Ўзбекистон | 18:52 / 22.05.2020
31334
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёга етиб борган қурувчи ва ҳашарчилар сони маълум қилинди

Тошқин юз берган ҳудудларни тиклаш учун 11 минг нафардан ортиқ қурувчи ва ҳашарчилар кўмакка келган.

Фото: Kun.uz

Ушбу қурувчи ва ҳашарчилар жойлашган 17та объектда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга 120 нафар Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари жалб қилинган.

Бу ҳақда Миллий гвардия тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи Тўлқин Қодиров 22 май кунги брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш тадбирларига Миллий гвардиянинг 2500дан ортиқ шахсий таркиби, 140га яқин махсус техника ва транспортлари сафарбар этилган.

Шунингдек, 3000дан ортиқ хонадонлардан фуқаролар юклари кўчирилган, қурилиш чиқиндилари олиб чиқилган.

Сардоба туманининг «Дўстлик» маҳалласидаги 715та хонадонда кўчириш ва тозалаш ишлари якунланди. Ушбу маҳалладан 762та ҳужжат топилиб, эгаларига топширилди.

Тошқин оқибатида 76та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келди.

Талафот кўрган аҳоли орасида 5 мингдан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказилиб, жабрланувчиларга давлат томонидан янги уйлар қуриб берилиши юзасидан тушунтириш берилган.

Эслатиб ўтамиз, техноген офат оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 570та уй-ҳовли ва 76та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди.

Шунингдек, 1 781та ҳовли, 52та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 км йўл, электр, газ, ичимлик сув, алоқа тармоқларига талафот етган.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

 Сардоба туманидаги “Дўстлик” МФЙдаги массивда 37та 5 қаватли уй қурилиши бошланган.

13 май кунги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев бошқа вилоятлар раҳбарларига Сирдарёдаги уйсиз қолганлар учун уй қуриб бериш бўйича топшириқ берган, унга кўра ҳар бир вилоятга имкониятидан келиб чиқиб 100дан ортиқ хонадон бириктирилганди.

14 май куни бошқа вилоятлардан ҳокимлар бошчилигидаги юзлаб мутахассислар Сирдарёга етиб келди.

Мавзуга оид