Жаҳон | 10:40 / 12.05.2020
137766
17 дақиқада ўқилади

АҚШ ёки СССР: Иккинчи жаҳон урушининг асл ғолиби ким бўлганди?

Иккинчи жаҳон уруши якунланганига 75 йил бўлган кунларда Россия ва АҚШ яна СССРнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ўрни борасида баҳслашмоқда. Россия ТИВ Оқ уй расмий саҳифасидаги твитдан ғазабга тушди, унда уруш ғолиблари сифатида фақат Қўшма Штатлар ва Буюк Британия номлари келтирилганди.

Уруш... ўз номи билан уруш. Одамлар урушда ғолиб бўлмайди, унда ҳамма мағлубиятга учрайди деб ҳисоблайди. Чунки ғолиб томон ҳам жуда катта йўқотишларга учраши мумкин. Лекин кимдир ютиб чиқмаса, урушдан мантиқ нима? Барибир урушда кимдир ютади.

Шу ўринда бир ўхшатиш: Қадимги Рим империяси Апеннин яриморолини ўзига бўйсундиргач, қўшни Грецияни ҳам эгаллаш учун ҳаракат бошлайди. Ўша даврда Эллада деб аталган Греция яхлит бир давлат бўлмай, унда кўплаб кичик давлатлар бор эди. Ана шундай давлатлардан бири Греция шимолидаги Эпир давлати бўлган. Рим аскарлари бу давлат ҳудудига бостириб кирар экан, эрамиздан аввалги 280-279 йилларда бўлиб ўтган жангларда Эпир подшоҳи Пирр катта талафот бериб бўлса-да, римликларни енгади.

Айниқса охирги жангда талафот мислсиз бўлади. Шунда Пирр «Агар римликлар устидан яна бир марта ғалаба қозонсам, ёнимда ҳеч ким қолмайди» деган экан. Ўшандан буён дунё аҳли катта талафотлар эвазига қозониладиган ғалабани «Пирр ғалабаси» деб номлаб келади.

Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани ҳам, унинг асосий ғолиби жуда катта талафотлар эвазига қўлга киритганини инобатга олсак, бемалол «Пирр ғалабаси» деб аташ мумкин. Иккинчи жаҳон урушида ғолиблар сафида турадиган барча давлатлар ҳақида «катта йўқотишларга учраган» деб бўлмайди. Бу ғалабада энг катта йўқотиш собиқ иттифоқ зиммасига тушган.

Уруш оқибатида СССРнинг аҳоли зич яшайдиган ва кўплаб кичик саноат корхоналари жойлашган ғарбий қисми батамом вайрон бўлади. Бир неча миллион киши қурбон берилади. Қолган ғолиблар эса нафақат қурбонлар сони, балки бошқа йўқотишлар бўйича ҳам СССРдан камроқ талафот кўради, ҳатто фашистлар оёғи етган Франция ҳам.

Иккинчи жаҳон урушидаги асосий ғолиблар тўртта давлат: СССР, АҚШ, Франция ва Буюк Британия ҳисобланади. Қолганларнинг роли унча катта эмас. Қуйида шу тўрт давлатнинг иккинчи жаҳон урушида йўқотганлари ва қўлга киритганлари ҳақида мулоҳаза юритамиз.

1. СССР
Йўқотишлар

Гарчи иккинчи жаҳон урушини фашистлар Германияси билан келишиб 1939 йилда бошлаган ва Шарқий Европадаги бир неча давлатни немислар билан бирга босиб олган бўлса ҳам, охир-оқибат бу урушда энг катта йўқотишларга СССР учраган. Империя фашизм устидан қозонилган ғалабада энг асосий ғолиб сифатида эсланса ҳам, уруш оқибатида мамлакатнинг ғарбий қисми батамом вайрон бўлган, кўп миллионлаб қурбонлар берилган.

Россия мудофаа вазирлиги тақдим этган расмий статистикага қарайдиган бўлсак, СССРнинг иккинчи жаҳон урушида йўқотган ҳарбий хизматчилари сони қарийб 12 миллионни ташкил этган. Тинч аҳолидан бўлган йўқотишларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жами қурбонлар сони 26,6 миллион нафарни ташкил этган. Мамлакат жами бойликларининг 30 фоизини шу уруш туфайли йўқотган. Тарихчилар ўша пайтда Сталин оқилона ва режали иш тутганида, СССР бунча кўп қурбон бермасди деб ҳисоблайди.

Иосиф Сталин Германия СССРга ҳужум қилишини кутмаганди

Гап шундаки, Сталин Молотов-Риббентроп пактидан сўнг Ҳитлер ўз ваъдасида туради ва СССРга ҳужум қилмайди деган ишончда бўлган. Вазият эса аксини кўрсатар эди. Масалан, ҳар икки давлат 1939 йил сентябрь ойида Польшага икки томондан бостириб кириб, уни эгаллаб олганидан сўнг янги чегараларни белгилайди ва шу тариқа СССР Германия билан тўғридан тўғри чегарага эга бўлади.

1939 йил сентябрдан 1941 йил 22 июнгача ўтган қарийб икки йил давомида Германия СССР билан бўлган чегара ҳудудларга ўз армиясининг жуда катта қисмини жойлаштира бошлайди. Сталин учун бу огоҳлик қўнғироғи эди. Аммо негадир бу иш «доҳий»ни чўчитмайди ва хавотирга солмайди. Собиқ иттифоқ архивларида фашистлар армияси ичида бўлган совет айғоқчилари вазият ҳақида ташвишланиб юборган хабарлар ҳам сақланади.

Улар ҳақида ўз вақтида Сталинга маълум қилинган. «Халқлар отаси» эса зарур чоралар кўриш ўрнига ўша айғоқчиларни ватан хоини деб эълон қилиш ҳақида буйруқ берган. СССРда айғоқчиларнинг исм-шарифи ошкор қилиниб, ватан хоини деб эълон қилингани ҳақида хабар топган немислар совет айғоқчиларининг бир гуруҳини қўлга туширишга ҳам муваффақ бўлган.

Шунингдек, айнан Сталин 1937 йилдан бошлаб фуқаролар уруши даврида матонат кўрсатган армиядаги кўплаб юқори лавозимли зобитларни қатағон қилади. Йирик танк бўлинмаларини тарқатиб юборади. Агар ўшанда Сталин бор эътиборини немисларнинг Польшага жуда катта қўшин тўплаётганига қаратса ва бунга қарши чоралар кўрса, йўқотишлар камроқ бўлар эди.

Қўлга киритилган ҳудудлар ва халқаро майдондаги обрў

Иккинчи жаҳон уруши туфайли қўлга киритилган салмоқли ҳудудларни СССР Ҳитлер армияси бостириб келгунча эгаллаб бўлган эди. 1939 йил 23 августда СССР ва Германия ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида келишув имзоланади. Бу келишув тарихда «Молотов-Риббентроп пакти» деб аталган. Ушбу пакт Москвада ҳар икки мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари Вячеслав Молотов ва Иоҳим фон Риббентроп томонидан имзоланган.

Шу ўринда кичик бир изоҳ. 1939 йил 3 майгача СССР ташқи ишлар вазири Максим Литвинов бўлган. Асл исм-шарифи Меер-Генох Моисеевич Валлах бўлган Литвиновнинг миллати яҳудий эди. Сталин Ҳитлер билан ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида келишувга эришган пайтда немислар айниб қолишади. Улар келишувни миллати яҳудий бўлган Литвинов билан имзолашни хоҳламайди. Шундан сўнг Сталин Литвиновни ташқи ишлар халқ комиссари лавозимидан бўшатади ва ўрнига Молотовни тайинлайди. Орадан икки ой ўтиб Германия ташқи ишлар вазири Иоҳим фон Риббентроп Москвага ташриф буюради ва келишув имзоланади.

Вячеслав Молотов ва Иоҳим фон Риббентроп

Бу келишувнинг Шарқий Европадаги бир нечта давлатни ўзаро биргаликда босиб олиш ҳақидаги қисмини ўша пайтда ҳар икки томон қаттиқ сир сақлайди. Шундан сўнг, аввалига Польша, сўнг Руминия биргаликда босиб олинади. Ҳар икки мамлакатнинг ғарбий қисми Германияга, шарқий қисми СССРга тегади. Бу орада совет қўшинлари Чехословакияга бостириб кириб, Закарпатьени эгаллайди. 1940 йилга келиб СССР Финляндияга қарши уруш эълон қилади ва ундан Карелиянинг катта қисмини тортиб олади. Кейин Болтиқбўйидаги уч республика – Латвия, Литва ва Эстония босиб олинади.

