16:44 / 29.09.2020
132777

Тошкент вилояти бош инфекционисти иши: уни қамоққа олиш кимга керак бўлиб қолди?

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева қамоққа олинганига ҳам 20 кундан ошди. Йўлдошеванинг адвокати у айбсизлигини айтмоқда.

Воқеалар ривожига қисқача назар
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева август ойида Kun.uz сайтига интервью бериб, пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирусга чалинган беморларни ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

Кейинроқ бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ўз муносабатини билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19 беморларини даволашга ихтисослашмагани, Г.Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтди. Бироқ у мазкур касалхона коронавирусга чалинганларни даволагани ва оғир пандемик вазиятда керакли тиббий техника воситалари билан таъминланмагани борасида айтилган иддаоларга етарлича изоҳ бермади (Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ва Гулжаҳон Йўлдошева ўртасида шифохонага кислород аппаратлари етказиш билан боғлиқ низо бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқалган эди).

ОАВдаги чиқишдан сўнг Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига кетма-кет текширишлар юборилган, жумладан ижобий якун топган аввалги (айнан Г.Йўлдошева мазкур шифохонада амалиётини олиб борган давр мобайнидаги) текширувлар натижалари қайтадан текширилган (текширувлар рўйхати таҳририятда мавжуд).   

8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Г.Йўлдошева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди.  

Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Адвокат: «Г.Йўлдошева Ф.Рустамовнинг ўлимига алоқадор эмас, давлат маблағларини талон-торож қилмаган!»
Kun.uz таҳририяти сўнгги кунларда муҳокамалар марказида бўлиб турган ушбу масалага яна бир бор эътибор қаратишга қарор қилди. Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.

Хушнуд Аҳроров

«Г.Йўлдошева Ф.Рустамовнинг ўлимига алоқадор бўлмаса-да, у ноҳақ равишда жиноят ташкилотчиси деб, Жиноят кодексининг 207-моддасидаги жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Г.Йўлдошевага қўйилган айбловни мутлақо асоссиз деб ҳисоблайман. Чунки марҳум Ф.Рустамовни юқумли касалликлар шифохонасидан тўлиқ тузалган, деб топиб, уни руҳий-асаб касалликлари шифохонасига жўнатган врач ­­– ҳимоям остидаги Г.Йўлдошева эмас, балки бошқа бир шифокор Ш.Рўзметов бўлади.

Г.Йўлдошева бемор бошқа шифохонага ўтказилаётган пайтда касалхонада бўлмаган. Марҳум Ф.Рустамов врач Ш.Рўзметовнинг ўзбошимчалиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг телефон орқали ундовлари натижасида руҳий-асаб касалликлари шифохонасига жўнатиб юборилган. Касаллик варақасида айнан Ш.Рўзметовнинг имзоси турибди. Бу ҳолатлар прокуратура органларига жуда яхши маълум бўлиши керак, чунки марҳум Ф.Рустамовнинг касаллик тарихи тергов органи томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган ва жиноят иши ҳужжатларига тикилган. Шу маълумотга эга бўла туриб, ҳимоям остидаги Г.Йўлдошевани жиноятда айблаш, албатта, Чирчиқ шаҳар прокуратура органларининг холис ва беғаразлигига шубҳа уйғотади», дейди у.

У Г.Йўлдошеванинг 250,8 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-торож қилгани ҳақидаги, ҳали тасдиғини топмаган айбловларга ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Тергов органи 250,8 млн сўмни COVID-19 билан касалланганларни даволаш учун хизмат қилган тиббиёт ходимларига 6 фоизлик махсус тўловни тўлаш учун йўналтирилганини инобатга олмай, Г.Йўлдошевага нисбатан жуда кўп миқдордаги давлат маблағларини талон-торож қилиш йўли билан ўзлаштириш айбловини қўяётгани куракда турмайдиган ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулосада ҳам ушбу маблағлар тиббиёт ходимларига тўлангани айтилган. Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси маъмурияти томонидан соғлиқни сақлаш бошқармасига тўлов тўлаб берилиши бўйича бир неча бор мурожаатлар қилинган бўлса-да, бу мурожаатлар жавобсиз қолган. Хатларига жавоб ололмаган Г.Йўлдошева юқоридаги маблағни тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш учун сарфлаган, аммо талон-торож қилмаган», дейди у.

Адвокат олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатларида холислик таъминланмаётгани ва айбсизлик презумпциясига амал қилинмаётганига ҳам эътибор қаратди.

«Дастлабки тергов Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан нохолис олиб бориляпти, деган фикрдаман. Негаки, ҳимоям остидаги шахсга ҳали суднинг қонуний кучга кирган ҳукми чиқмай туриб, дастлабки тергов ҳали бошланғич босқичда бўлган бир даврда Чирчиқ шаҳар прокурори ОАВда чиқиш қилиб, қонунчиликка зид тарзда Г.Йўлдошеванинг жиноят содир этганини бир неча бор таъкидлаган ва бу билан айбсизлик презумпцияси тамойилини қўпол равишда бузган. Бу билан прокуратура органлари судга босим ўтказмоқчи ёки ўзларининг асоссиз айбловларини ўз кучида қолдирмоқчи», дейди у.

Адвокат дастлабки терговда холисликни таъминлашга эришиш мақсадида терговни Бош прокуратурага ўтказишни сўраб ариза ёзганини маълум қилди.

«Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади» (Жиноят процессуал кодекси, 23-модда. Айбсизлик презумпцияси)

«Қарори қатъий» прокурор ёхуд айбсизлик презумпциясининг топталиши
Тергов органи (шахсан прокурор) қонундаги бу қатъий нормани бузиб ўтгани рост. Бош шифокор ҳибсга олингани шов-шув бўлаётган бир пайтда Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов ОАВ орқали чиқиш қилиб, ҳали айби тўла исботланмаган Г.Йўлдошева айбдорлиги ҳақидаги қатъий фикрларини илгари сурди. Прокурорнинг сўзларига диққат қиларканмиз, у худди бўлиб ўтган ишларнинг тепасида тургандек, ҳаммасини ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳи бўлгандек юксак ишонч билан гапираётганини кўрамиз. Қизиқ, прокурорнинг бу каби «илҳомланиши» ортида нималар ёки қандай кучлар ётибди экан?..

Xabar.uz нашри ҳам шов-шувларга сабаб бўлаётган ушбу масалага эътибор қаратиб, таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддиновнинг бу борадаги фикрларини оммага ҳавола қилди.

«...Прокурор жаноблари мазкур интервьюсида амалдаги жиноят-процессуал қонунчилик талабларига зид равишда, ҳали тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича тергов маълумотларини ошкор қилиши ўз-ўзидан савол туғдиради: Жиноят иши дастлабки босқичда эканини тан олган прокурор айблов судда нафақат тасдиқланиши, балки далиллар рад этилиши ҳам мумкинлигини билмайдими ёки била туриб, қонунга зид тарзда бўлса-да жамоат фикрини шакллантиришни, шу орқали судга таъсир ўтказишни мақсад қилганми?», дейди адвокат Усмонхон Салоҳиддинов.

Kun.uz таҳририятида Г.Йўлдошева ва Тошкент вилояти руҳий-неврологик диспансери бош шифокори Феруза Шоносирова ўртасида 2020 йилнинг 5 август куни соат 22:02да бўлиб ўтган, 34 дақиқа давом этган телефон сўзлашуви ёзуви мавжуд бўлиб, унда икки бош шифокор ўртасида марҳум Ф.Рустамовнинг юқумли касалликлар шифохонасидан руҳий-неврологик шифохонага ўтказилиши борасида келишув бўлмагани, балки реанимация бўлими ходимлари Г.Йўлдошеванинг рухсатисиз беморни кўчиришгани англашилади. Қолаверса, руҳий-неврологик шифохона ходимлари бош шифокор рухсатисиз қандай қилиб беморни қабул қилгани ҳам жумбоқ бўлиб қолмоқда. Кимнинг топшириғи беморнинг кўчирилишига асосий туртки бўлган?

Мулоҳаза учун баъзи мисоллар
Холисликни сақлаган ҳолда эътиборингизни қуйидаги маълумотларга қаратмоқчимиз:

  • Қашқадарёда СЭОМ раҳбарлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 917,8 миллион сўм;
  • Наманган вилоят СЭОМ мансабдорлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 248,9 млн сўм;
  • Бухорода инқирозга қарши жамғарманинг маблағларини талон-торож қилингани аниқланди – зарар миқдори 202 млн сўм;
  • Навоий вилоят СЭОМ мансабдорлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 509 млн сўм;
  • Меҳр-шафқат фонди мансабдорлари хайриядан йиғилган маблағларни талон-торож қилгани аниқланди – 2,8 млрд сўм;
  • Андижон СЭОМ мансабдорлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 160 млн сўм.

Мазкур ўзлаштирилган суммалар ҳажми ҳам жиноят қонунчилиги бўйича «жуда кўп миқдор» деган критерийга мос тушади.

