22:40 / 04.04.2020
23049

Данғара туманига янги ҳоким тайинланди

Ёзёвон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Тожиҳакимов Данғара тумани раҳбарлигига тайинланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

4 апрель куни халқ депутатлари Данғара туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қарорига кўра Шуҳратжон Нурмуҳаммадович Тожиҳакимов Данғара тумани ҳокими этиб тайинланди. 

Шуҳратжон Тожиҳакимов бунга қадар Ёзёвон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. 

Данғара туманининг аввалги раҳбари Саидмурод Аминжонов шу йилнинг февралида вилоят ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Абдуллаев Данғара тумани ҳоким вазифасини бажариб келаётганди.

Бундан аввалроқ Фарғона вилоятида икки шаҳар ҳокими ўзгарган, Қувасой шаҳри ҳокими Адҳамжон Зиёвуддинов Марғилон шаҳрига, вилоят уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган Равшан Раҳимжонов Қувасой шаҳрига раҳбар этиб тайинланганди.

Top