Ўзбекистон | 09:29 / 21.01.2019
30769
14 дақиқада ўқилади

Ислоҳотлар импорти. Ўзбекистон Грузия тажрибасини ўзлаштириши керакми?

Kun.uz мухбири Шокир Шариповнинг эксперт Юлий Юсупов билан суҳбати давом этади. Суҳбатнинг аввалги қисмларида ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳақида гап борган эди. Бу сафарги мавзу — иқтисодий ислоҳотлар йўлида ижобий натижаларга эришган айрим давлатларнинг тажрибаси ҳақида бўлади.

Tas-IX

YouTube

— Қисқа вақт ичида иқтисодий аҳволини ўнглаб олган давлатлар ҳам бор. Боз устига, уларда ислоҳотлар ташаббуси чекланган инсонлар тарафидан кўрсатилган.

Юлий Юсупов: — Ҳа, XX асрда ҳам, XXI асрда ҳам сиз айтганингиздек, чекланган инсонлар томонидан ислоҳотлар ўтказилган кўплаб давлатлар бор. Кўпгина ҳолларда, айнан авторитар режимларда. Классик мисол — Чилидаги Пиночетдан, ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаганидан бошласак, улар ҳам ислоҳотлар ўтказишган, лекин бу ҳолда сиёсий террор ҳам юз берган ва инсонлар ўлдирилган.

— Балким бу мисолларни олмаслик керакдир?

— Лекин, тан олиш керак, айнан иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар муваффақиятли ўтказилган. Чили ҳозир иқтисодий жиҳатдан Лотин Америкасидаги етакчи давлатга айланган. Ёки Хитойни олайлик, у ерда ҳанузгача авторитар режим ҳукмрон. Яъни у ерда ғарбча демократиядан асар ҳам йўқ, ҳокимият партия ичидаги маълум бир инсонлар гуруҳига — коммунистик партияга тегишли. Яъни, соф авторитар режим. Лекин бир гуруҳ инсонлар, аввало Денг Сяопинг — Хитой ислоҳотлари етакчиси томонидан жиддий иқтисодий ислоҳотлар ўтказилган. 1979 йилда бошланган ислоҳотлардан сўнг Хитой намойиш этган иқтисодий юксалиш жаҳон тарихида мисли кўрилмаган даражага етди.

Ислоҳотлар авторитар режимлар эмас, сиз айтганингиздек, инсонлар гуруҳи томонидан ўтказилгани борасида ҳам мисоллар бор. Масалан, 90-йилларда Болтиқбўйи мамлакатларида. Ислоҳотчилар гуруҳи демократик йўл билан ҳокимиятга эришиб, ислоҳотлар ўтказишади. Шарқий Европа давлатларида ҳам. Грузияда 2004–2005 йилларда ислоҳотлар бошланган ва ҳамон давом этмоқда. Грузия — реал, қўлда чизилмаган сайловларга эга тўлақонли демократик давлат. Оммавий ахборот воситалари ҳам эркин.

Нега Грузия тажрибаси бизга яқин? Чунки у нисбатан яқинда пайдо бўлди ва унгача бўлган ҳолат Ўзбекистондаги вазиятга ўхшаш эди. Ҳа, мамлакат кичкина, у ерда ислоҳот ўтказиш осон, бироқ мен ислоҳотчилардан бири билан гаплашганимда, менга кўпинча айтишадиган гапларни унга айтдим — «Грузия унчалик катта бўлмаган мамлакат, аҳолиси кам, бизда эса 33 миллион, сизларда ислоҳот ўтказиш осон». У шундай деди: «Асло! Хорижий инвесторлар аввалига бизнинг мамлакатга қиё ҳам боқиб қарашмаган, 3 миллионгина аҳолиси бор экан, деб! Бундай кичик давлатда завод қуришдан нима наф — талаб бўлмайди. Сизларда эса 33 миллион. Хорижий инвесторлар сизларга боришади, сизларга қайтага осонроқ бўлиши керак». Хуллас, бу борада қатъий фикр билдириб бўлмайди.

