Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президентнинг Россияга ташрифи муддати ҳали маълум эмас – Шерзод Асадов
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтадаги тадбирлари ва жорий ҳафтадаги режалари бўйича маълумот берди. Унинг маълум қилишича, давлат раҳбарининг Россияга ташрифи санаси ҳозирча маълум эмас.
«Президентимизнинг Россия федерациясига ташрифи қолдирилмаган. Фақат эпидемиологик вазият туфайли муддати аниқ бўлмай турибди. Шунга қарамай бу борада ишлар давом этмоқда. Хусусан, ҳукумат аъзолари ташриф бўйича мулоқотни мантазам равишда олиб бормоқдалар.
Жорий йил 22 июнь куни бош вазиримиз Абдулла Арипов ва Россия бош вазири Михаил Мишустин ўртасида ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, Россия томонидан Рустам Минниханов, Михаил Мурашко, Олег Белозёров Ўзбекистонда бўлиб қайтишди.
Бевосита давлат раҳбарларининг учрашувларининг аниқ саналари бўйича қўшимча маълумот берамиз», деди Шерзод Асадов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Россияга давлат ташрифи билан бориши ҳақида илк бор 2020 йилнинг декабрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинганди.
2021 йилнинг февралида Абдулла Ариповнинг Михаил Мишустин билан учрашувидан кейин Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи шу йил баҳорда бўлиб ўтиши ҳақида хабар тарқалган, аммо Ўзбекистон томони бу хабарни тезда рад этганди.
2021 йил апрелида Шерзод Асадов президентнинг Россия ва Жанубий Корея ташрифига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабар қилганди.
Мавзуга оид
16:52 / 10.06.2026
Шерзод Асадов Москвада Сергей Кириенко ва Дмитрий Песков билан учрашди
19:14 / 21.12.2025
Мирзиёевнинг Японияга ташрифи давомида 12 млрд доллардан ортиқ қийматдаги келишувларга эришилди
22:02 / 20.11.2025
Шерзод Асадов Euronews директорлар кенгаши раиси билан учрашди
19:35 / 20.09.2025