Жаҳон | 14:30 / 05.03.2020
39131
15 дақиқада ўқилади

«Баҳор қалқони»: Туркия Идлибда кимларни ва нега ҳимоя қилмоқда?

Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған пайшанба куни Москвада Суриянинг Идлиб вилоятида юзага келган кескин вазиятни муҳокама қилишади. Сўнгги кунларда Москва ва Анқара ўртасида бу мавзу бўйича етарли даражада кескин баёнотлар алмашинуви кузатилди, шунинг учун бўлажак музокара оддий бўлмаслиги тайин.

Фото: Getty Images

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков шу кунларда мулоқотдан асосий мақсад - «Идлибдаги инқироз, бу инқироз сабаблари ва зарарли оқибатлари, уни тўхтатиш учун зарур чоралар бўйича якдил фикрга келиш» ҳисобланишини айтганди.

Ўз навбатида, Эрдўған Россия пойтахтидаги музокаралар «Сурияда ўт очиш зудлик билан тўхтатилишига олиб келиши»дан умидворлигини билдирган.

Шу билан биргаликда, Туркия раҳбари АҚШ президенти Дональд Трампдан Идлибдаги ҳарбий амалиёт давом эттирилиши учун Анқарани қурол ва ўқ-дори билан таъминлашини сўраган.

Идлибда нималар бўлмоқда?
2018 йил сентябрида Россия, Туркия ва Эрон раҳбарлари Сурия шимоли-ғарбида ўт очишни тўхтатиш ва Идлиб атрофида ҳарбийлардан холи ҳудудни барпо этиш бўйича келишувга эришганди: унга кўра, Туркия бу ҳудуддаги ҳарбий гуруҳларни қуролсизлантириши ва жангариларни тўлиқ бартараф этиши кўзда тутилганди.

Аммо бу режалар амалга ошмади. Сўнгги ойларда Россия бир неча марта Туркия ўз  мажбуриятларини бажармаётганини ва бу ҳудуддаги террорчиларни олиб кетмаётганини маълум қилди. Эрдўған эса Путинни Суриядан кетишга чақирди.

Ўтган ҳафтада Идлибдаги вазият янги фазага кирди: Туркия Сурия армиясига қарши «Баҳор қалқони» амалиётини бошлади. Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқар бу амалиёт 27 февраль куни «турк ҳарбийларига қилинган пасткашларча ҳужум»га жавобан бошланганини маълум қилди.

Сешанба куни Туркия Мудофаа вазирлиги турк ҳарбийлари Сурия армиясининг Идлибдаги позицияларига зарбалар беришда давом этаётгани ва тўққизта танк, иккита гаубица, олтита кўп стволли ракета учиргич, яна иккита ҳарбий транспорт воситаси йўқ қилингани, шунингдек, суриялик 299 нафар аскар ўлдирилгани ҳақида маълум қилди.

Москва ва Анқара низоси қандай шаклланди?
Ўтган ҳафтада Эрдўған Сурияда россиялик ҳарбийлар бўлиши юзасидан кескин фикрлар билдирди ҳамда Путинни Туркияни сурияликлар президенти Башар Асад билан холи қолдиришга чақирди.

«Мен кеча Путинга дедим: «У ерда (Сурияда) нима қиляпсизлар? Йўлимиздан қочинг ва бизни режим билан [Асад] яккама-якка қолдиринг... Ишонинг, биз керакли ишни қиламиз», - деганди турклар етакчиси ҳукмрон партия йиғилишида. У турк аскарлари Сурияга Асаднинг таклифи билан эмас, Сурия халқи истагига биноан кирганини қўшимча қилган.

Бунга жавобан Песков Россия ушбу ҳудудда қонуний ҳукумат рухсати билан ҳаракатланиши ва Россия Сурияда қонуний асосда бўлиб турган ягона давлат эканини маълум қилди.

«Бошқа давлатлар ҳарбийлари Сурияда халқаро ҳуқуқ ва нормаларни бузган ҳолда бўлиб турибди», - деган Песков.

Кремль ҳам Анқарани ўтган йил октябрида Сочида икки давлат президентлари иштирокида тузилган келишувга амал қилмасликда айблади. Иккинчи Сочи келишувида айнан Анқара Идлибдаги деэскалация ҳудудидан артиллерия қуроллари ва бошқа оғир ҳарбий техникалар олиб кетилиши, бу ҳудуддаги ҳарбий кучларни қуролсизлантириш мажбуриятларини зиммасига олганди.

Кейинроқ турклар етакчиси ўз позициясини изоҳлаб, на Россия ва на Эрон турк армиясининг Суриядаги нишони бўлмаслигини таъкидлади.