Лекин бошланғич шартларда — бизда жуда ўхшаш вазият ҳукмрон. Худди ўшандай ёмон ўйин қоидалари, ёмон институтлар, қовушмаган солиқ тизими, дабдала банк тизими, давлат бошқарувининг замон билан ҳамнафас эмаслиги. Грузияда чиндан ҳам радикал тизимли ислоҳотлар ўтказилган. Мана шу ислоҳотлардан сўнг иқтисодиёт юксала бошлаган. Ҳа, улар Америка сингари бойиб кетишгани йўқ, буни 5–10 ёки 20 йил ичида амалга оширишнинг имкони ҳам йўқ. Лекин барқарор иқтисодий ўсишга эришишди. Одамларнинг даромадлари оша бошлади. Бинобарин, ривожланишнинг реал истиқболи кўзга ташлана бошлади. У ерда ҳокимият вакиллари аллақачон алмашган, ислоҳотчилар жамоаси ишдан кетган, лекин шундай ўйин қоидалари яратилдики, ҳокимият тепасига келган уларнинг рақиблари тизимни вайрон қилишдан ўзларини тийишди. Улар бу ютуқлардан фойдаланиб, ислоҳотларни давом эттиришмоқда. Эҳтимол, улар буни у қадар муваффақият билан олиб бора олишмаётгандир. Балким илғор ислоҳотчилар жамоаси бўлганида натижалар янада яхшироқ бўларди, лекин улар ўзларигача яратилган нарсани сақлаб қола билишди.

— Сиз «қоидаларни ўзгартиришди», деяпсиз. Қандай қоидалар ўзгартирилди? Нима мамлакатда қисқа вақт ичида иқтисодий ҳолатни ўзгартириш имконини берди?

— Уларда ҳам худди биздагидек, ҳамма нарсани ўзгартириш керак эди. Ҳамма ерда, барча жабҳаларда. Лекин энг асосий ислоҳот бу — маъмурий ислоҳот бўлди. Биринчидан, давлат бажарадиган функциялар қайта кўриб чиқилди. У ерда ҳам биздагидек, давлат бозор иқтисодиётига хос бўлмаган ишлар — иқтисодиётнинг барча соҳаларига аралашиш билан шуғулланарди. Табиийки, бундай шароитларда иқтисодиёт самарали фаолият кўрсата олмас эди. У ерда ҳамма нарса тепадан пастгача бошқарилар эди.

Мана шу кераксиз функциялардан воз кечилди. Бозор иқтисодиёти шароитда давлат шуғулланиши керак бўлганларигина қолдирилди. Шунда ҳам, энг минимум даражада. Нега? Чунки, масалан Францияда давлат ўз гарданига оладиган нарсани бизда ҳам жорий қилиш мумкин эмас. Бизда бу нарсани амалга ошириш учун имкониятлар етарли эмас. Бизда молиявий имкониятлар етишмайди, маҳоратли давлат аппарати йўқ.

Грузинларнинг барчаси чин юракдан тўғрисини айтишган: «мана бунисини эплай оламиз, мана буниси ҳам амаллаймиз, анавиларини эса, гарчи улар француз ва итальянларда бўлса ҳам — қўлимиздан келмайди».

— Демак, ҳақгўйлик ривожланиш воситаси экан-да?

— Худди шундай! Бунга яна радикал кадрлар ислоҳотини ҳам қўшинг. Кўплаб идораларда барчани ёппа ишдан бўшатиб, янги инсонларни ишга қабул қилишган. Бунга қўшимча равишда давлат аппарати кескин қисқартирилган. Модомики, функциялар бартараф этилаётган экан, одамлар ҳам қисқаради. Бу маъмурий ислоҳот ҳақида эди.

Солиқ ислоҳоти. Уларнинг солиқ тизими ҳам бизникига ўхшаш эди. Бизнесга жуда катта солиқ юкламаси тушар эди. Иқтисодиётнинг катта қисми хуфиёна эди. Деярли ҳеч ким солиқ тўламас эди. Улар 22 та солиқдан аввал 7 тасини қолдиришди, ҳозир эса уларда 5 та. Мана шу қолганларида ҳам ставкалар пасайтирилди.

