23:12 / 19.07.2021
13234

Бухоро ва Наманганда Telegram орқали фирибгарлик қилган талабалар қўлга олинди

Икки талаба ўзгаларнинг пластик карточкасидан 4 миллион сўмдан кўпроқ пулни ечиб олган. Улар ўз “қурбонлари”ни гўёки уларга пул ютуғи чиққанини айтиб лақиллатган. Эслатиб ўтамиз, телефон рақамга келган махфий кодни бегона шахсларга мутлақо айтмаслик керак.

Фото: Коммерсантъ

Номаълум шахс Қоракўл туманида яшовчи қизнинг Telegram’даги аккаунтига ёзиб, унга пул ютуғи чиққани ва ютуқни олиш учун пластик карта рақамини юбориши кераклигини айтган.

Қизнинг номига расмийлаштирилган ва унинг телефонига уланган пластик карта махфий коди ва рақамларини қўлга киритгач, фирибгар пластик карта ҳисобида бўлган 2 млн 551 минг сўмни ечиб олган.

Қизнинг отаси М.Ю. мазкур ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилгач, туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

“Вилоят ИИБ ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Навоий вилояти, Навоий шаҳар Меъморлар кўчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган, Бухоро муҳандислик технология институтининг 3-босқич талабаси Х.Ҳ. содир қилгани аниқланди”, – дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарида.

Наманган вилоятининг Поп туманида содир этилган кибержиноят ҳам Telegram орқали амалга оширилган.

14 июнь куни номаълум шахс Поп туманида яшовчи, 1990 й.т. фуқарога Telegram орқали ёзиб, унга гўёки “Омадли акцияси” доирасида 500 минг сўм пул ютиб олгани ҳақида хабар юборган. Ушбу пулни пластик карточкага ўтказиб беришини айтиб, фуқародан пластик картасининг махфий рақамини ёзиб юборишини сўраган. Керакли маълумотларни қўлга киритгач, картадаги 1 млн 570 минг сўмни ечиб олган.

Наманган вилояти ИИБнинг маълум қилишича, тезкор-техник, суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи, Фарғона давлат университетининг 4-босқич талабаси содир этгани аниқланган.

Қонунбузар жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Боёвут туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан судланиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилингани, 2021 йил 1 февраль куни Фарғона вилояти Риштон тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобига олингани маълум бўлди. 1999 йилда туғилган йигит шу йилнинг апрель ойида Telegram’да “Агробанк инфо” каналини ташкил этган ва жиноий ҳаракатларини ушбу каналнинг боти орқали амалга оширган.

Ҳозирги кунда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, ушбу шахсларнинг бошқа ҳудудларда содир этилган ва фош этилмасдан қолаётган худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлик масаласи ҳам текширилмоқда.

Top