Эътиборлиси, бу жиноятларда талон-торож қилинган маблағлар қасддан, кўр-кўрона ва эгри йўллар орқали ўзлаштирилган, Г.Йўлдошева билан бўлгани каби ходимларга иш ҳақи ва устама сифатида тўланган эмас. Бироқ, саналган бирорта ҳолатда тегишли тергов органлари айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танламаган (Бош прокуратуранинг ҳуқуқий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Ҳ.Шамсутдинов буни қисман тасдиқлади. Юқорида биз санаб ўтган жиноят ишлари бўйича айбланувчиларнинг жинси ва уларга нисбатан танланган эҳтиёт чоралари ҳақида маълумот олишга оид сўровимиз жавобсиз қолди. Ҳ.Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, жуда кўп миқдордаги ўзлаштириш ва талон-торож қилиш билан боғлиқ мазкур жиноят ишларида айбланувчилар томонидан етказилган зарар ўрни қоплаб қўйилгани сабабли уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланмаган).

Г.Йўлдошева қандай жиноят содир қилган?
У бюджетдан ажратилган маблағни президент қарорига таяниб, Covid-19’га қарши курашаётган қўл остидаги тиббиёт ходимларига иш ҳақи, устама ва мукофот пули тарзида тўлаб берган. Г.Йўлдошева бу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юбормаган.

Унга қўйилаётган яна бири айблов – Covid-19’га чалиниб, касалхонада даволанаётган ва ҳали тузалмаган фуқаро руҳий асаб касалликлари шифохонасига ўтказилиши натижасида вафот этганига сабабчи бўлди, деб топилиши.

Бугунга келиб Covid-19 юқтириб олиши натижасида вафот этганлар сони расман 450дан ошди, бу рақам расмий статистикадагидан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Лекин вафот этганларнинг қай ҳолда ўлим топгани ўрганилаётгани йўқ, бу ўлимлар учун бирор шифокор ёки бошқа тиббиёт ходими айбланмади. Аммо бу ҳолатда...

Гулжаҳон Йўлдошева ўзи ким? У кимнинг «думини босиб олди»?
Ўрганиш давомида Гулжаҳон Йўлдошева шахси ҳақида ҳам бироз сўраб-суриштирдик, у билан бирга ўқиган, ишлаган, уни яқиндан таниганлар билан суҳбатлашдик. Деярли бир хил жавоб – аксарият Г.Йўлдошевани адолатсизлик ва ҳақсизликка муросасиз, ҳақиқатгўй, ўз ишига ўта талабчан инсон деб таърифлади.

Бундан ташқари, Г.Йўлдошева бошқарган Тошкент вилояти юқумли касалликлар бош шифохонаси тиббий ходимлари билан суҳбат қилиш учун яна бир бор Чирчиқ шаҳрида бўлдик. Биз билан суҳбатда бўлган шифохона ички дорихонаси провизори Нафиса Тўраева, бош ҳамшира Зулфия Маюсупова, иккинчи бўлим катта ҳамшираси Мадина Юнусхўжаева ва статист Рая Калмуратова бемор (марҳум) Ф.Рустамов руҳий касалликлар диспансерига бош шифокор рухсатисиз олиб чиқиб кетилганини айтишди.

Мазкур тиббий ходимлар шифохона реанимациясида ўша пайтда бир кунда ўнлаб бемор ётгани, тиббий персоналнинг кучи етмай қолгани сабабли бошқа бир шифохона – Чирчиқ шаҳар шифохонасидан тиббий персонал жалб қилингани, Ф.Рустамов шифохонага ётқизилган пайтда уни айнан қўшни шифохонадан ёрдамга чақирилган ҳамшира ва шифокорлар назорат қилганини айтишди.

Катта ҳамшира Мадина Юнусхўжаева ижтимоий тармоқларда тарқалган Ф.Рустамовнинг аянчли аҳволда, яланғоч ҳолда ерда ётгани акс этган видеога муносабат билдириб, инфекцион шифохона тиббий персоналининг бу ҳолатга алоқаси йўқлигини, зеро ўша кунлари бу беморга улар қарамагани, бемор  нега бу аҳволга солингани текширилмаётгани, видеотасвир қачон, ким томонидан ва нима мақсадда олингани, ҳолат қайси ходимларнинг навбатчилигида бўлгани, ким тарқатгани текширилса, ҳақиқат юзага чиқиши мумкинлигини айтмоқда.

