Ўзбекистон | 21:00 / 14.02.2020
35770
2 дақиқада ўқилади

Яна бир вазир ўринбосари ректор бўлди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Ботир Шукуриллаевич Усмонов Тошкент кимё-технология институти ректори лавозимига тайинланди.

Ботир Усмонов / Халқаро пресс-клуб

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Тошкент кимё-технология институти ректори Шуҳрат Аҳмаджанович Муталов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинган.

2001 йилдан буён мазкур институтда турли лавозимларда ишлаган Шуҳрат Муталов 2017 йил июнидан буён институтга раҳбарлик қилиб келаётганди. Айни вақтда у қайси лавозимда фаолиятини давом эттириши тўғрисида маълумот йўқ.

Шуҳрат Муталов

Унинг ўрнига Ботир Шукуриллаевич Усмонов институт ректори лавозимини эгаллаган. 

Ботир Усмонов 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, 1993 йилда Қозон давлат техника университети, 1999 йилда Андра университети (Ҳиндистон), 2001 йилда Ҳамбург техника университетини тамомлаган.

2013-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан бўйича ўринбосари бўлган, 2016-17 йилларда В.М.Ломоносов номли Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали «Амалий математика ва информатика» кафедраси доценти бўлган, 2017 йили Тошкент ахборот технологиялари университетида илмий ишлар бўйича проректор, 2017-2019 йилларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор бўлган. 2019 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан аввалроқ Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров Тошкент давлат педагогика университетига, Мактабгача таълим вазири ўринбосари Собитхон Турғунов эса Наманган давлат университети ректори лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид