Ўзбекистон | 10:32 / 16.12.2020
13165
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони икки баравар ошди

2020 йил бошида кўп фарзандли, кам таъминланган 500-600 минг оилага ижтимоий ёрдам бериш кўзда тутилганди. Йил якунига келиб, ушбу рақам икки баравар ошиб кетди.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров жорий йил якуни бўйича Ўзбекистон ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони икки баравар ошганини маълум қилди. Ушбу ҳолат пандемия шароитида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар сони ортиб бораётгани билан изоҳланади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Президентимизнинг бир неча бор қабул қилган фармонларига кўра, ижтимоий нафақа олувчилар сони апрел ва июн ойларида кўпайди. Бундан ташқари, пандемия қизиган пайтда ижтимоий нафақа олиш муддати якунланган оилалар учун нафақа тўлаш автоматик тарзда узайтирилди. Шунингдек, ижтимоий нафақа олиш талабларини енгиллаштирдик. Бунинг натижасида ижтимоий нафақа олувчилар сони йил охирига келиб, 1,2 миллион оилани ташкил этиши кутилмоқда», — деди вазир ўринбосари.

Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, 2021 йилда давлат бюджетида нафақа олувчи оилалар сонини сақлаб қолиш инобатга олинган.

«Эндиликда ижтимоий нафақаларни тайинлашда ижтимоий реестр жорий қилинади. Унинг асосида объектив омилларни инобатга олиб, тўлов тизими ташкил этилади», — дейди Аҳадбек Ҳайдаров.

Маълумот учун, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи ҳамда ногиронлиги бўлган болалар сентябр ойида пенсия ва нафақага қўшиб, 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ҳам олди.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова Kun.uz`га тақдим этган мақоласида пандемия даврида эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам тарқатилишини шаффофлаштириш юзасидан ўз таклифи ҳақида сўз юритганди. У моддий ёрдам кўрсатилган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассам этиб борувчи «Моддий ёрдам берилган фуқаролар» платформасини яратишни таклиф этган.

ЮНИСЕФ яқинда тақдим этган ҳисоботида Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича давлатнинг ягона стратегияси йўқлиги таъкидланган. Мамлакатда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг 10 йиллик стратегияси ишлаб чиқилиши бундан бир йил олдин айтилган эди.

ЮНИСЕФ маълумотига кўра, Ўзбекистонда энг камбағал уй хўжаликларининг 52 фоизи ижтимоий ҳимоянинг миллий тизими томонидан ҳеч қандай ёрдам билан қамраб олинмаган.

Мавзуга оид