Ўзбекистон | 15:43 / 06.01.2020
11605
2 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев Қашқадарё вилоятида мактаблар етишмаслигига эътибор қаратди

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев 2019 йил якунлари ва 2020 йилги вазифаларга бағишланган брифингда умумтаълим мактабларига қатнов муаммоларига тўхталди.

«Мактаблардаги қатнов (смена) бўйича энг оғир вилоятлардан бири Қашқадарё бўлса керак. Тезлик билан ҳеч бўлмаганда, мактабларга қўшимча бинолар қурилишини бошлаб, муаммони бироз бўлса-да, енгиллатишимиз лозим.

Ўтган йили инвестиция дастурига асосан ижтимоий соҳада 328 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. 64та мактаб, 42та боғча қурилган ва капитал таъмирланган. Аммо, муаммо юки ҳамон оғирлигича қолмоқда. Бу йил инвестиция дастури асосида 23та умумтаълим мактаблари қурилади.

Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги керак. Тўғри, уч йил олдин боғча қураман деган тадбиркорнинг ўзи йўқ эди.

Бугун соҳага қизиқиш ортмоқда. Шунга қарамай, яқингача МТМларга қамров 37,8 фоиз эди, айни пайтда бу кўрсаткич 47,6 фоизга кўтарилди. Аммо бу рақам ҳам ҳали ҳеч биримизни қониқтирмайди», — дея Зойир Мирзаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ҳамда Шаҳрисабз туманидаги янги маҳаллада мактаблар етишмаётгани юзасидан журналистик суриштирувлар эълон қилинганди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид