Уруш... ўз номи билан уруш. Одамлар урушда ғолиб бўлмайди, унда ҳамма мағлубиятга учрайди деб ҳисоблайди. Чунки ғолиб томон ҳам жуда катта йўқотишларга учраши мумкин. Лекин кимдир ютиб чиқмаса, урушдан мантиқ нима? Барибир урушда кимдир ютади.

Шу ўринда бир ўхшатиш: Қадимги Рим империяси Апеннин яриморолини ўзига бўйсундиргач, қўшни Грецияни ҳам эгаллаш учун ҳаракат бошлайди. Ўша даврда Эллада деб аталган Греция яхлит бир давлат бўлмай, унда кўплаб кичик давлатлар бор эди. Ана шундай давлатлардан бири Греция шимолидаги Эпир давлати бўлган. Рим аскарлари бу давлат ҳудудига бостириб кирар экан, эрамиздан аввалги 280-279 йилларда бўлиб ўтган жангларда Эпир подшоҳи Пирр катта талафот бериб бўлса-да, римликларни енгади.

Айниқса охирги жангда талафот мислсиз бўлади. Шунда Пирр «Агар римликлар устидан яна бир марта ғалаба қозонсам, ёнимда ҳеч ким қолмайди» деган экан. Ўшандан буён дунё аҳли катта талафотлар эвазига қозониладиган ғалабани «Пирр ғалабаси» деб номлаб келади.

Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани ҳам, унинг асосий ғолиби жуда катта талафотлар эвазига қўлга киритганини инобатга олсак, бемалол «Пирр ғалабаси» деб аташ мумкин. Иккинчи жаҳон урушида ғолиблар сафида турадиган барча давлатлар ҳақида «катта йўқотишларга учраган» деб бўлмайди. Бу ғалабада энг катта йўқотиш собиқ иттифоқ зиммасига тушган.

Уруш оқибатида СССРнинг аҳоли зич яшайдиган ва кўплаб кичик саноат корхоналари жойлашган ғарбий қисми батамом вайрон бўлади. Бир неча миллион киши қурбон берилади. Қолган ғолиблар эса нафақат қурбонлар сони, балки бошқа йўқотишлар бўйича ҳам СССРдан камроқ талафот кўради, ҳатто фашистлар оёғи етган Франция ҳам.

Иккинчи жаҳон урушидаги асосий ғолиблар тўртта давлат: СССР, АҚШ, Франция ва Буюк Британия ҳисобланади. Қолганларнинг роли унча катта эмас. Қуйида шу тўрт давлатнинг иккинчи жаҳон урушида йўқотганлари ва қўлга киритганлари ҳақида мулоҳаза юритамиз.

1. СССР
Йўқотишлар

Гарчи иккинчи жаҳон урушини фашистлар Германияси билан келишиб 1939 йилда бошлаган ва Шарқий Европадаги бир неча давлатни немислар билан бирга босиб олган бўлса ҳам, охир-оқибат бу урушда энг катта йўқотишларга СССР учраган. Империя фашизм устидан қозонилган ғалабада энг асосий ғолиб сифатида эсланса ҳам, уруш оқибатида мамлакатнинг ғарбий қисми батамом вайрон бўлган, кўп миллионлаб қурбонлар берилган.

Россия мудофаа вазирлиги тақдим этган расмий статистикага қарайдиган бўлсак, СССРнинг иккинчи жаҳон урушида йўқотган ҳарбий хизматчилари сони қарийб 12 миллионни ташкил этган. Тинч аҳолидан бўлган йўқотишларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жами қурбонлар сони 26,6