Агар Германия келишувни бузиб, СССРга ҳужум қилган санагача бўлган вазиятга қараладиган бўлса, СССР Шарқий Европада анча ҳудудларни қўлга киритган эди. Юқорида Сталин Ҳитлернинг Польшада қўшин тўплаётганига эътиборсизлик билан қарагани ҳақида айтгандик. Балки СССР Қора денгиз соҳилларидан қарийб Шимолий муз океанигача бўлган катта ҳудудларни босиб олишда немислар қаршилигига учрамагани сабаб шундай бўлгандир.

Руминиядан Болтиқ денгизи бўйигача СССРнинг чегараси немислар эгаллаб турган ҳудудларга бориб тақалган. Аҳамиятлиси, немислар ўзаро имзоланган келишувга амал қилган ва ўртада ер талашиб можаро келиб чиқмаган. Ҳар икки давлат Польшани ўзаро тақсимлаб олганидан сўнг Германия ва СССР армияси Польшанинг Брест шаҳрида (бу шаҳар ҳозир Беларусь таркибида) 1939 йил 22 сентябрда биргаликда ҳарбий парад ўтказади.

1941 йил 22 июнгача Шарқий Европада жуда катта ҳудудларни босиб олган СССР уруш тугагач, Узоқ Шарқда ҳам анча ҳудудларни қўлга киритади. Хусусан, Японияга тегишли бўлган Куриль оролларини эгаллаб олади. Шунингдек, уруш пайтида советлар армиясининг қадами қаерга етган бўлса, урушдан сўнг ўша мамлакат СССР таъсир доирасига тушади ва бу ҳудудларда зўравонлик билан социалистик тузум ўрнатилади. Шарқий Европадаги бир қатор мамлакатлар, Осиёдаги Мўғулистон, Хитой, Шимолий Корея шулар жумласидан эди.

Шу билан бирга, СССР товон сифатида Германиядаги кўплаб завод фабрикаларни кўчириб олиб келади. Кўчириладиган корхоналар тугагандан сўнг аҳоли вакиллари ҳам таланади. Масалан, ўшанда ҳатто одамларнинг эгнидаги пальто ва бош кийимларгача тортиб олиниб СССРга жўнатилган. Шу тариқа, СССР иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг асосий ғолиби бўлишдан ташқари, Ғарб дунёсига рақобат қила оладиган иккинчи қутб бўлиб ўртага чиққан социализмнинг бош меъморига айланади.

Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабадан сўнг бу урушгача жаҳон ҳамжамиятида унчалик ҳам обрўси бўлмаган СССРнинг мавқейи жуда ошиб кетади ва Ғарб дунёси бу давлатга жиддий рақобатчи сифатида қарай бошлайди. Албатта, буларнинг барчаси «Пирр ғалабаси»дан кам бўлмаган улкан йўқотишлар ҳисобига эришилган натижалар эди.

Франция
Йўқотишлар

Иккинчи жаҳон урушининг яна бир асосий ғолиби бўлган Франция бу уруш натижасида унча катта йўқотишларга учрамаган.

Адольф Ҳитлер Франция капитуляциясидан кейинги куни, 1940 йилнинг 23 июлида Парижга келганди

Немислар бу мамлакатни атиги уч ойда, 1940 йилнинг май-август ойлари оралиғида босиб олган. Аслида Франция Германияга немислар Польшага бостириб кирган пайтда, 1939 йил 3 сентябрда уруш эълон қилган эди. Ўша пайтда, СССР билан биргаликда Шарқий Европани тамомила босиб олиш мақсадида бўлган Ҳитлер ўзига қарши уруш эълон қилган Франция армияси қаршисига кичик бўлинмаларни қўяди ва французларни Германияга бостириб киришдан тийиб туради. Шарқий Европани эгаллаш масаласи ҳал бўлганидан сўнг у бир ҳамла билан Францияни қўлга киритади. Бу ишда Франция жанубини эгаллаган иттифоқчи Италия кўмаклашиб юборади.

