Спорт | 21:43 / 13.06.2019
41715
2 дақиқада ўқилади

Манба: Очилбой Раматов ЎФА раҳбарлигидан кетиши кутилмоқда

Ўзбекистон Футбол ассоциациясида президент ҳам ўзгариши мумкин.

Tribuna.uz манбасининг маълум қилишича, 2018 йил 25 январдан буён ЎФА президенти бўлиб ишлаб келаётган Очилбой Раматов лавозимини тарк этиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Раматов ЎФА президентлигидан ташқари Транспорт вазири ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаб келмоқда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон футболини амалдорлар бошқариши янгилик эмас. ЎФФни 12 йил бошқарган Мираброр Усмонов ўз вақтида мамлакат савдо вазири бўлган. ЎФФда раҳбар бўлган вақтида эса у сенатор ҳам эди.

Усмоновдан олдин ҳам расмий шахслар ўзбек футболи раҳбариятида ишлаган. 1995-2005 йилларда ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган генерал-майор Зокир Алматов бир вақтнинг ўзида ЎФФга ҳам раҳбар бўлган. 2008-2009 йилларда эса ҳозирда ДХХ раиси бўлиб ишлаётган, ўша вақтда Ички ишлар вазири ўринбосари сифатида ишлаган Абдусалом Азизов ЎФФ вице-президенти бўлган.

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз аризасига кўра истеъфога чиқди. Унинг ўрнига ФИФА рефереси Равшан Эрматов тайинланиши кутилмоқда.

ЎФАнинг янги раҳбарияти эртага ташкилот биносида ўтказиладиган йиғилишда аниқ бўлади.

Мавзуга оид