Кўпчиликнинг фикрича, Эрдўған учун энг муҳими - мамлакат ичкарисидаги энг кучли сиёсатчи бўлиб қолиш / AFP

«Мен яна бир бор Россия ва Эронга юзланаман. Туркиянинг Сурияда бу давлатлар билан муаммоси йўқ. Туркиянинг Суриядаги кураши сарҳадларни кенгайтириш уриниш ҳам, стратегик базага эга бўлиш ҳам эмас. Биз Сурияда ушбу мамлакатдан қочиб, ўлкамизга оқиб келаётган миллионлаб одамлар келтириб чиқарган гуманитар инқирозни ҳал этиш, шунингдек, сарҳадларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун курашмоқдамиз. Икки масала ҳам биз учун жуда муҳимдир», - деди у. Шу билан биргаликда, турклар президенти Идлибда ҳужумлар давом эттирилиши ва у ерда шаҳид бўлганларнинг ҳар бири учун жавоб қайтарилишини маълум қилди.

Туркия Мудофаа вазири чоршанба куни Туркиянинг Идлибдаги вазифаси - «Асад режимининг жиноятларини тўхтатиш, радикаллашувни йўқ қилиш [жангари гуруҳлар] ва миграция оқимининг олдини олиш» эканини айтди.

Аммо Россия Мудофаа вазирлигига Туркиянинг позициясини маъқул эмас. Вазирлик чоршанба куни Анқара Идлибдаги деэскалация ҳудудига механизациялашган ҳарбий гуруҳларни ташлагани ва бу билан халқаро шартномани бузганини билдирди.

Вазирлик расмийси Игорь Конашенковнинг айтишича, Россиянинг Хмеймимдаги авиабазаси ва Суриядаги шаҳарлар ҳар куни жангарилар томонидан артиллерия зарбаларига учрамоқда ва бунга Туркия ҳарбийлардан холи ҳудуд тузиш бўйича мажбуриятини бажармагани сабаб бўлмоқда.

Конашенковнинг қайд этишича, Туркия қуролли кучларининг Идлибдаги кузатув постлари шундай жойлашганки, бу постлар ҳудуддаги террорчи гуруҳларни ҳимоялаш вазифасини ҳам бажаради ва бу Сочи келишуви шартларига зиддир.

Экспертлар нима дейишмоқда?
Сиёсатшунослар ҳозирги вазиятда Сочи келишувларига амал қилиш тобора қийинлашиб бораётган бўлсада, Россия ҳам, Туркия ҳам ўзаро муносабатларни совуқлаштиришдан манфаатдор эмасликлари ҳақида фикрлар билдиришган.

Масалан, Россия фанлар академиясининг Шарқшунослик институти бош илмий ходими Ирина Звягельская Москва ва Анқара Суриядаги сиёсий манфаатлар учун ҳамкорликдаги кўплаб лойиҳаларни йўққа чиқармасликларига ишонч билдирган. Унинг айтишича, Эрдўған Идлиб масаласидаги кескин баёнотлари билан ички сиёсат майдонида рейтингини сақлашга ҳаракат қилмоқда.

Турк сиёсатшунослари - Глазгодаги Каледон университетидан бўлган Умут Қўрқут ва Тарк Бошбукўғлининг фикрича эса Эрдўған миллий партия томонидан катта босимга дуч келган, миллатчилар уни Сурия режимининг сўнгги ҳаракатларига жавоб сифатида уруш бошлашга ундамоқда.

Бундан ташқари, турклар президентига унинг коалициядаги ҳамкори, ультрамиллатчилар етакчиси Давлат Боғчали томонидан босим уюштирилмоқда. Financial Times нашрининг ёзишича, у президентни Москва ва Дамашқ билан муносабатларда қатъий позицияни эгаллашга чақирмоқда.

Яқин Шарқ масаласи бўйича эксперт Михаил Магид эса Идлибдаги кучлар мувозанати айни вақтда Россия эмас, Туркия фойдасига эканига эътибор қаратган ва Москвадаги музокаралар осон кечмаслигини прогноз қилган.

Туркия Идлибда кимни ва нега ҳимоя қилмоқда?

Дамашқ ва Москва «Идлиб деэскалация» ҳудудига бошланган ҳужумни бу ҳудуд террорчилар томонидан бошқарилаётгани, Туркия эса улар билан бирга эканини изоҳ қилиб келтирган. Экспертлар баҳосига кўра, Идлибда асосан радикал кучлар ўрнашган, аммо бу Туркия ва Эрдўғанни ташвишга солмайди.

