Ўзбекистон | 12:40 / 24.11.2020
25995
2 дақиқада ўқилади

Энергия истеъмоли учун олдиндан тўлов мажбурий қилиниши мумкин

Барча электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши шартлиги ҳукумат қарори лойиҳасида белгиланган.

Фото: electric-house.ru

«Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарор лойиҳасига мувофиқ, барча электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши шарт этиб белгиланади.

Амалдаги тартибга кўра, истеъмол қилинган электр энергияси учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, электр таъминоти шартномасига мувофиқ, истеъмолчилар ҳар ойда тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Ҳукумат қарор лойиҳасида таъкидланишича, барча истеъмолчиларга (шу жумладан, маиший истеъмолчиларга) етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилади.

«Тўловни амалга оширмаган истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узиш чораси кўрилади. Алоҳида хавфли ҳамда электр энергиясининг узиб қўйилиши техноген ва аварияли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган, узлуксиз технологик жараёнга эга бўлган саноат корхоналарида қарздорлик вужудга келган тақдирда ҳақ тўланмаганлиги учун электр энергияси етказиб берилишини чеклаш белгиланган тартибда электр таъминотининг авария бронигача, тўлиқ узиб қўйиш эса — фақат суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин», — дейилади ҳукумат қарори лойиҳасида.

Айни кунларда аҳолига электр энергияси етказиб беришда кўплаб узилишлар кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳудудлардаги муаммоларни билдирмоқда. Ушбу масала Сенатда ҳам кўтарилди.

Энергетика вазирлигига кўра, электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби – ҳаво ҳароратининг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши туфайли юзага келди.

Расмий ахборотга кўра, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электростанцияси фавқулодда ҳолатда иккита агрегат ўчиши натижасида Ўзбекистон Республикаси энерготизимида 750 мВт қувват йўқотилди. Тўрақўрғон ИЭС фаолиятидаги ўзгаришнинг сабаблари ҳозирча очиқланмаган.

Мавзуга оид