Ўзбекистон | 13:56 / 06.05.2020
35460
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё «яшил» ҳудуд. Вилоят карантиндан чиқмоқда

7 май кунидан Қарши шаҳрида йўналишсиз таксилар фаолиятига рухсат берилади. Бунда машинада йўловчилар сони 3 кишидан ошмаслиги ва карантин қоидаларига амал қилиниши керак бўлади. Бу ҳақда 6 май куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуд аҳолисига йўллаган мурожаатида маълум қилган.

«Йўналишсиз таксиларга уч нафар йўловчи билан юришга рухсат берилган. Damas ва автобусларга рухсат берилмайди», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, савдо дўконлари ҳамда меҳмонхоналар (нонуштасиз) фаолияти ҳам қайта тикланади.

Аҳолига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда шахсий автомобил, мотоцикл, скутер ва велосипедлардан ҳам чекловсиз, аммо мақсадли фойдаланишга рухсат берилган.

Карантин тартиблари юмшатилиши Қашқадарё вилояти «яшил» ҳудуд деб баҳоланиши билан боғлиқ, вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда карантин бўйича янги тартиб ҳақида эълон қилган, унга кўра ҳудудлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб «қизил», «сариқ», «яшил» ҳудудларга ажратилиши маълум бўлганди.

Бундан аввалроқ Самарқанд ва Наманган вилоятлари «қизил» ҳудуд белгилангани, ушбу ҳудудларда карантин қоидалари ҳозирча юмшатилмаслиги маълум қилинган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид