Ўзбекистон | 21:37 / 03.04.2020
20173
2 дақиқада ўқилади

130га яқин украиналик Ўзбекистондан кета олмаяпти

Украинанинг Ўзбекистонда бўлиб турган 130 нафарга яқин фуқароси ўз уйига кета олмаяпти. Бу ҳақда херсонлик Руслан Камаловнинг мурожаати Украинанинг 24TV телеканалида кўрсатилган.

24TV эфиридан кадр

«Одамлар қийин ҳолатда, кўпчиликнинг пули тугамоқда. Ташқи ишлар вазирлиги алоқага чиқмаяпти», деган Камалов телеканал эфирида.

Камаловнинг айтишича, у ва бошқа украиналиклар ватанларига қайтишга улгурмай қолишган.

«Президент Владимир Зеленский хориждаги украиналикларда қайтиб келиши учун 3 кун муҳлат деб эълон қилганида Ўзбекистон чегараларини ёпиб бўлганди», – дейилади хабарда.

Қайд этиш керак, Украина президент 13 март кунги мурожаатида хориждаги ватандошларни 17 мартга қадар мамлакатга қайтиб келишга чақирган. Ўзбекистон эса 16 мартдан бошлаб чегараларни ёпган, шунга қарамай чет эл фуқароларининг мамлакатни тарк этишига тақиқ қўйилмаган эди.

Украин телевидениесига мурожаат қилган фуқаро Руслан Камаловга кўра, кейинроқ Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси фуқароларни эвакуация қилишга сўз беради.

«Менинг гапларим эфирда кетгач, консуллар қўнғироқ қила бошлашди. Улар киши бошига 200 евродан пуллик эвакуация таклиф қилишди. Ҳамма рози бўлди», дейди Камалов.

Ўзбекистондаги украиналиклар бу келишувнинг эртасига, 31 март куни эвакуация ташкил қилиниши ҳақида эшитишади, лекин рейс амалга ошмайди.

«24 апрелгача уча олмаслигимизни айтишди. Лекин менимча, бу жуда кеч», – дейди у.

Камаловнинг айтишича, консуллик ҳар бир кишига 50 доллардан пул ажратиши мумкин, лекин бу пул уч кунга ҳам етмайди:

«50 долларни олиш учун ҳам айни вақтда даромадимиз йўқлиги, ҳеч кимдан кўмак олмаётганимизни исботлайдиган бир дунё ҳужжат тўплаш керак. Бу ҳужжатларни тўплаб бўлмайди, ахир ҳеч қаер ишламаяпти».

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги украиналиклар ўз пуллари эвазига ҳам ватанларига қайтишга рози:

«Биз чарчадик. Ҳамма ўз ҳисобидан бўлса ҳам кетишга тайёр. Орамизда аёллар, болалар ва ёши катталар бор», деган Руслан Камалов.

Мавзуга оид