«Биз уни шу аҳволга солганимизда, видеога олиб ўзимизнинг айбимизни ошкор қилармидик? Буни уюштиришган деб ҳисоблайман. Биз оилаларимизни ташлаб бу ерга беморларни қийнаб, видео олиш учун келмаганмиз. Нега бош шифокорни айблашди? Ҳар бир бўлимнинг ўз жавобгар шахси бўлади, хусусан реанимация бўлимининг ҳам. Ўшанда тўрт бўлимда 152 нафар бемор ётганди, ҳаммасини бош шифокор назоратга олиб туролмайди-ку! Бош шифокор 24 соат давомида беморнинг тепасида турмаган. Г.Йўлдошева Ф.Рустамов бошқа муассасага кўчирилганидан бехабар қолган эди», дея таъкидлади катта ҳамшира М.Юнусхўжаева (ушбу ходимлар билан бўлиб ўтган суҳбат ёзуви таҳририятда бор).

Суриштирувларни давом эттирар эканмиз, кўнглимизга алланечук хаёллар келди. «Отнинг ўлими итнинг байрами» деганларидек, бутун мамлакат номаълум вирус билан олишаётган бир вақтда не-не олғирлар ўз ваколатларидан «фойдаланиб», давлатнинг мислсиз пулларини ўмарганига гувоҳмиз. Баъзиси қамалди, баъзиси – йўқ. Қанчадир инсон вирусдан вафот этди. Бироқ, бунинг учун биров шифокорнинг ёқасидан олмади.

Фақатгина муаммоларини ошкор қилишга журъати етган, раҳбарларига қарши сўз айта олган бош шифокор, не ажабки, зудлик билан қамоққа ташланди. «Унинг ҳаракатлари қайсидир «қўли узун» мансабдорга ёқмаган, бўлмаса, олти нафар вояга етмаган болаларнинг онаси бу тариқа қамоққа ташланмаган бўлар эди. Айби бўлса қамамасдан ҳам тергов қилиш мумкин эмасмиди?», деган гумон кўпчиликнинг кўнглига келди.   

Шифокор, аёл ва она
Г.Йўлдошева яшаган хонадонда бўлиб, унинг оилавий шароити билан танишдик. Эл қатори хонадон. Онам дея бўзлаётган олти жоннинг кўзлари мудом эшикка термилган – онаизорини кутишмоқда. Уч ёшли София ва эндигина иккига тўлган жажжи Ҳаётбек бундан 20 кунлар аввал онасининг меҳрисиз яшашни тасаввур ҳам қилиб кўрмаган бўлса керак. Энди эса уларнинг «аям қачон келадилар?» деган саволи киши қалбини ўртайди.

Яна бир муҳим жиҳат. Прокурор ОАВга берган интервьюсида Г.Йўлдошева терговдан яшириниб юргани учун қамоққа олинганини айтганди. Бироқ у яширинмаган, унинг ўзи ҳам Covid-19’га чалиниб, Тошкентдаги тақсимлаш марказида даволанишда бўлган. Г.Йўлдошева даволанаётган чоғида терговчи унга тинимсиз қўнғироқлар қилиб, руҳий ҳолатини изидан чиқарган. Г.Йўлдошеванинг тоқати тоқ бўлиб, тўлиқ ўзига келмасдан тақсимлаш марказидан чиққан. Чиққани ҳамон қўлга олинган. 

Kun.uz’дан сўнгсўз ўрнида
Халқ ўлароқ қандай синовли кунларга юз тутиб турганимизни барчамиз тушуниб турибмиз. Covid-19 билан зарарланганларни даволашда билим ва тажрибага эга мутахассислар қай даражада етишмаётгани ҳам маълум бўлиб қолди – бундай шифокорларнинг ҳар бири ҳозир олтинга тенг. Қолаверса, эртага вазият қандай бўлади – Яратганга аён.

Шифокор Гулжаҳон Йўлдошева ишини ўрганиш жараёнида кўз ўнгимизда юзага келган манзара, гарчи тергов ва суриштирув ишлари якунига етмаган бўлса-да, кўплаб жиҳатлари билан кўпчилик қатори бизга ҳам ғалати кўринди. Негалиги юқорида ёзилди. Kun.uz таҳририяти юртдаги таҳликали эпидемиологик вазиятда бир қанча кўнгиллилар қаторида шифокор Г.Йўлдошева «бюджетга етказган зарар» деб ҳисобланаётган суммани қоплаб беришга тайёрлигини билдиради.

Сўзимиз якунида мамлакат аёлларининг том маънодаги раҳнамосига айланиб улгурган Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул бўлган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ҳамда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовадан мазкур масалага эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.      

Бу борадаги журналистик суриштирувлар давом эттирилади.

Дилшод Абдуқодиров
Шокир Шарипов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top