Деярли барча солиқлар олиб ташланди, ҳеч нарса қолмагандек, боз устига, ставкалар пасайтирилган, афтидан, бюджет вайрон бўлиши керак эди. Лекин биринчи йилнинг ўзидаёқ бюджет ўсган… Кейинги йилларда янада кўпроқ ўсган. Яъни, инсонлар ниҳоят солиқ тўлай бошлашган. Тизим бизнесни рағбатлантириш учун яратилганди. Айтайлик, даромад солиғи қолган, лекин бизнес томонидан инвестицияга сарфланадиган даромад солиқдан озод эди. Ўз-ўзидан, тадбиркорда даромадини еб юборишга эмас, уни нимагадир инвестиция қилишга рағбат пайдо бўлади. Шу каби нюанслар кўп.

Меҳнат қонунчилиги ислоҳоти. Грузинларнинг ҳам меҳнат кодекси бизникидек, амалда советча — ўша пайтларга хос, айни кунларда иш бермайдиган нормалар билан қалаштириб ташланган эди. Улар миттигина меҳнат кодекси ёзишди, унинг асосий мазмуни «шартномага қаранг» эди. Яъни «Ходим ва иш берувчи шартномага қаранг, улар қандай шароитларда келишиб ишлашни яхшироқ билишади», дегани.

Ижтимоий таъминот тизими. Жуда ноқулай имтиёзлар тизими жорий этилган эди. Йўлкирага имтиёз ва ҳоказо. Ўша шаҳар транспортида бепул юриш ҳуқуқини олайлик — ахир ундан фақат шаҳарликлар фойдалана олишади-ку? Қишлоқда яшовчи одам бундан фойдалана олмайди. Бу масала имтиёзларнинг пулга чақилиши билан ҳал этилди — барча имтиёзлар пулга айлантирилиб, ижтимоий нафақа сифатида тарқатила бошланди.

Ижтимоий нафақа олиш учун эса анкета тўлдириш керак. Унда қанча ишлаб топишингиз, оилангиз даромади, уйингизда музлатгич борми ва шунга ўхшаш бошқа саволлар ҳам берилади. Бу анкета интернетга юкланади. Ҳар қандай одам уни текшириб кўриши мумкин. Бу жуда мантиқли — чунки солиқ тўлаётган ҳар бир одам пуллари қаёққа сарфланаётганини билишга ҳақли. Агар сиз кимдир нотўғри маълумот берганини кўриб қолсангиз, ариза ёзасиз ва у тасдиқланса, ўша одам нафақадан маҳрум этилади.

Давлат хизматлари тақдим этилишининг кескин яхшиланиши. Масалан, ҳозир сиз квартирангизни сотмоқчи бўлсангиз бир уюм маълумотнома тўплашингиз, нотариусда бир талай ҳужжатларни тасдиқлатишингиз ва ҳоказо ҳаракатларни қилишингиз керак. Булар нега керак? Сиз ҳақингиздаги барча маълумотлар ягона базада сақланиши мумкин — замонавий технологияларнинг бунга қурби етади. Ҳаттоки нотариус ҳам керак эмас. Сиз яшаш жойингиз бўйича идорага келасиз, керакли жойга бармоқ босасиз ёки ID картангизни суқасиз ва айнан ўзингиз эканлигингизни тасдиқлатиб оласиз. Бўлди, ҳеч қанақа қоғоз керак эмас! Биз эса бир қоғозни у идорадан бу идорага олиб чопамиз, ҳолбуки, аллақачон ягона информацион база яратиб қўйишимиз мумкин. Бизни ҳолдан тойгунча чопишга мажбур қилган қоғоз эса сўнгра аллақаёқларда чанг босиб ётади. Грузияда бундай ҳолатлар тўғрилаб чиқилган.

Яна жуда кўплаб ислоҳотлар. Хусусийлаштириш ўтказилган. Масалан, энергетика соҳасида. Ислоҳотларгача Грузияда энергия таъминоти билан боғлиқ вазият Ўзбекистондагидан ҳам баттарроқ эди. Бизда айниқса ҳудудларда вазият жуда ёмон. Айни пайтда Грузия — электр энергияси экспортчиси. Ҳаммаси ислоҳотлар шарофатидан. Электр станциялари хусусийлаштирилди — уларни хусусий қўлларга бериб, ўзаро рақобат қилишларига йўл очилди, давлатда эса электр энергиясини тақсимот қилиш линиялари қолди. Рақобатнинг кучи электр станцияларини камроқ харажат билан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш мажбурлай бошлади. Грузинлар бу соҳада бошқа давлат тажрибасини ўзлаштиришди, холос.

