Иқтисодиёт | 21:28 / 03.08.2021
24535
3 дақиқада ўқилади

Бир йил ичида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қанчалик қимматлашди?

Ўтган йилнинг июль ойи билан таққосланганда, суякли мол гўшти 17,4 фоизга, кунгабоқар ёғи 60,5 фоизга, пахта ёғи эса 61,2 фоизга, шакар нархи 33,1 фоизга қимматлашган.

Ўтган бир йил давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига инфляция қай даражада таъсир кўрсатди? Kun.uz Статистика қўмитаси тақдим қилган маълумотлар асосида нархлар ўзгаришини таҳлил қилиб чиқди.

Суякли мол гўшти

Маълум бўлишича, суякли мол гўшти 2020 йилнинг июль ойига нисбатан 17,4 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 5 фоизга қимматлашган.

2021 йил 28 июль ҳолатига кўра, суякли мол гўштининг 1 килограмми нархи республиканинг марказий бозорларида 45 000 – 68 000 сўм оралиғида экани қайд қилинган.

Қўй гўшти

2020 йилнинг июль ойига нисбатан 17,6 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 4 фоизга қимматлашган. Статқўм маълумотлари бўйича, бозорларда қўй гўшти 52 000 – 80 000 сўм оралиғида сотилмоқда.

Кунгабоқар ва пахта ёғи

2020 йилнинг июль ойига нисбатан кунгабоқар ёғи 60,5 фоизга, пахта ёғи нархи эса 61,2 фоизга ошган. Декабрь ойига нисбатан эса кунгабоқар ёғи 30,7 фоизга, пахта ёғи 27,2 фоизга қимматлашган.

Шакар

Шакар нархи ўтган йилнинг июль ойига нисбатан олинганда 33,1 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 15,1 фоизга қимматлашди.

Жорий йилнинг 28 июль ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 кг шакар 7 500 – 9 000 сўм оралиғида сотилмоқда.

Гуруч ва буғдой уни

Йиллик нисбатда гуруч нархи 5,4 фоизга, буғдой уни эса 4,7 фоизга ошган. Декабрь ойидан бери эса гуруч нархи 6,5 фоизга, буғдой уни 1,4 фоизга қимматлашган.

Тухум ва сут

Ўтган йилнинг июль ойидан бери тухум 11,4 фоизга, сут нархи эса 14,3 фоизга кўтарилган. Бу кўрсаткични 2020 йилнинг декабрь ойи билан солиштирсак, тухум нархи 25,9 фоизга, сут нархи эса 4,8 фоизга ошганини кўришимиз мумкин.

Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойидаги кўрсаткичга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция даражаси 15,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Умумий истеъмол секторидаги инфляция даражаси эса расман 11,1 фоиз. 2021 йил якунида йиллик инфляция даражаси бир хонали рақамга тушиши прогноз қилинган.

Мавзуга оид