Ўзбекистон | 14:37 / 07.09.2021
27403
4 дақиқада ўқилади

На ётоқхона бор, на ижарага уй — талабалар ва ота-оналар муаммоси

Талабалар турар жойларида жойлар чекланган. Ижара уй қидирган студентлар кескин рад жавобини олмоқда.

6 сентябрдан ОТМларда янги ўқув йили анъанавий шаклда бошланди. Табиийки, асосий ОТМлар жойлашган Тошкент талабалар билан гавжумлашди. Айни вақтда уларни энг қийнаётган муаммо – турар жой.

Шу куни Kun.uz муаммони ёритиш мақсадида талабалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди.

“Кўчада қолишимизга ҳам тўғри келиши мумкин”

“Неварам билан Навоий вилояти, Кармана туманидан келдик. Неварам Тошкент давлат техника университетига давлат гранти асосида ўқишга кирди. 5 сентябрь куни кечаси йўлга чиқдик. Бугун, 6 сентябрда эрталаб соат 6:00 да шу ер (талабалар шаҳарчаси)га етиб келдик.

Ётоқхона учун керакли барча ҳужжатларни тайёрлаб топширдик. Декан ҳеч нарса демай ҳужжатларни олиб қолди. Ётоқхона берилиш ёки берилмаслигига ҳеч қандай изоҳ бермади.

Ижара уй ҳақида эълонни кўриб қолдик. Қўнғироқ қилсак, бир кишига 600 минг сўм деди. Бунақа пулни тўлашга қурбимиз етмайди. Мен пенсионерман, неварамнинг ота-онаси ҳеч қаерда ишламайди. Мана, бугун ётоқхонадан жой берилмаса, кўчада қолишимизга тўғри келади”, – дейди Талабалар шаҳарчасида биз суҳбатлашган онахонлардан бири.

“ОТМ талабаларни ётоқхона билан тўлиқ қамраб ололмас экан, ижарачилар билан келишиши керак”

Талабалардан бири масала бўйича ўз таклифларини берди:

“ОТМ талабаларни ётоқхона билан тўлиқ қамраб ололмас экан, атрофдаги яқинроқ ижарачилар билан келишиб шартнома тузса, ижара шартномалари анча енгиллаштирилса, бу муаммога ечим бўларди. Ҳозир талабаман, деб уй қидириб борсангиз, кескин рад жавоби берилади. 

Олдинлари ётоқхона биринчи навбатда узоқ вилоятдан келганларга бериларди. Ҳозир “темир дафтар”дагилар дастлабки ўринда турибди. ОТМ маъмурияти “темир дафтар”дагиларга ётоқхона берилгани ҳақида ҳам маълумот беришмаяпти. Бор жойни сўраганларга бермай ушлаб туришибди.

Аввал “темир дафтар”дагиларга ётоқхона берилган тақдирда ҳам, ётоқхона катта: бошқаларга ҳам жой етади. Шунда ҳам ҳаммага рад жавоби айтиляпти. Талабалар қаердадир туриши керак: бошқа жой қидириб сарсон бўлиб юришибди”.

“Ётоқхонада туриш учун ПЗР-тест натижаси талаб қилишяпти”

Навоий вилоятидан келган яна бир онахон ётоқхона учун ариза, паспорт нусхасидан ташқари талабанинг ПЗР-тест натижаси ҳам талаб қилинаётганини айтади.

“Кўпчилик ота-оналар норози. ПЗР-тест натижаси 48 соатгача амал қилади. Ётоқхонани 7-10 кун ичида беришлари мумкинлигини айтишди. ПЗР-тест муддати ўтиб кетади-ку. Биз пулимизга “куйиб” қоламизми?

Хусусий клиникаларга бориб, тест топширишимизни айтишяпти. У ерда бир марталик тест топшириш нархи 200 минг сўм. Бу пулни тўлашга қурбимиз етмайди”, – дейди у.

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид