Жаҳон | 10:19 / 14.01.2019
31103
2 дақиқада ўқилади

Украинада Россия билан уруш эҳтимоли баҳоланди

Фото: РИА Новости/Стрингер

Украинада Россия билан уруш хавфи жиддий эмас, деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Украина ташқи разведка фахрийси, генерал-лейтенант Василий Богдан «Факти» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги президентлик сайловларига қадар давлатлар ўртасида ҳеч қандай уруш бўлмайди, сабаби Кремль мамлакат сиёсий вектори Европадан Россия томонга ўзгаришига умид қилмоқда. Шунга қарамай, генерал-лейтенант ҳаттоки сайловлардан сўнг ҳам кенг кўламли уруш юз беришига ишонмаяпти. «[Россия президенти] Путин Украина осон ўлжа эмаслигини аллақачон англаб етган», - дея ўз позициясини тушунтирди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, Киев нафақат Москвадан, балки Минск томондан ҳам ҳужум юз беришини кутмоқда. «Кремль Беларусни ютиб юборишга ҳаракат қилмоқда, шунинг учун Украина ҳозир қўшни Беларусь билан чегарани ҳимоя қилишга катта эътибор беряпти», - деди Богдан.

Ҳарбий эксперт маълумотига кўра, Украина Қуролли кучлари Бош штаби Донбассни Украина назоратига қайтариш режасини тайёрлаган. Киев ҳарбий операция имкониятини кўриб чиқади, аммо дипломатик воситалар билан келишишга умид қилади. Шу билан бирга, у бу минтақада ҳужумни бошлаш учун шароитлар ҳақидаги саволга жавоб бермади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россия билан 40та келишувни бекор қилишга тайёрланаётгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид