Ўзбекистон | 11:54 / 10.07.2020
21211
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллий йўналишлардаги поездлар ва авиақатновлар ҳам тўхтатилмоқда

Транспорт вазирлиги 13 июлдан маҳаллий йўналишдаги поезд ва авиақатновлар ҳам тўхтатилишини маълум қилди. Кучайтирилган карантин даврида фақатгина махсус комиссия тасдиқлаган парвозлар жадвалига мувофиқ хориждаги ватандошларни олиб келиш учун рейслар амалга оширилади.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Аширматов АОКАда ўтказилган брифингда янги карантин чекловлари даврида жамаот транспортлари ҳаракати тўғрисида маълумот берди.

«Бугундан, 10 июлдан барча жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. Бу чеклов автобусларга ҳам тегишлидир.

13 июль, душанба кунидан бошлаб эса маҳаллий йўналишдаги поездлар ва авиақатновлар ҳаракати ҳам тўхтатилади. Кучайтирилган карантин даврида фақатгина махсус комиссия тасдиқлаган парвозлар жадвалига мувофиқ хориждаги ватандошларни олиб келиш учун рейслар амалга оширилади. Чегара ҳудудлардаги фуқароларни карантин ҳудудларига етказиш учун автобус ташувлари амалга оширилишига рухсат берилади», деди у.

Унинг таъкидлашича, чекловлар даврида карантин муддатини ўтаб бўлган фуқароларни реабилитацион марказларга ва яшаш манзилларига етказиш темирйўл ва автобус орқали марказлашган ҳолда ташкил этилади.

«10 июлдан 1 августгача бўлган муддатда 5 900та чипта йўловчиларга сотилган. Карантин чекловлари кучайтирилиб, поездлар ҳаракати тўхтагани туфайли барча чипталар йўловчиларга тўлиқ қайтарилади.

«Uzbekistan Airways» АЖ томонидан эса Тошкент-Нукус, Тошкент-Урганч, Тошкент-Термиз йўналишида амалга оширилган парвозларга эса 330та авиачипта сотилган. Бу авиачипталарнинг амал қилиш муддати 1 йил давомида сақланиб қолади. Вазият барқарорлашиши билан йўловчилар бу чипталардан фойдаланиши мумкин», деди Транспорт вазирлиги вакили. 

  • Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон темир йўллари» 23 март куни республика бўйлаб йўловчи ташиш фаолиятини тўхтатганди.
  • 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилди.
  • 15 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудлари ўртасида поездлар қатнови қайта тикланди, Тошкентдан Самарқандга «Афросиёб» поезди қатнай бошлади.
  • Uzbekistan Airways ҳам 23 мартдан мамлакат ичидаги барча авиақатновларни бекор қилган, май ойида парвозлар тикланганди.

Мавзуга оид