Ҳитлер Францияни эгаллашида оддий аҳоли деярли қаршилик қилмайди ва шу сабаб тинч аҳоли орасида қурбонлар нисбатан камроқ бўлган. Жанглар нисбатан қисқа вақт давом этгани учун вайронагарчиликлар ва қурбонлар СССР билан солиштирганда камроқ бўлади. Асосий йўқотиш эса Францияни тўрт йил немислар бошқаргани бўлади.

Мамлакатдаги йўқотишлар СССР билан таққослаганда камдир, аммо аслида рақамлар қўрқинчли эди: Франция иккинчи жаҳон урушида 253 000 аскаридан, 412 000 минг тинч аҳолисидан айрилади. 280 000 аскар ярадор бўлади, 2 673 000 аскар немисларга асир тушади. Ушбу рақамлардан ҳам билса бўладики, Францияда аҳоли тугул ҳатто армия ҳам немисларга тузук-қуруқ қаршилик кўрсатмаган.

Қўлга киритганлари

Франция Германия енгилгандан сўнг ўзи чегарадош бўлган айрим ҳудудларни қўлга киритди. Шунингдек, Германиянинг Африкадаги мустамлакаларининг бир қисми ҳам Францияга тегади. Энг катта «мукофот» эса Франция уруш ғолиби сифатида 1945 йил 24 октябрдан иш бошлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашида СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Хитой билан биргаликда доимий аъзолардан бирига айланади.

Буюк Британия
Йўқотишлар

Буюк Британия иккинчи жаҳон урушида фаол қатнашади, аммо бу мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар деярли бўлмайди. Буюк Британия армияси асосан Европанинг материк қисмига ўтиб немисларга қарши жанг олиб боради.

Британия аввалига мудофаа уруши олиб борди

Британия иккинчи жаҳон урушида ўзининг 286 000 ҳарбий хизматчисидан, 92 минг тинч аҳолисидан айрилган. Германия ҳарбий авиацияси 1940 йил Лондонни ҳаводан туриб бомбардимон қилган. 1944 йил 6 июнда иттифоқчилар томонидан Нормандияда иккинчи фронт очилади ва Буюк Британия армияси ҳам ушбу фронтдаги жангларда иштирок этади.

Буюк Британия иккинчи жаҳон урушида нисбатан кам ҳарбий йўқотишларга учраган. Аммо ушбу мамлакат урушдан сўнг халқаро майдонаги мавқейини АҚШга бой бериб қўяди. Кўплаб мустамлакаларидан айрилади. Шунингдек, империянинг пул бирлиги фунт стерлинг 1945 йилгача дунё валютаси ролини бажарар эди. Уруш тугагач эса, АҚШнинг 33-президенти Гарри Трумэннинг саъй-ҳаракатлари билан океанорти давлатининг миллий валютаси бўлган доллар фунт стерлингдан дунё валютаси мақомини тортиб олди.

Қисқаси, Буюк Британия бу урушдан уруш ғолибларидан бири деган нуфузли ном ва БМТдаги доимий аъзолик рутбасидан бошқа ҳеч нарса ютмади, аксинча уруш туфайли дунё сиёсий саҳнасидаги вазият ўзгариб кетиши ортидан кўп нарса йўқотди.

АҚШ
Йўқотишлар

АҚШ ҳам иккинчи жаҳон урушидан СССРга қараганда анча кам талафот билан чиққан. Бу мамлакат урушда 405 399 нафар ҳарбий хизматчисидан, 12 100 нафар тинч аҳолисидан айрилган. Баъзи манбаларда қурбонлар сони 650 мингдан ортиқ бўлгани айтилади. Ҳарбийлардан 296 929 нафари Япония билан бўлган урушда ҳалок бўлган. АҚШ бу уруш натижасида катта молиявий ва иқтисоий йўқотишларга учрамаган. Аксинча, ютган.

АҚШ ва иттифоқчилар 1944 йил Нормандияда десант тушириб, Ғарбий фронтни очишган

Қўлга киритганлари

Иккинчи жаҳон уруши АҚШга жуда кўп нарса берганди, десак хато бўлмайди. 1929-1932 йилларда бўлиб ўтган жаҳон иқтисодий инқирози натижасида АҚШ жуда катта молиявий ва иқтисодий йўқотишларга учраганди. Шунинг учун ҳам ўша давр бу мамлакатда «Буюк тушкунлик» даври деб аталади.

