Ўзбекистон | 13:02 / 15.12.2020
14965
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Хитойда ишлаб чиқарилган электробуслар синовдан ўтказилмоқда

Келгусида экологик жиҳатдан безарар ёнилғи турига ўтиш мақсадида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан бир нечта давлатларнинг электробуслари пойтахтда синовдан ўтказилмоқда.

20 ноябрдан эътиборан Юнусобод 6-даҳаси ва Бешёғоч даҳасини боғловчи 51-сонли йўналишда ана шундай 2 та электробус қатнамоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Электробусларнинг ҳар иккаласи ҳам Хитойнинг 2та алоҳида компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирги кунда синов-тажриба тариқасида йўловчиларга хизмат қиляпти.

«Zhong Tong Dus» компаниясида ишлаб чиқарилган электробус 2 соат давомида қувватланади ва шу қувват билан 250 км масофа юради. 110 нафаргача йўловчи учун мўлжалланган.

«BYD» компанияси ишлаб чиқарган электробус эса 4 соат қувватланади ва шу қувват билан 200 км масофани босиб ўтади. Жами 76 нафаргача йўловчига мўлжалланган. Узунлиги – 12 метр.

Электробусларнинг иситиш ва совитиш тизимлари салон ичидаги ҳароратни автоматик назорат қилади.

Имконияти чекланган фуқаролар учун электробус кузови пастлайди ва пандуслар очилади. Салонда улар учун махсус ўринлар ажратилган.

Электробуслар асосий қувватлаш қисми ишламаган ҳолатларда қўшимча қувватлаш қисмига эга. Ҳар иккала электробусларда камералар ўрнатилган: олд, орқа, том қисми ва салон 360 градусда назорат қилинади.

Фавқулодда авариявий ҳолатлар юз берганда электробусларда огоҳлантириш тизими ишга тушади. Бундан ташқари, ён атрофдаги автотранспортлар билан оралиқ масофа сақланмаганда, йўл чизиғини босганда ҳайдовчига огоҳлантириш берилади.

Маълумот учун, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг 10 йиллик Концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон ижтимоий транспортининг камида 50 фоизи зарарли моддаларни ҳавога чиқаришни камайтириш учун муқобил ёнилғи турларига ўтиши керак.

Айни пайтда бундай электробуслар Ўзбекистоннинг иссиқ иқлимида ҳаракатланиш имкониятлари, экологик жиҳатлари, йўловчилар соғлигига таъсири ва бошқалар таҳлил қилинмоқда.

SamAuto заводи 2 йил ичида электробуслар ишлаб чиқаришни ўзлаштириши кутиляпти.

Шунингдек, кейинги 3 йил ичида Тошкентга 300та катта сиғимли шаҳар электробуслари олиб келиниши мумкин.

2019 йилда пойтахтга Беларусдан олиб келинган электробус (сариқ рангли) синовдан ўтказилган эди.

Мавзуга оид