Хитойдан кийим келтириб сотувчи Қумри Қодированинг исми данғараликларнинг тилига бир ойда икки марта тушди: аввалига данғиллама тўй қилиб, якка-ю ягона ўғли Жамшидни уйлантиргани ҳақидаги гап эл оралаган бўлса, кўп ўтмай одамлар унинг яшаш хонадони ёниб кетгани, уйдан ўзи ва янги келин-куёвнинг мурдаси топилганини гапира бошлашди. Аммо ёнғин бахтсиз ҳодиса эмас, мудҳиш қотилликни яшириш учун қўлланган чора эканини, ўша тунда уйда бўлган 3 киши ваҳшийларча сўйиб ташланганини ҳамма ҳам билмасди.

Фарғона вилояти Данғара туманида содир этилган мудҳиш жиноят гарчи орадан қарийб 10 йил ўтганига қарамай у ҳақда эшитганларни ҳамон ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур қилади. Негаки, кўпчилик туманнинг Гулистон кўчаси 38-уйда содир бўлган ёнғинни аввалига бахтсиз ҳодиса деб ўйлашганди. Аммо олов мудҳиш жиноятни яшира олмайди: кўп ўтмай бу аслида қотиллик экани ойдинлашади.

Тундаги ёнғин 

Данғара туманида яшовчи Қумри Қодирова савдогарлик қиларди. Хитой давлатидан кийим-кечак келтириб сотиш билан шуғулланган аёл якка-ю ягона фарзанди Жамшидни ёлғиз ўзи улғайтирганди. Атрофда яшовчилар уни пулдор аёл сифатида танир, савдогарлиги ортидан унча-мунча бойлик орттириб қўйган, деб билишарди.

2016 йилнинг 29 ноябрдан 30 ноябрга ўтар кечаси Қумри Қодирова яшаб келган хонадонда ёнғин чиқади. 30 ноябр куни эрта тонгдан маҳаллага савдогар опанинг уйи ёниб кетгани ҳақидаги гап тарқалади. Эшитган эшитмаганга шивирлар, кимдир газдан деса, яна кимдир бошқа тахмин айтарди. Бироқ кўп ўтмай одамлар тилидаги бу тахминлар йўққа чиқади: ёнғин хавфсизлиги ходимлари оловни ўчириш жараёнида Қумри Қодирова, ўғли Жамшид Қодиров ҳамда келинининг кўмирланиш даражасида термик куйган мурдаларига дуч келишганди.   

Девордаги туйнук ва йўқолган сейф

Ёнғин содир бўлган хонадонни ўрганиш чоғида ҳеч ким яшамайдиган қўшни ҳовли девори бузилиб, одам сиғадиган туйнук очилгани ҳамда уйдан темир сейф йўқолгани маълум бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида бу босқинчиликдан сўнг содир этилган қотиллик эканига, хонадонга жиноят изларини йўқотиш учун ўт қўйилганига шубҳа қолмайди. Аммо ушбу мудҳиш жиноятни ким ёки кимлар қилган?

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тезкор қидирув-суриштирув ишлари бошланади. Жиноят Қумри Қодировани таниган-билган, унинг иқтисодий аҳволидан хабардор бўлган шахс томонидан содир этилгани аниқ эди. Бироқ ҳа деганда калаванинг учи топилавермайди.