Иқтисодиёт | 19:11 / 22.01.2021
8549
2 дақиқада ўқилади

Ўтган йили олтин экспортнинг катта қисмини ташкил этди

2020 йилнинг январ-декабр ойлари якунлари бўйича республика ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини олтин эгаллаган.

Фото: Lisi Niesner/Bloomberg Markets

Давлат статистика қўмитаси ахборотига кўра, ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 15,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Шундан 5 миллиард 804 миллион АҚШ долларини (38,3 фоиз) олтин ташкил қилган. Ўтган йил давомида олтин экспорт қилиш 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ошган. 2020 йил экспортида олтин инобатга олинмаса, мос равишда республика ташқи савдосидаги экспорт ҳажми 25,7 фоизга (олтинни ҳисоблаганда 13,4 фоизга) камайган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, 2019 йилда олтин экспорти 4 миллиард 918 миллион АҚШ долларини ташкил қилганди.

Қўмита ахборотида 2020 йил июл ҳамда август ойларида олтин экспортининг ошгани қайд этилган.

2020 йил август ойи бошида олтин нархи тарихда илк марта унцияси учун 2000 доллардан ошиб, рекорд даражада – 2067 долларга кўтарилганди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ўшанда Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдириб, бу МБнинг нормал функционал вазифаларидан бири эканини таъкидлаганди.

«Биз олтин-валюта захирамиз таркибини ўзгартириб туриш ваколатига эгамиз ва буни мустақил равишда ажратамиз. Агар олтин нархи жаҳон бозорида тушиб кетадиган бўлса ва биз келгусида олтин нархи ошишини кутаётган бўлсак, олтинни сотмаслигимиз ҳам мумкин», – деганди Нурмуратов.

Ўзбекистон 2020 йил август ойида рекорд даражада олтин сотгач, ушбу қимматбаҳо металлни сентябр ойида деярли экспорт қилмаган.

Олтин экспортининг кўплигига қарамай, 2020 йил бошида 29,1 миллиард долларни ташкил этган Ўзбекистон халқаро захиралари йил якунига келиб, 34,9 миллиард  долларга етгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид