Ўзбекистон | 17:48 / 14.01.2021
31809
2 дақиқада ўқилади

Нурафшон шаҳри ҳокими ишдан олинди

Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов ишдан олинган. Бу маълумотни Kun.uz’нинг бир неча манбаси тасдиқлади.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

1971 йил 15 июнда Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган Қаҳрамон Ҳакимов 2019 йилнинг 15 августида Нурафшон шаҳар ҳокими этиб тайинланганди. У иш фаолиятини Избоскан тумани ИИБда бошлаган. Фаолияти давомида саноат ва қурилиш соҳасида бир қатор масъул лавозимларда ишлаган. 2018–2019 йилларда «Toshuyjoy LITI» акциядорлик жамияти бош директори бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Нурафшон шаҳар маданият бўлими вакиллари ҳамда бошқа маҳаллий хонандалар шаҳар ҳокимининг туғилган кунига бағишлаб қўшиқ ижро этиб чиққан, бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Қўшиқда Қаҳрамон Ҳакимов «Элим бугун бунёдкор, иншоотлар нурвиқор, янги шаҳар қурувчи бир қаҳрамон ҳоким бор!..» дея мадҳ этилган бўлиб, унгача Ўзбекистон тарихида бирор ҳокимга атаб бу қадар ошкора қўшиқ куйланмаган эди.

Кяейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқалган роликни тайёрлашда иштирок этганлар огоҳлантирилгани, бу иш ташаббускори бўлган шаҳар маданият бўлими ахборот хизмати раҳбари Равшан Мирзақулов ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини билдирилганди.

Ҳолат бўйича изоҳ берган Қаҳрамон Ҳакимов «Дангалини айтганда, менга шу керак эдими? Мутлақо йўқ. Мен бир ижрочиман, холос. Тўғри, Нурафшонда катта ишлар бўлаётгани рост. Лекин, уларни менинг номим билан боғлашларига мутлақо қаршиман», деган эди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, халқ депутатлари Нурафшон шаҳар кенгашининг бугун бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари сессиясида Қаҳрамон Ҳакимовнинг ўрнига янги ҳоким тайинланиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра ушбу лавозимга президент томонидан қаттиқ танқидга учраб, 5 январь куни ишдан олинган собиқ уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиев тайинланиши кутилмоқда. Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳозирча ушбу маълумотни тасдиқлагани йўқ.

Мавзуга оид