1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига Ҳитлер келиши билан бу давлат қуролланишни бошлар экан, АҚШ компаниялари Германия билан фаол савдо алоқалари олиб боради. Ҳатто иккинчи жаҳон уруши бошланиб, тугагунча АҚШ нефть компаниялари Германия армияси учун бензин, керосин, авиакеросин, дизель ёқилғиси ва яна кўплаб бошқа ёқилғи мойлаш маҳсулотларини етказиб беришда давом этади.

АҚШнинг General Motors Company автомобилсозлик компаниясига тегишли бўлган Adam Opel AG заводлари ҳам уруш пайтида Германия армияси учун ҳарбий самолётлар, юк автомобиллари, танклар ва бошқа зирҳли техникаларни ишлаб чиқариб, етказиб беради. Бу компанияни 1940 йилда нацистлар америкаликлардан тортиб олиб, енгил автомобил ишлаб чиқаришни тўхтатган ва ундан ҳарбий мақсадлар учун фойдаланган деган маълумотлар ҳам йўқ эмас.

Аммо кейинчалик ўшанда бу иш америкалик ҳамкорлар билан келишилган ҳолда қилинган деган гап-сўзлар ҳам бор. Маълумот ўрнида, Adam Opel AG’нинг 80 фоиз акциясини АҚШ компанияси 1929 йилда сотиб олган бўлса, 1931 йилга келиб немис компанияси 100 фоиз General Motors Company эгасига айланади.

Умуман олганда, АҚШ компаниялари иккинчи жаҳон урушининг бошидан охиригача фаол савдо билан шуғулланади ва дунёнинг уруш кетаётган турли қисмларига маҳсулотлар етказиб беришни давом эттиради. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, АҚШ «Буюк тушкунлик» давридаги иқтисодий ва молиявий қулаш ўрнини иккинчи жаҳон уруши давридаги савдо айланмалари орқали қоплаб олди.

Иккинчи жаҳон урушида АҚШнинг энг катта ютуғи шу бўлдики, бу давлат нафақат дунёнинг турли минтақаларида, балки ривожланган Европада ҳам ўз мавқейини мустаҳкамлаб олди ва чинакамига дунёнинг биринчи рақамли давлатига айланди. Бунинг ортидан АҚШ миллий валютаси Буюк Британия пул бирлиги фунт стерлингни сиқиб чиқариб, дунё валютаси мақомини қўлга киритди.

Дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб ҳарбий базалар очилиши, Европа, Осиё ва дунёнинг яна бошқа минтақаларида ўз иқтисодий фаолиятини кенгайтириши АҚШнинг ютуғи бўлди. Айниқса, Япония, Германия федератив республикаси каби малакатларнинг батамом АҚШ таъсири остига тушиши ҳам бу мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий тарафдан юксалишига хизмат қилди.

Умуман олганда, урушдан сўнг ўтган 75 йил мобайнида АҚШ дунёнинг энг кучли иқтисоди сифатида жаҳон иқтисодиётига етакчилик қилиб келаётганига иккинчи жаҳон уруши ва унда қозонилган ғалабанинг ҳам муносиб ўрни бор.

Бир сўз билан айтганда, СССР иккинчи жаҳон урушидан 26,6 миллион одам қурбон бериб, мамлакатнинг энг муҳим ҳудудлари вайрон бўлган ҳолда чиққан бир вақтда АҚШ бу уруш туфайли бир тарафдан нисбатан кам йўқотишлар билан, иқтисодий тарафдан юксалиб чиқди, иккинчи тарафдан эса бутун дунё бўйлаб ўз мавқейини мисли кўрилмаган даражада юксалтириб олди.

«Урушда ғолиблар бўлмайди» деган ибора энг кўп қурбон бериб, иккинчи жаҳон урушининг асосий ғолиби бўлган СССРга балки мос тушар, аммо АҚШга эмас... Америка иккинчи жаҳон урушидан ҳар томонлама ютиб кетган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид