Бухоро шаҳар прокурори воқеаси: зиддиятга элтган сабаблар
Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов (айни пайтда у вазифасидан вақтинча четлатилган) ижтимоий тармоқлар орқали давлат раҳбарига ва Президент Администрацияси раҳбарига мурожаат қилиб, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва прокуратуранинг бошқа ходимлари устидан шикоят қилган, айрим айбловларни илгари сурган.
«Ҳурматли бош прокуроримиз ва унинг учта ходими томонидан қилинаётган жиноятлар ҳақида айтиб бермоқчиман», — деган эди Жасур Фозилов ўз мурожаатномасида.
Бош прокуратура Ахборот хизматининг баёнотига кўра, идора томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг (исми очиқланмаган) Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилмоқда.
Аризасида у шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидан 1 кв.метрининг ҳақиқий нархи 20 млн сўм бўлган савдо дўконини унга 5 млн сўмдан сотганлигини, орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йил октябр ойида шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганлигини, рад жавобини берганлиги учун Ж.Фозилов уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганлигини билдирган.
Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабр куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган.
Ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилган Ж.Фозилов бу машмашалар 10 млрд сўм солиқни яширган тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)га асосан иш қўзғатиш билан боғлиқлигини маълум қилган.
Ж.Фозилов Солиқни тўлашдан бўйин товлаб юрган тадбиркорлар Бош прокурор Н.Йўлдошев билан таниш эканлиги, уни орқа қилиб фаолият кўрсатишганини иддао қилган.
«Mustahkam qurilish development» компанияси раҳбари З.Ж. ҳамда йирик тадбиркор А.К.га нисбатан олиб бораётган хатти-ҳаракатим ўз жойида тўхтатиб қўйилди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, ҳатто бўйнимга менга дахли йўқ ишларни илишга уринишмоқда», — деган у «Дарё» мухбирига берган интервьюсида (архив).
Ж.Фозиловнинг ўзи гувоҳлик беришича, унга нисбатан Бухоро шаҳридаги бир нечта дўконларни қўлга киритиш айблови ҳам қўйилмоқда. Жумладан, у дўконларни ўз ҳайдовчиси ва қариндошлари номига расмийлаштирганлиги гумон қилинмоқда.
«Ҳайдовчим Баҳодир Ҳамроқулов, билишимча, 2000–2001 йиллардан буён тадбиркорлик қилиб келади. Мен эса Бухорода ўз хизмат вазифамни 2014 йилда бошлаганман. Гўёки ҳайдовчимга тегишли тадбиркорлик субъекти ҳам меники экан. Ундан ҳам ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини олишибди», — деган прокурор.
Ж.Фозилов бевосита ўзига тегишли дўконлар ҳам борлигини тан олишини айтиб ўтган.
«Тўғри, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Ўктам Барноев ҳамда Бухоро вилояти собиқ ҳокими Карим Камоловнинг тавсияси билан Бухоро Марказий бозоридан бизга тадбиркорликни йўлга қўйишимиз учун бино ажратиб берилди.
Бу, албатта, қонунан мумкин эмас, шу боис ҳам ўз номимга ўтказмадим. Буни тан оламан ва тан олганман ҳам. Агар хатти-ҳаракатларимда жиноят аломатлари топилса, қонун олдида жавоб беришдан қўрқмайман. Бироқ, «юқоридаги»лар ва уларга алоқадор шахсларнинг сирлари фош этилишига, адолат қарор топишига ишонаман», — деган Жасур Фозилов.
«Вилоят раҳбари [Ўктам Барноев] қуринглар, деб, қўллаб-қувватлади. Аммо у ерда бир ўзим эмас, ака-укаларим, яқин биродарларим пул йиғиб, дўконни тикладик», — деган у.
Эслатиб ўтамиз: Бухоро шаҳридаги Марказий бозор дарвозаси олдидан бошқа тадбиркорларга халақит берадиган қилиб барпо этилаётган янги дўконлар масаласини Kun.uz ўрганган ва бухоролик мутасаддилардан тайинли жавоб ололмаган эди.
Шунингдек, Ж.Фозилов барпо этилган янги савдо мажмуасидан арзонроққа дўкон беришни талаб қилгани иддао қилинаётган собиқ «Дилкушо» бозоридаги машмашалар ҳақида ҳам Kun.uz журналистик текширув ўтказган эди.