Идлибдаги кучлар мувозанати

Идлибда Башар Асад армиясига ва унинг иттифоқчиларига кимлар қарши турмоқда, Туркия армияси нима учун бу гуруҳлар билан бир томонда туриб уришмоқда?

2018 йил сентябрида Россия, Туркия ва Эрон ўт очишни тўхтатиш ва Идлибда ҳарбийлардан холи ҳудуд барпо этиш бўйича келишувга эришган, унга кўра бу минтақада Туркия кўмагидаги мўътадил кучлар - Башар Асад мухолифати жангарилардан устун келиши кўзда тутилган эди. 

Аммо бу амалга ошмади.

«Ҳайъат Таҳририш Шом»
«Ҳайъат Таҳририш Шом» - радикал кучлар коалицияси бўлиб, кўплаб давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Бу гуруҳ номи «Жабҳатун Нусра» («Ал-Қоида»нинг Суриядаги қаноти) қаторида БМТнинг халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

«Ҳайъат Таҳририш Шом» 2017 йилда «Ал-Қоида», «Жабҳатун Нусра» ва бошқа яна бир қанча кичик гуруҳлар иттифоқи сифатида тузилган. Лекин кейинроқ ташкилот яна парчаланган.

Бу гуруҳ вакиллари ташкилот тўла мустақил эканини иддао қилишади, аммо унинг душманларининг ҳисоблашича, гуруҳ ғоялари ва моҳияти аввалгидек қолганини айтади. «Улар «Ал-Қоида» байроғини кўтариб юришади, улар чиндан ҳам «Ал-Қоида» услубларида ҳаракатланишади», - деган Би-би-си билан суҳбатда Башар Асад тарафдори бўлган Сурия парламенти депутати Форис Шиҳобий.

Идлибдаги қочқинлар лагерларида юз минглаб қочқинлар йиғилган / GETTY IMAGES

БМТнинг Суриядаги вазият бўйича январь ойидаги ҳисоботида «Ҳайъат Таҳририш Шом» жангарилари сони 12-15 минг атрофида экани кўрсатилган. Бу гуруҳ Идлибда Башар Асад армияси ва унинг иттифоқчиларига қарши турган энг яхши жанговар тайёргарликка эга кучдир.

«Ҳайъат Таҳририш Шом» Сочи келишуви тузилган вақтдаёқ Идлибдаги энг катта таъсирга эга бўлган куч эди, шундан кейинги тўқнашувларда ташкилот янада мустаҳкамланиб борди ва бугунги кунга келиб Идлибдаги Башар Асад кучлари етиб бормаган деярли барча ҳудудни назорат қилади.

«Ҳайъат Таҳририш Шом» Идлибда «қутқарув ҳукумати» номли фуқаролик маъмуриятини ҳам тузган ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу ҳукуматда минглаб кишилар ишлайди», деган Би-би-сининг мустақил таҳлилчиси Айман Жавод Ат-Тамимий.

Миллий озодлик фронти
Миллий озодлик фронт (МОФ) - Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган, қуроллантириладиган ва молиялаштириладиган гуруҳлар коалициядир. Бу гуруҳ ўтган йил кузида Сурия миллий армияси (аввалги Сурия озодлик армияси) - Сурия ҳудудидаги йирик қуролланган тузилма таркибига қўшилган. Бу тузилма Туркия армияси билан ҳамкорликда Сурия шимолида курд бўлинмаларига қарши жанглар олиб борганди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Миллий озодлик фронти ва туркларнинг таъсиридаги бошқа кичик гуруҳлар сафидаги жангчилар сони 22 мингдан 50 минггача етади. Америкадаги The Century Foundation маркази таҳлилчиси Арон Лунд ва бошқа кўплаб экспертларнинг фикрича эса, МОФ «Ҳайъат Тахририш Шом»дан анча кучсизроқдир.

«Уларда ҳамжиҳатлик, логистика ва ташкилийлик етишмайди, улар яхши қуролланмаган ҳам. Лекин улар барибир ўзларини бошқаларнинг ўрнини босувчи жонли куч сифатида намоён этади, улар Туркияга яқин, Идлибдаги воқеалар ривожи кўп жиҳатдан уларга ҳам боғлиқ», - деди Лунд Би-би-си мухбирига.

Миллий озодлик фронти артиллериячиси Асад армияси позициясини ўққа тутмоқда / AFP

Бошқалар ва хорижликлар
Юқорида номлари келтирилган икки коалициядан ташқари, Идлибда бошқа турли майда гуруҳлар ҳам ҳаракатланади.

