Фото: Қочқинлар яна Европани «қамал қилмоқда»
Грецияга ўтмоқчи бўлган 10 минг нафарга яқин мигрантлар Туркия билан чегара яқинида тўхтатилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати расман хабар берди.
Грецияга ўтмоқчи бўлган 10 минг нафарга яқин мигрантлар Туркия билан чегара яқинида тўхтатилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған шанба куни Европа ҳудудига ўтмоқчи бўлган қочқинлар учун чегара очиб юборилишини маълум қилганди.
«Биз кеча чегараларни очиб қўйдик (...) Мамлакатимиз қочқинларнинг янги тўлқинини қабул қилиш ҳолатида эмас», деганди у.
Туркия Сурия, Афғонистон ва бошқа давлатлардан жами 3,7 миллион атрофидаги қочқинни ўз ҳудудига жойлаштирганди. 2016 йил Европа Иттифоқи билан келишувга кўра, турклар 6 млрд евро миқдоридаги молиявий ёрдам эвазига улар Европага ўтиб кетмаслигини таъминлашни ўз зиммасига олганди.
Яна 3,5 млн атрофидаги қочқинлар Суриянинг мухолифат кучлари томонидан назорат қилинадиган Идлиб вилояти шимолида, Туркия билан чегара ҳудудида бўлиб турибди.
Ўтган йилнинг декабридан буён Эрон ва Россия кўмагидаги Сурия ҳукумати қўшинлари Идлибни тўла эгаллаш учун юришни давом эттирмоқда. Агар ҳукумат қўшинлари мақсадига эришса, Туркияга қочқинлар оқими икки баробар ортиши мумкин.
Эрдўған Европа чегараларини очиб юбориши қарорини Идлибда Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан ҳужум оқибатида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлиши ортидан қабул қилди.
Греция бош вазири Кириакос Мицотакис якшанба кунининг иккинчи ярмида чегарадаги вазиятни муҳокама қилиш учун хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди.
ЕИнинг ташқи чегаралар назорати бўйича Frontex агентлиги Туркиядан қочқинлар оқими кучайгани сабабли Евроҳамжамият чегараларини ҳимоя қилиш бўйича тайёргарликни юқори даражага кўтарди.
Грецияда нималар бўлмоқда?
Грек полицияси маълумотига кўра, чегаранинг Туркия томонида тўпланган одамлар грек чегарачиларига ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига тошлар ва металл буюмлар улоқтиришмоқда.
Тахминан 300 нафар қочқин 7та қайиқ орқали Лесбос оролига, 150 нафари 4та қайиқда Самос оролига, яна 70-80 киши иккита қайиқда Хиос оролига етиб келган.
Грециянинг Кастанис шаҳри яқинидаги ҳудуддан ўтган дарёда ҳам сувни кечиб ўтаётган одамлар гуруҳини кўришган.
Қочқинларнинг бир қисми Эврос вилояти четида тўсиб қўйилган.
«Улар [Туркия ҳукумати] уларни нафақат ўтказиб юбормоқда, балки уларга буёққа ўтиб келишлари учун ёрдам кўрсатишмоқда», - деган телевидение орқали чиқишида мамлакат Мудофаа вазири ўринбосари Алкивиадис Стефанис.
Европа Иттифоқи Афина ва Софияга чегарани қўриқлашда ёрдам ваъда қилган. 5 март куни Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашуви ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
14:48 / 24.11.2024
Лондон ЕИ билан муносабатларни тиклаш учун музокарачи қидирмоқда
18:56 / 19.11.2024
ЕИ Хитой компанияларидан ишлаб чиқаришларини Европага жойлаштиришни талаб қилади
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
17:48 / 06.11.2024