«Аслида бу ишлар ортида ҳали қурилиши тўлиқ тугалланмаган ва фойдаланишга топширилмаган «Дилкушо» бозоридаги қонун бузилишларга сабаб бўлаётган ҳолатларни фош этишга киришганим кимларгадир ёқмагани ва қаршилар борлигини исботлаб қўйди», — деган Ж.Фозилов
Алоҳида қайд этиб ўтиш керак, Ж.Фозилов ўзининг илк мурожаатномасида бузилган бозорда фаолият кўрсатган тадбиркорларни лақиллатиб келишаётгани, уларга ваъда қилинган дўконлар аллақачон қимматроққа сотиб юборилгани, улардан асоссиз қўшимча пуллар ундирилаётгани, ҳали катта жанжал келиб чиқишини таъкидлаган.
Ж.Фозилов Бухоро шаҳридаги 52-мактабгача таълим ташкилоти биносини тиклаган фирмани ҳам унга тегишли деб тиркашаётганидан таажжубланишини айтган.
«Бинони тиклаган «Вобкент махсус қурилиш сервис» раҳбари, тадбиркор Бахтиёр Аслоновга тегишли корхона ҳам менга тегишли экан. Булар жуда ачинарли айбловлар эмасми?! Тадбиркор укаларим ҳам ўзларига шахсан тегишли субъектлар учун кун бўйи тергов эшикларида ўтиришди. Уларнинг ҳам фаолиятига менинг ҳеч қандай алоқадорлигим йўқ», — деган Ж.Фозилов.
Ўз мурожаатида Ж.Фозилов 52-боғчанинг реконструкция жараёнига ҳомийларни жалб этганини тан олган. Kun.uz мухбирининг суриштиришича, нимагадир 52-МТТ жойлашган ҳудуд прокурорга қарашли II секторда эмас, ДСИга қарашли IV сектор ҳудудида жойлашган. 2019 йил давомида реконструкция қилинган бу боғча шу йилнинг январида иш бошлаган.
МТТ мудираси Раъно Ғаниеванинг маълум қилишича, 5 млрд сўмлик смета асосида «Вобкент махсус қурилиш сервис» корхонаси томонидан қурилиш-реконструкция ишлари сифатли бажарилган. Янги ошхона биноси қурилган, қолган жойлар реконструкция қилинган. Яна 1 йил давомида жорий таъмирланиши лозим бўлган жойларда ишлар шартномада белгиланган муддатга кўра амалга оширилмоқда экан.
Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармасининг маълумотига кўра, боғчани реконструкция қилишда буюртмачи вилоят МТБ эмас, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси бўлган.
Ж.Фозиловнинг «Дарё» нашрига билдиришича, Бош прокуратура ҳузуридаги инспекция ходими М.Т. хизмат хонасида унга қарата: «Қўллаб-қувватловчиларингиз кетди, энди нима қила оласиз?!», деган. Жасур Фозилов эса мухбир қаршисида вилоятнинг собиқ ва марҳум икки раҳбарини тилга олиб, «агар улар ҳаёт бўлганида, бош прокурор Бухорога яқинлаша олмаган бўларди», деб таъкидлаган.
Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозилов ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказаётганларнинг чақирувларидан бош тортаётганини тан олар экан, чақирувга адолат қарор топиши учун адвокат, журналист ва блогерлар билан бирга боришини айтди. У айби бўлса, жавоб беришга тайёрлигини, фақат адолат бўлиши лозимлигини қайта-қайта такрорлаган.
«Ижтимоий тармоқларда менга нисбатан «дўппи тор келгани учун чиқиш қилди», деган муносабатлар ҳам билдирилмоқда. Йўқ, мен ҳозирги ҳолат бўйича текширувни фақат Президент Администрацияси ўтказишини, менга нисбатан ноҳақликлар бўлмаслигини, барчаси адолат мезонлари асосида кўриб чиқилишини истайман холос», — деган Жасур Фозилов.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
20:55 / 20.11.2024
“Эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз” – Бухорода қурилиши битмаган мактаб-интернат ўқувчилари сарсон бўляпти
18:24 / 20.11.2024
Файзулла Хўжаевнинг жияни профессор Сулаймон Иноятов вафот этди
14:38 / 20.11.2024