Экспертлар улардан энг номдорларидан бири сифатида «Ҳурросуд-Дин» («Эътиқод муҳофизлари»)ни келтиришади. Бир неча йил олдин «Ҳайъат Таҳририш Шом»дан ажралиб чиққан бу гуруҳни кўпчилик «Ал-Қоида»нинг Суриядаги ўринбосари (ёки филиали) деб ҳисоблайди. Ўз-ўзидан кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ, Россия ва бошқалар бу гуруҳни  террорчи ташкилотлар қаторига киритган.

Кузатувчиларнинг баҳолашича, «Эътиқод муҳофизлари» сўнгги вақтларда «Ҳайъат Таҳририш Шом» билан ҳамкорлик қилмоқда. БМТнинг январдаги ҳисоботига кўра, бу гуруҳ таркибида 3500-5000 киши бор.

Бундан ташқари, Идлибда «Ҳайъат Таҳририш Шом»нинг иттифоқчиси бўлган шинжонлик уйғурлар томонидан тузилган «Туркистон ислом партияси», Суриядаги фуқаролик уруши вақтида келган ўзбекистонликлар, тожикистонликлар, чеченистонликларнинг гуруҳлари ва бошқа  жангарилар мавжуд.

Асад ҳукуматининг тасдиқлашича, Идлибдаги хорижий жангарилар сони - 30-40 минг атрофида. Аммо Британия Қироллик институти тадқиқотчиси Рафаэлло Пануччининг фикрича бу бўрттирилган рақамлардир.

«Оила аъзолари билан қўшиб ҳисоблаганда ҳам уларнинг сони бир неча мингдан ошмайди», - деган Пануччи Би-би-си мухбирига.

Туркия нима учун урушмоқда?
Идлибда қуролли жангарилар ва Асад режимининг бошқа мухолифлари сафидаги ҳарбийлар сони ўн минглаб нафарни ташкил этади, аммо бу вилоятда яшовчи тинч аҳоли вакиллари сони улардан йигирма баравар кўпроқ.

Идлиб вилояти 6 минг квадрат километр майдонни эгаллайди ва бу ерда фуқаролик урушидан олдин бир ярим миллионга яқин киши яшаган. Ҳозирда бу жой «Иккинчи Ғазо сектори»га айланган: вилоят ҳудудининг ярмини Асад кучлари эгаллаб қолган, қолган қисмида эса БМТ ҳисобларига кўра уч миллионга яқин киши яшамоқда, уларнинг учдан бир қисми болалардир

Ўтган йил декабрида Асад ҳарбийлари ва унинг россиялик ҳамда эронлик иттифоқчилари Идлибни тўла эгаллаш учун ҳужум бошлаши оқибатида бу ҳудуддаги тинч аҳоли вакилларининг кўпчилик қисми бошпаналарини ташлаб, Туркия билан чегаралар яқинига сурилди - айни вақтда чегара яқинидаги қочқинлар лагерларида қарийб бир миллион киши бор.

Туркия эса ўтган йиллар давомида 3,7 миллионга яқин суриялик қочқинни қабул қилиб бўлган ва бу дунёнинг бошқа мамлакатларидаги қочқинларнинг жами сонидан кўпдир. «Турк жамиятининг қочқинларга нисбатан ошиб бораётган норозилиги Эрдўғанни «мамлакати бундан кейин бошқа қочқин қабул қила олмаслиги» ҳақида эълон қилишга мажбурлади», дейилади Financial Times нашрида чиққан таҳлилий мақолада.

Идлиб шимолидаги қочқинлар лагерлари кўриниши, 2018 йил сентябрь / DIGITALGLOBE
2019 йил декабрь / DIGITALGLOBE

Ташқи кузатувчиларнинг фикрича, Эрдўған бошчилигидаги Туркия Идлибни ҳимоя қилишининг яна бир сабаби - бугунги кунда сунний Туркия Суриядаги суннийларни Асаднинг шиалардан иборат ҳукумати ва унинг иттифоқчилари - эронлик шиалардан ҳимоя қилаётган ягона куч бўлиб турибди ва бу Эрдўғанни янада кучли ва қатъиятли етакчи сифатида намоён қилади.

Кўпчилик шарҳловчиларнинг якдил фикрича, бугун Эрдўған учун қочқинлар муаммосини ҳал қилиш ҳам, кучли етакчи мақомини сақлаб туриш зарурати ҳам Идлиб ва умуман, Сурия билан боғлиқ муҳим масалага айланган. Бу эса ўз навбатида ички сиёсий муаммоларга ечим бўлиши, Туркия ичкарисида унинг нуфузи ошишига олиб келиши мумкин. Шу туфайли, Идлибдаги иттифоқчиларнинг мафкураси ва уларнинг халқаро рўйхатларда қандай номда қайд этилгани – булар Туркия президенти учун иккинчи даражали масала ҳисобланади.

Мавзуга оид