 

Тиббиёт соҳаси. Поликлиника кимга тегишли эканининг нима фарқи бор. Давлат менга ваучер беради — бу бепул хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қоғоз. Мен шу ваучер билан мени қониқтирувчи поликлиникага йўл оламан. Турар жойим бўйича бириктирилганига эмас, айнан менга ёққанига. Давлат кейин ваучер бўйича ўша поликлиникага пул кўчириб беради. Поликлиникалар ўртасида рақобат пайдо бўлади ва энг яхши хизмат кўрсатадигани ютиб чиқаверади. Бу ерда ҳеч нарса ихтиро қилиш керак эмас, шунчаки жаҳон тажрибасини олиб, уни қўллаш керак. Мана шундай ислоҳотлар жуда кўплаб соҳада қўлланилди.

— Улар вазиятнинг тубдан ўзгаришига қанча муддатда эришишди?

— Саноқли йилларда — 3–4 йил ичида.

— Бу ўйлашга мажбур қилади…

— Ҳаммаси ўз қўлимизда. Бизда қайсидир соҳаларда кўпроқ чигал масалалар тўпланиб қолгандир, лекин айрим соҳаларда салоҳиятимиз Грузиядагидан кўпроқ. Хўш, фарқ нимада? Грузияда бу ислоҳотларни ўтказган ягона жамоа бўлган.

Бизнинг мамлакатимиз эса катта, ўз соҳасида иш юритадиган кўпроқ ислоҳотчилар керак. Улар эса йўқ. Назаримда, бизда ислоҳотларнинг депсинишига сабаб бўлаётган энг асосий муаммо — кадрлар етишмовчилиги.

Биринчидан, бизда давлат хизмати шундай қурилганки, инсон у ерга тушгачгина хизмат пиллапояларидан кўтарила бошлайди. Яъни, танлов асосида эмас. Айтайлик, вазир ёки туман ҳокими лавозимига бўш ўрин бор. Бу лавозимга одам қандай танланиши керак? Танлов эълон қилиниши лозим. Давлат хизматида аввал ишлаганми-йўқ, истаган инсон унга ариза ташлаши мумкин бўлиши керак. Ва қандайдир маҳоратли инсон энг яхшисини танлаб олиши керак.

Бизда эса бундай ишлар қандай амалга оширилиши тушунарсиз. Фақатгина президентнинг ташаббуси билан сўнгги вақтларда хорижда ўқиган, бизнес одамлари илгари сурила бошланди. Лекин улар саноқли. Амалдорларнинг катта қисми хизмат пиллапояларида кўтарилишда, бюрократик тизим ичида ҳаракатланишда давом этмоқда. Улар бир лавозимдан бошқасига ўтказилади. Боз устига, айтайлик, банк секторида ишлай оладиган одам қишлоқ хўжалигига бориб тушмоқда.

— Ҳа, айнан бир инсонларни у жойдан бу жойга кўчиришдек тасаввур уйғотмоқда.

— Чунки кадрлар етишмовчилиги бор.

— Сиз танловни тилга олдингиз. Улар ўтказиладими?

— Унақа танловлар йўқ. Муаммо шундаки, қартадек чийланаётган амалдорлар ичида аслида ислоҳотларни ўтказа олишга қодир бўлганлари жуда кам. Нега? Чунки узоқ йиллар давомида саводли ва ташаббускор инсонларга талаб бўлмади. Талаб сал бошқачароқ инсонлар — топшириқни бажара оладиганларга эди. Масалан сизга «кўча ўтказ», дейилса бас, у жойда инсонлар яшаётган хонадонлар бўлса ҳам ҳамма ерни вайрон қилиб кўча ўтказилади. Бошқаларга эса… «Пахтани тер», дейиладими, фермерларни турли йўллар билан азоблаб, режани бажаришга мажбурлайсан. Уларни тиззасигача ариқдаги сувга туширасан, калтаклайсан, лекин режани уддалашга мажбурлайсан. Ана шундагина сен яхши менежер ҳисобланасан. У тизимда ташаббус кўрсатиш ўлимга тенг эди ҳаттоки «ташаббус жазоланади», деган ибора ҳам бор эди. 

Мавзуга оид