Иқтисодиёт | 20:15 / 24.04.2021
13318
2 дақиқада ўқилади

Венгрия компанияси Жиззахда кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаради

Венгриянинг Kiss Group компанияси Жиззах шаҳрида йилига 200 минг тонна кунгабоқар пистасини қайта ишлашга мўлжалланган инвестицион лойиҳани амалга оширади.

BMB Trade Group ва Kiss Group (Венгрия) компаниялари ўртасида Жиззах шаҳрида кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича инвестицион шартнома имзоланди.

«Дунё» агентлиги хабарига кўра, венгриялик ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳанинг йиллик қуввати 200 минг тонна кунгабоқар пистасини қайта ишлашга мўлжалланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 90 миллион евродан ортиқни ташкил этади. Шундан 52 миллион еврога тенг қисми тўғридан тўғри хорижий инвестиция бўлиши маълум қилинган.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг ўсимлик ёғига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этади. Ёғ-мой корхоналари эса йилига 259 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқармоқда. Яъни талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 55 фоизга таъминланмоқда, ички бозор эҳтиёжининг 45 фоизи импорт ҳисобига қопланмоқда.

Охирги пайтларда дунё миқёсида ўсимлик ёғи нархлари ошиши кузатилмоқда. Бу Ўзбекистон ички бозорига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Шу сабаб, республикага 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб киришга қўшилган қиймат солиғи бекор қилинмоқда.

Аввалроқ, Kun.uz йилнинг 1-чорагида кунгабоқар ёғи, апрел ойида эса пахта ёғининг нархи кескин ошиб кетгани борасида таҳлилий мақолалар эълон қилганди.

Шунингдек, иқтисодчи Отабек Бакиров ўсимлик ёғи нархи ошиб кетмаслиги учун тезкор чоралар кўришга чақирган эди.

Мавзуга оид