Ўзбекистон | 11:54 / 06.11.2019
4389
2 дақиқада ўқилади

Норвегия Орол денгизи минтақаси учун Траст фондига қўшимча маблағ ажратади

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Норвегия Қироллигининг Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби А.Халворсен бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида мавжуд фойдаланилмаган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, енгил саноат, энергетика ва ахборот технологиялари соҳасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, Норвегияга Ўзбекистон мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш бўйича ҳамкорликнинг аниқ схемаларини кўриб чиқдилар.

Норвегия томони Ўзбекистон ҳукуматининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини фаоллаштириш орқали Ўзбекистон ҳукуматининг жаҳон савдо тизимига кириш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади.

Норвегия ишбилармон доираларининг 2020 йилда Тошкент халқаро инвестиция форуми ишида иштирок этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Норвегия томони БМТ шафелигида Орол денгизи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди фаолиятини молиялаштириш доирасида қўшимча маблағ ажратишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида келгуси йилнинг баҳорида норвегиялик мутахассисларни турли соҳаларда, хусусан соғлиқни сақлаш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид