбекистонлик учун уларнинг оила аъзоларига 2 миллион тенгедан товон пули тўлаши белгиланди. Ақтўбеда ёниб кетган автобусда ўз ўғиллари ва набираларини йўқотган Ўзбекистон фуқаролари ҳар бир ҳалок бўлган қариндоши учун 150 миллион тенгедан талаб қилганди Судланувчиларга нисбатан бундай даъволар 16 нафар даъвогар томонидан берилган. Шунингдек, айрим даъвогарлар судланувчилар учун энг оғир жазони талаб қилишганди.

Фото: Вnews.kz

Шу йилнинг 18 январь кунида Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, Самара-Чимкент трассасининг 1068-километрида ичида ҳайдовчилар билан бирга жами 57 киши бўлган йўловчи автобуси ёниб кетганди. Бу фожиа оқибатида Ўзбекистоннинг Қозоғистон орқали Россияга кетаётган 52 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Фожиадан 5 киши омон қолган, уларнинг 3 нафари қозоғистонлик ҳайдовчилар ва 2 нафари Ўзбекистон фуқаролари эди. Автобуснинг ёниб кетишига расмий сабаб - техник носозлик ва хавфсизлик техникасига риоя қилмаслик этиб кўрсатилди.

Фото: Вnews.kz

Ақтўбедаги ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бош вазир раҳбарлигида таркибидан Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа муассасалар вакиллари ўрин олган махсус ҳукумат комиссияси тузилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу фожиада ҳалок бўлганлар ҳақида шундай деганди: «Кечаги бўлган ҳалокат ҳам одамга кўп нарсадан далолат беради. Халқимиз олдида ҳали жуда-жуда қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрганлари, бу албатта, давлатчилик, давлат раҳбарияти нуқтаи назаридан, ҳамма тизимдаги раҳбарларга бу – энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида ҳал қилмаганимиздан далолат. Шунинг учун улар бегона юртларда сарсон-саргардон. Бечора, уларнинг ҳам умиди бор эди, не-не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман, деб мана... Ёш-ёш йигитлар дейишяпти... Ҳаммаси ўзбекистонликлар... Албатта, жуда катта қайғудамиз, ота-оналарга ҳамдардлик юбордик».

Фото: Қозоғистон ФВВ

Куз-қиш мавсуми ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россия ва Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларидан уйларига қайтиш ва ишга жўнаб кетиш даври ҳисобланади. Жамоатчилик орасидаги муҳокамаларда меҳнат муҳожирлари билан йўлда юз берадиган фожиа ва кўнгилсизликларга қатнов харажатларининг қимматга тушиб кетиши, авиа ва темир йўл чипталари нархи баландлиги асосий сабаб сифатида таъкидланади.

Ақтўбе фожиасидан сўнг йўловчи автотранспортида фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан ташқарига чиқаётган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори имзоланганди.

Қарорга кўра, республикадан ташқарига йўловчи ташувчи транспортда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус комиссия тузилиши белгиланган ҳамда авиация ва темир йўл транспортида йўловчиларни ташиш учун чипталар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг буюртманомалари бўйича имтиёзли тарифлар бўйича расмийлаштириш назарда тутилган Идоралараро битим тасдиқланиши режалаштирилганди.

Жорий йил октябрь ойи сўнгида Тошкентда йўловчи ташиш бўйича халқаро анжуман ҳам бўлиб ўтди. Унда йўловчи ташиш борасидаги қўшимча қулайликлар ва имтиёзлар бўйича Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон Республикалари қатор келишувларга эришишди. Хусусан, халқаро йўналишларда қатнайдиган йўловчи поездларига чипталарнинг олдиндан харид қилиш муддатига қараб белгиланган чегирмаларга ўзгартиришлар киритилганди.

Мавзуга оид