Жамият | 10:58 / 26.09.2021
2985
2 дақиқада ўқилади

Ургутдаги савдо марказида ёнғин содир бўлди

Ургут шаҳрида жойлашган савдо марказларидан бирида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 25 сентябрь куни соат 19:24ларда вилоят ФВБга Ургут тумани «Юқори калангар» МФЙда жойлашган «Ургут Файз савдо» МЧЖга қарашли икки қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Шундан сўнг воқеа жойига Ургут ФВБга қарашли 3та ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан етиб борган ва ёнғин соат 20:38да батамом ўчирилган.

Ёнғин оқибатида савдо маркази биноси биринчи қаватининг 98 метр квадрат майдони шифт қисми ва савдо маҳсулотлари ёниб кетган. Ёнғин ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида бинонинг 420 метр квадрат майдони ва ундаги савдо маҳсулотлари ёнғиндан сақлаб қолинган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, мазкур ёнғин электрдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши ортидан содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 23 май куни тунда Ургут шаҳрида жойлашган деҳқон бозорига туташ 5та савдо дўкони, шунингдек, 31 август куни тунда Булунғур туманида жойлашган буюм бозорида 20 та савдо дўкони ёниб кетганди. Бундан ташқари, жорий йил 13 июнь куни тунда Иштихон туманида жойлашган деҳқон бозорида озиқ-овқат растасида ёнғин содир бўлганди.

Мавзуга оид