Жамият | 00:37 / 04.10.2020
27744
4 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши юзасидан ташвишдалигини билдирди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Омбудсман билан ҳамкорликда қонун доирасида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда юқори суд инстанцияларига қўшма мурожаат қилишини, шу асосда Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Г. Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши юзасидан ташвишдалигини билдиради ҳамда мазкур ҳолатга адолатли ва холис ечим топилишини истайди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабарида айтилмоқда.

Маълум қилинишича, 3 октябрь куни маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маруфова ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири С.Азимовлар томонидан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 1-сонли тергов ҳибсхонасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева билан Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм (МПМ) доирасида суҳбат ташкил этилди.

“Суҳбат давомида Г. Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн. сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганлиги, ушбу иш бўйича суриштирув ўтказилиб, шифокор муаммолар ҳақида очиқ гапиргани, бундан ташқари тергов ва суддан яшириниши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Г.Йўлдошева, энг аввало, она эканлиги, 6 нафар вояга етмаган, жумладан, 2 ва 3 ёшли кичик фарзандлари борлиги, тергов ёки суддан яширинишга уринмаганлигини, шу билан бирга Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти юзасидан олиб борилаётган текширувлар ҳамда унга нисбатан юритилаётган суриштирув ва тергов жараёнларида бевосита ўзининг иштирокида холисона кўрилишини таъминлашда ўзига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартирилишида амалий ёрдам сўради.

Ўтказилган суҳбат натижалари бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Омбудсман билан ҳамкорликда қонун доирасида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда юқори суд инстанцияларига қўшма мурожаат қилишини, шу асосда Г. Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилади”, дейилади Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

Кейинроқ бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ўз муносабатини билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19 беморларини даволашга ихтисослашмагани, Г.Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтди.

8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди.

Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров у айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.

Мавзуга оид