Ўзбекистонда бир ой давом этган қатъий карантин юмшатилди. Нималарга рухсат берилмоқда?
Ўзбекистонда пандемияга қарши курашиш тадбирлари навбатдаги босқичга ўтди. 10 июлдан бошлаб жорий қилинган ва 35 кун амалда бўлган иккинчи қатъий карантин 15 августдан бошлаб бутун республика миқёсида юмшатилмоқда.
Мамлакатда коронавирус ўчоғи – пойтахт Тошкентда 15 август соат 06:00дан бир неча ойлик танаффусдан сўнг метрополитен одатий режимдаги фаолиятига қайтади.
Эндиликда автомобилда 24 соат мобайнида ҳаракатланиш мумкин. Янги ҳафтадан эътиборан вилоятлараро ва туманлараро транспорт қатновларига рухсат берилади.
Ҳудудларни «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиш тўхтатилди. Маҳаллий авиарейслар ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилмоқда.
15 августдан оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни чекланган тартибда ўтказиш мумкин бўлади. Тўйлар мавсумида тўйхоналар ёпиқ қолади, тадбирларни уйда, кўпи билан 30 киши – фақат яқин қариндошлар ва шу туман ҳудудида яшовчи бошқа қариндошлар билан ўтказиш мумкин. Санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш талаб этилади.
15 августдан эътиборан қуйидаги фаолият турларига яна рухсат берилади:
- очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи ресторан, кафе, ошхона, чойхоналар;
- хусусий боғча ва мактаблар, ўқув марказлари;
- гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар;
- музейлар;
- санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар, ижарага бериладиган дала ҳовлилар ва бошқа дам олиш масканлари.
17 август, душанбадан бошлаб:
- ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тикланади;
- жамоат транспорти (Тошкентда 15 августдан), шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобуслар қатнови қайта йўлга қўйилади;
- масжидлар очилади, ҳафтанинг барча кунларида жума намозидан ташқари жамоат намозларини ўқиш мумкин бўлади; черковлар ва синагогларда ҳам шанба ва якшанбадаги жамоавий ибодатлардан ташқари бошқа диний амалларни адо этишга рухсат берилади.
20 август, пайшанбадан бошлаб:
- буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолияти тикланади, уларда ҳафтада бир марта санитар куни этиб белгиланади;
- спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар фаолиятига рухсат берилади.
Юқоридаги муассасаларнинг ҳар бири учун пандемия даврида фаолият кўрсатиш шартлари алоҳида белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, карантин чекловлари юмшатилиши касалланиш хавфи камайганини англатмайди. Аксинча, эндиликда кишининг вирус юқтириб олиши эҳтимоли қатъий карантин пайтидагига қараганда анча юқори.
Шу боисдан жамоат жойларида 2 метр ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаби сақланиб қолади, ниқобсиз фуқаролар жаримага тортилади.
Тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори ёки инфекция аломатлари бор фуқаролар жамоат жойларига чиқмаслиги керак. 65 ёшдан ошган шахслар «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзида яшашда давом этиши лозим.
Таксилар фаолиятига қўйилган чекловлар ҳам амал қилишда давом этади: йўловчилар фақат орқа ўриндиқда ва автомобиль рўйхатдан ўтган ҳудуд доирасида ташилади; ҳайдовчи ва йўловчилар ўриндиғи шаффоф пластик ёки махсус плеёнка билан ажратилади; ҳайдовчи ҳам, йўловчи ҳам тиббий ниқобда бўлиши шарт.
Умуман, республика миқёсида қуйидаги тақиқлар сақланиб қолади:
- давлат органлари, ташкилотларида йиғилишлар ўтказиш;
- томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари, тўйхоналар, фаолияти) ва оммавий тадбирлар ўтказиш;
- парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар фаолияти;
- умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолияти (очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари бундан мустасно);
- тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолияти.
7 ва 14 кунлик карантин. Россияга поезд рейслари кўпайтирилиши мумкин
Эндиликда эпидемиологик вазият яхши давлатлардан («яшил рейслар») келганлар карантинга олинмайди.
«Сариқ» ва «қизил» рейсларда келганлар ё карантин марказида, ё ўз ҳисобидан меҳмонхонада 14 кун карантинда сақланади. Фуқаро ўз хоҳиши билан профилактик дориларни қабул қилса, бу муддат 7 кунга қисқаради.
Ўзбекистонга хориждан фуқароларнинг кириши бўйича тоифага ажратилган давлатлар рўйхати ҳар ҳафта янгиланади. Рўйхатнинг амалдаги талқини қуйидагича:
- «яшил» рейслар – Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Латвия, Япония;
- «сариқ» рейслар – Европа Иттифоқи давлатлари (Буюк Британия ва Испания бундан мустасно), Озарбойжон;
- «қизил» рейслар – қолган барча давлатлар.
10 август ҳолатига кўра, пандемия даврида Ўзбекистонга жами 120 мингга яқин фуқаро кириб келган. Уларнинг 40 мингдан ортиғи чартер рейсларда, 5 мингдан ортиғи темир йўл орқали, 73 мингдан зиёди қўшни давлатлар билан чегара пунктлари орқали келган.
Ташқи ишлар вазирлиги Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини ватанга тезроқ қайтариш учун Россиянинг турли ҳудудларидан рейсларни кўпайтириш масаласи кўриб чиқилаётганини хабар қилган.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023